Тасвир орқали тарихга саёҳат



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ҳар бир экспозицияни видеомаҳсулотлар билан бойитиш режалаштирилган. Бу орқали марказга ташриф буюрувчилар қадимий тарих, улуғ шахслар ва буюк кашфиётларни нафақат ўқиб, балки кўриб, ҳис қилиши мумкин бўлади. Мақсад — тарихни фақатгина сўзлар ва деталлар орқали эмас, тасвирлар орқали “жонлантириш” ва шу орқали ислом тамаддунининг узвийлиги, таъсири ва жозибасини янада чуқурроқ намоён этишдир.

 

    Жумладан, Иккинчи Ренессанс даврига оид экспозиция учун 99 та видеолавҳа тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, улар катта ва кичик LED мониторлар, бино деворлари, ҳатто том қисмларида ҳам намойиш этилиши назарда тутилган. Бу лойиҳага ноёб кўриниш ва ўзгача руҳ бахш этади. Ҳар бир видеoтасвирда муайян давр, унинг юксак шахслари ва илм-фан ютуқлари ўз ифодасини топади.



 

    “ART CRAFT” студияси директори Ҳасан Салихов ушбу жараённи тарихий масъулият деб баҳолар экан, юртимизнинг милоддан аввалги даврлардан бошлаб инсоният тамаддунига қўшган ҳиссасини визуал шаклда кўрсатиш имконини юксак шараф сифатида қабул қилмоқда.

 

    “Видеоконтентлар яратишда замонавий талаблар, жумладан, сунъий интеллект, график дизайн, рақамли эффектлар ҳам фаол қўлланилмоқда. Энг асосий мақсад — марказга ташриф буюрган ҳар бир одамни руҳан тарих ичига киритиш, унинг қалбида ўз тарихига нисбатан ифтихор уйғотиш” - дейди Ҳ.Салихов.


    Бу саъй-ҳаракатлар орқали Ислом цивилизацияси маркази нафақат экспонатлар кўргазмаси, балки тарихий интерактив марказга айланади.