Ўзбекистоннинг олтин ёдгорлиги


   
    Самарқанд — номини эшитсак, кўз ўнгимизда қадимий тарих, муаззам меъморий обидалар ва минг йиллик илм-фан анъаналари гавдаланади. Бу шаҳар ҳақида дунёнинг энг машҳур саёҳатчилари, тарихчилари ва ёзувчилари асарлар битган. Айниқса, шаҳарнинг марказида жойлашган Регистон майдони — Самарқанднинг юраги, Марказий Осиёнинг фахри, жаҳон маданиятининг бебаҳо меросидир.


    Регистон — бу шунчаки тарихий бино ёки майдон эмас. Бу — минглаб одамларнинг ҳаёти, меҳнати, орзуси ва ишончи жам бўлган муқаддас маскан. Бу ерда бир пайтлар энг билимдон уламолар дарс берган, талабалар йиллаб таҳсил олган, савдогарлар карвон тортган, шоирлар илҳом топган, оддий халқ эса дуога қўл очган.


    Ушбу майдон — минг йиллик тарихни ўзида сақлаган ўчмас китоб каби. Ундаги ҳар бир кошин, ҳар бир нақш, ҳар бир гумбаз — ўтмишдаги меъморларнинг санъатга бўлган меҳрини, ўз ишига ёндашувини кўрсатади. Регистон меъморчилиги, безак санъати ва қурилишдаги аниқлик даражаси билан бугунги кунда ҳам дунё мутахассисларини ҳайратда қолдирмоқда.


    Яна бир жиҳат бор: Регистон майдони нафақат тарихий ёдгорлик, балки халқимизнинг руҳий-маънавий бойлигини, илм-фанга бўлган қадимий интилишларини, эстетик дидини акс эттиради. Бу ерда туриб, ўтмишни кўриш, ўз илдизингни ҳис қилиш, ғурур билан “менинг аждодларим мана шундай буюк обидаларни яратган” дейиш мумкин.


    Бугун биз Регистонни қадрлаймиз, асраймиз, уни дунёга кўрсатмоқдамиз. Чунки у — бизнинг тарихимиз, маданиятимиз, ўзлигимиз. Ва бу тарих қандай яратилганини, у қандай босқичлардан ўтганини тушуниш — ҳар бир ўзбек учун зарур.


Улуғбек мадрасаси — Регистоннинг илк юлдузи

 

    Регистон майдонидаги энг қадимги иншоот — бу Улуғбек мадрасаси. Уни Мирзо Улуғбек 1417–1420-йилларда бунёд эттирган. Улуғбек — Амир Темурнинг набираси, буюк астроном ва давлат арбоби бўлган. У фақат ҳукмдор эмас, балки ўз замонасининг олими сифатида тарихда қолган. Унинг орзуси — Самарқандни фақат сиёсий марказ эмас, балки илм-фан, айниқса, математика ва астрономия марказига айлантириш эди.


    Улуғбек мадрасаси шу ният билан қурилган. Бу жойда энг машҳур олимлар, масалан, Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Коший каби алломалар дарс берган. Айнан шу мадраса ўз даврининг “университети” бўлган десак, асло муболаға бўлмайди. Унда нафақат диний илмлар, балки замонавий фанлар — геометрия, фалакиёт, мантиқ, фалсафа ҳам ўргатилган.


    Меъморчилик нуқтаи назаридан қараганда, мадраса катта пештоқ, икки қаватли ҳужралар, ички ҳовли ва масжиддан иборат. Узоқ йиллардан бери турибди, лекин ҳанузгача ўз жозибасини йўқотмаган. Пештоқдаги кошин нақшларида математик формулалар, юлдузлар тизими ва араб ёзуви билан ёзилган оятлар мавжуд. Бу безаклар — санъат билан илм-фан уйғунлигининг ёрқин намунаси.


Шердор мадрасаси — санъат ва рамзлар уйғунлиги

 

    Орадан икки асрдан кўпроқ вақт ўтгач, XVII асрда Бухоро хонлигининг машҳур амалдори Ялангтуш Баҳодир Регистон майдонига ҳаёт қайтаришга қарор қилади. Унинг буюртмаси билан Шердор мадрасаси 1619–1636 йиллар оралиғида қурилади.
Бу мадраса Улуғбек мадрасасининг рўпарасида, унга симметрик тарзда қурилган. Асосий безак элементлари — пештоқда тасвирланган иккита шер ва қуёш образи. Бу тасвирлар ислом санъатида жуда кам қўлланилади, чунки ҳайвон тасвирлари диний меъморчиликда одатда ман этилган. Аммо бу ерда улар рамзий маънога эга: шер — куч ва жасорат, қуёш — нур ва ҳаёт, инсонга ўхшаш фигура — илм изловчи деган фикрларни ифодалайди.


    Мадрасанинг ички тузилиши ҳам анча мураккаб: катта ҳовли, дарсхоналар, ҳужралар ва масжид мавжуд. Шердор мадрасаси — фақат ўқув юрти эмас, балки санъат мактаби ҳам бўлган. Ундаги нақшлар, кошинкорлик, безаклар ўз даврининг энг илғор техникаси билан ишланган.

 

Тиллакори мадрасаси 

 

    Ялангтуш Баҳодир ўз ниятини тўхтатмайди. У Регистонни учинчи мадраса билан тўлдиришга қарор қилади. Натижада, 1646–1660-йилларда Тиллакори мадрасаси қурилади. Бу мадраса фақат дарс бериладиган жой эмас, балки жоме масжид сифатида ҳам фойдаланилган.


  Тиллакори номи — “тилла билан қопланган” деган маънони англатади. Бу ном тасодифий эмас. Мадрасанинг асосий масжиди ичкарисидан ҳақиқий тиллалар билан безатилган. Гумбаз остидаги нақшлар ва деворлардаги ёзувлар олтин суви билан қопланган, бу эса унга алоҳида файз бағишлайди.


    Бу мадраса ҳам ички ҳовли, ўқув хоналаридан иборат. Айниқса, масжид қисми Қуръон ўқиш ва диний маросимлар учун муҳим марказ бўлган. Тиллакори мадрасасининг меъморчилик қиммати шундаки, у диний ва маърифий мақсадларни бирлаштирган ягона бино ҳисобланади.

 

Регистон мажмуасининг меъморий уйғунлиги

 

    Регистон майдони — фақат учта алоҳида иншоот эмас. Улар бирга бўлиб муаззам, симметрик ва ғоявий уйғунлик ҳосил қилади. Ҳар бир мадраса ўз даврининг тимсоли:


    - Улуғбек мадрасаси — илм-фан ва тафаккур,


    - Шердор мадрасаси — жасорат ва фалсафа,


    - Тиллакори мадрасаси — маънавият ва гўзаллик.


    Ҳар бир бинода марказий пештоқ, кошинкорлик, гумбаз, нафис гириҳ нақшлар, араб ёзуви билан безаклар мавжуд. Бу элементлар орасида оҳангдорлик, мувозанат ва эстетик уйғунлик мавжуд. Қурилиш техникаси ўз даврининг энг илғор ёндашувлари билан олиб борилган: ганчкорлик, кошинкорлик, мармар ўймакорлиги, гумбазли ёритиш тизимлари — буларнинг барчаси ўзига хос мактабни ташкил этади.

 

Регистоннинг бугунги аҳамияти

 

    Регистон майдони бугунги кунда фақат тарихий обида эмас, балки тирик маданият маркази ҳисобланади. 2001-йилда у ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилди. Ҳар йили минглаб сайёҳлар бу ерга ташриф буюриб, Регистон орқали Ўзбекистон тарихига, Шарқ цивилизациясига назар ташлайди.


    Сўнгги йилларда Регистонда халқаро анжуманлар, фестиваллар, концертлар ўтказилмоқда. Жумладан, “ШҲТ саммити” (2022), “Шарқ тароналари” фестивали каби тадбирлар айнан шу майдонда ўтказилгани унинг халқаро обрўсини яна-да оширди.


    Регистон — бу ўтмишни эслатадиган музей эмас, у ҳозир ҳам яшаётган, ҳар куни биз билан гаплашадиган, бизни ўзлигимизни унутмасликка чорлайдиган макон. Унинг ҳар бир тоши, ҳар бир гумбази, ҳар бир ҳарфига ҳаёт сингган. Уни тушуниш — ўз тарихингни, миллийлигингни, маънавийлигингни англаш демакдир.


    Шу маънода, Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Регистон майдони макетини яратиш режаси унинг тарихий ва маънавий қимматини янада яқинроқ ҳис этишга имкон беради. Макет орқали ташриф буюрувчилар нафақат бу бетакрор меъморий ансамблнинг ташқи кўриниши, балки унинг ортидаги тарих, ғоя ва қадриятлар билан ҳам танишиш имконига эга бўлади. Ушбу ташаббус экспозицияни янада мазмунли қилиб, ташриф буюрувчиларда миллий меросга бўлган қизиқиш ва фахр туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.


 

Ҳусан Турсунов

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.