Ўзбекистон илк бор цивилизациялар ва кашфиётларни рақамли хариталарда намоён этади



 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида яратилаётган “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” лойиҳаси бугунги кунда марказнинг энг муҳим илмий аҳамиятга эга экспозицион йўналишларидан бири.

 

    Ушбу девор узунлиги тахминан 260 метр бўлиб, 8 метр баландликка эга. Буюк тарихий-маданий жараёнларни замонавий музей технологиялари асосида намоён этиш мақсадида мазкур девор икки асосий қисмга бўлинган:

 

      юқори қисм  – тасвирий санъат ва боғланма сюжетлар асосидаги барельефлардан иборат; 

 

    пастки қисмда хронологик маълумотлар, илмий кашфиётлар ва маданий ютуқларни қамраб олган маълумотлар бўлади.

 

    Марказ илмий ходимлари ва Тошкент картография фабрикаси вакиллари билан бўлган учрашувда қайд этилишича, ушбу деворнинг маълумотлар қисмида кенг қамровли электрон хариталар тизимини жорий этиш режалаштирилган. Бу хариталар нафақат цивилизациялар тарихини, балки турли даврлардаги илмий-маърифий кашфиётларнинг амалга оширилган ҳудудлари, сиёсий ва географик шарт-шароитларини кўрсатиш имконини беради. 

 

    Хусусан, Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон - Учинчи Ренессанс пойдевори бўлими контекстидаги маълумотлар махсус тайёрланади.

 

    Тошкент картография фабрикаси вакиллари Бахтиёр Юлдашев, Анна Тихонина ҳамда Марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров, марказ катта илмий ходими Равшан Худайберганов этган муҳокамалар якунида Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан мамлакатдаги етакчи картографик муассасалар, хусусан, Тошкент картография фабрикаси ва ОТМлар, тадқиқот марказлари мутахассислари иштирокида махсус ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ушбу гуруҳнинг асосий вазифаси – экспозицияда намоён этиладиган тарихий хариталарни аниқ илмий манбалар асосида қайта тиклаш, уларни замонавий технологиялар воситасида электрон форматга мослаштириш ва интерактив усулда намойиш этишдан иборат.




– Ишчи гуруҳ мутахассислари томонидан тарихий хариталарни танлаш ва таҳрирлаш ишлари бошланган. Масалан, Хоразмдаги Маъмун академияси каби тарихий масканлар, улар фаолият кўрсатган давр, геосиёсий шароит ва бу жараёнларнинг умумжаҳон цивилизациясидаги ўрни каби маълумотлар хариталар орқали жонли ва назарий асосланган тарзда тақдим этилади. Шунингдек, бу хариталар мониторлар орқали интерактив шаклда тақдим этилиши режалаштирилмоқда. Ташриф буюрувчилар сенсорли экранлар ёрдамида уларни тадқиқ қилиши, маълумотларни катталаштириб кўриши ва тарихий воқеалар географиясини аниқ тасаввур қилиши мумкин бўлади, –  дейди марказ бош илмий ходими Зоҳидулла Мунавваров.


    Йиғилишда таъкидланганидек, хариталар қўлёзмалар, географик рисолалар ва тарихий асарларга таянган ҳолда тайёрланади. Айни пайтда биринчи босқичда 30-40 та устувор мавзудаги хариталар концепцияси шакллантирилмоқда.

 

    Эътиборли жиҳати, бу лойиҳа ўз мазмун-моҳиятига кўра, тарихий билимларни жамоатчиликка замонавий ва таъсирчан шаклда етказиш, музей педагогикасига инновацион ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, хариташунослик соҳасида янги тадқиқотлар учун замин яратишга қаратилган.

 

    Шундан келиб чиқиб, Ислом цивилизацияси маркази ушбу фаолияти билан миллий, илмий-маърифий меросни халқаро миқёсда намоён этишга қаратилган муҳим илмий-амалий марказга айланмоқда.
 

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати