1650 асардан иборат реестр, электрон харита ва 11 та фильм — буюк муҳаддис мероси қайта кашф этилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий йўналишдаги махсус лойиҳаларга бағишланган ишчи йиғилиш бўлиб ўтди. Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Мақсудов бошчилигида ўтган йиғилишда  марказ ходимлари, лойиҳа раҳбарлари ҳамда тегишли масъуллар иштирок этди.

 

Муҳокама жараёнида Имом Бухорий инновацион музейида намойиш этиладиган 26 та лойиҳа ҳолати таҳлил қилинди. Улардан 21 таси бугунги кунда якунланган бўлиб, дастлабки тадқиқотлар, маълумотлар базалари тақдим этилган. Лойиҳалар бўйича айрим камчиликлар муҳокама қилинди ва тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, Имом Бухорий ҳаёти ва илмий меросига оид 11 та фильм, “Буюк феномен” лойиҳасида алломанинг тўлиқ умрини акс эттирувчи ролик, Имом Бухорий мажмуаси ҳақида фильм ишланиш жараёнлари ҳақида маълумот берилди. 

 

Имом Бухорий илмий сафарлари электрон харитаси картографлар билан бирга ишланаётгани ва Имом Бухорий асарларининг дунё фондларида сақланаётган реестри тузилиши ва ундан 1650 та асар ўрин олиши кутилмоқда.

 

— Биз бугунги муҳокамада илмий-маърифий 25 та муҳим лойиҳанинг ҳолатини кўриб чиқдик. Уларнинг асосий қисми Имом Бухорий мажмуаси очилиши муносабати билан тайёрланаётган материаллардир. Бу ишларнинг кўп қисми якунланган, айримлари эса техник босқичда — нашр, монтаж, макет тайёрлаш, этикеткаларни бир неча тилда тайёрлаш каби жараёнлар давом этяпти. Хусусан, Ислом цивилизацияси маркази раҳбарининг хорижий мамлакатлардаги тажрибаларидан келиб чиқиб, экспонатлар ёки маълумотномаларни нафақат инглиз ва араб, балки Индонезия ва Малайзия каби давлатлар тилларида ҳам тақдим этиш режалаштирилмоқда. Бу марказимизнинг халқаро миқёсдаги илмий-экспозицион фаолиятини кучайтиради, — деди Марказ нашрлар бўлими бошлиғи Шоазим Миноваров.

 

Шунингдек, Туркия фондларида сақланаётган 650 та қўлёзмалар тўпламини тузиш, Имом Доримий илмий мероси медиалойиҳаси ҳамда 70 га яқин асарларнинг илмий изоҳий академик таржималари устида олиб борилаётган ишлар ва қай босқичда эканлиги айтиб ўтилди.

 

— Бугунги муҳокамада нафақат лойиҳаларнинг таҳлили, балки уларнинг тақдими, визуал ифодаси, жамоатчилик учун қанчалик тушунарли ва таъсирчан бўлиши кераклиги ҳақида ҳам гап борди. Ҳар бир тадқиқот матни фақат қоғозда қолиб кетмаслиги, балки у видеороликлар, ҳужжатли фильмлар, хариталар ва мультимедиа воситалари орқали кенг аудиторияга етказилиши зарур, — деди Марказ катта илмий ходими Абдушукур Муродов.

 

Тадбир сўнгида лойиҳаларнинг амалга ошириш жараёнида сифатни ошириш, уларни замонавий форматларда тақдим этиш ҳамда муҳаддислик мактаблари хариталари, нодир қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини яратиш каби масалалар юзасидан ҳам фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Муҳокама сўнгида Имом Бухорий номи бн аталадиган муассасаларни рўйхатини тузиш ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.