Қадимий қўлёзма Бодлеандан марказ экспозицияси томон йўл олди
Сўфий муҳаббат ва руҳий камолот мавзусини ўзида мужассам этган Ҳусайн Гозургоҳийнинг “Мажолис ул-ушшоқ” асари — илоҳий ишқнинг адабий тимсоли сифатида, Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин эгаллаши кутилмоқда. XV асрнинг маънавий-маърифий ҳаёти, Бухоро ва Ҳиротдаги тасаввуфий муҳит ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу асар, Шарқ ирфони ва маънавиятининг юксак намунаси сифатида бугунги кунда ҳам юксак баҳоланади.
Ҳусайн Гозургоҳийнинг “Мажолис ул-ушшоқ” асари адабиётда суфийлик, руҳий муҳаббат ва ишқий ирфон мавзусини баён этувчи ноёб асардир. XV аср охирида, Темурийлар сулоласининг сўнгги босқичида яратилган бу асар Хуросондаги Ҳирот адабий муҳитининг юксак мароми, унинг тасаввуфий ва ишқий тафаккури билан боғлиқ.
Асар 1502–1503 йилларда ёзилган бўлиб, унда 70 дан ортиқ машҳур суфий, шоир ва ҳукмдорларнинг саргузаштлари баён қилинади. Муаллиф ушбу шахсларнинг руҳий дунёси, қалб кечинмалари, илоҳий муҳаббатга интилиши орқали қалб поклиги ва суфий ҷарашлар ҳақида фикр юритади. Унда Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Фахриддин Ироқий каби буюк зотларнинг ирфоний муҳаббати шоирона тарзда тасвирланган.
Асар тарихий ва адабий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан, унинг энг машҳур ва ноёб қўлёзма нусхаларидан бири 1552 йилда Бухорода кўчирилган бўлиб, бугунги кунда Буюк Британиядаги Оксфорд университети ҳузуридаги Бодлеан кутубхонасида сақланмоқда (MS. Ouseley Add. 24). Мазкур нусха нафақат асарнинг қадимийлигини, балки унинг Бухоро илмий муҳитида қанчалик эъзозланганини ҳам кўрсатади. Илмий жамоатчилик ушбу қўлёзмани Марказий Осиёдаги тасаввуфий мероснинг ёрқин намунаси, суфийлик адабиётининг эстетик ва руҳий қимматига доир муҳим манба сифатида баҳолайди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг "Ўзбекистоннинг 100 қадимий қўлёзмаси" медиалойиҳасидан ушбу қўлёзма ҳам жой олган.
Гозургоҳий асарида дунёвий муҳаббат илоҳий муҳаббатга етакловчи восита сифатида талқин қилинади. “Мажолис ул-ушшоқ” нусхалари ўз даврида ва ундан кейинги асрларда ҳам кенг тарқалган, турли мамлакатларда иллюстрацияланган нусхалари билан адабий ва санъатий маданиятга ҳисса қўшган.
Асардаги шеърий иқтибослар — Ироқий, Ғаззолий, Навоий ва Жомий каби шоирлар шеърлари билан бойитилган — уни нафақат биографик ёднома, балки юксак сўфий поэтик матнга айлантиради. Бу ҳам асарнинг доимий қизиқишга сазовор бўлишига сабабчи бўлмоқда.
Ҳозирда Бодлеан кутубхонасида сақланаётган қўлёзма “Мажолис ул-ушшоқ” асарининг тарихий ҳаёти, унинг Ўрта аср Бухоросида қандай қадрланганини англашда муҳим аҳамият касб этади. Бу нусха орқали нафақат асар матни, балки ўша даврдаги сарой муҳити, руҳий анъаналар ва ишқий маданият ҳам юксак санъат орқали бизнинг кунларгача етиб келган. У Шарқ тасаввуф мероси ва сўфий адабиётини ўрганишда ўта муҳим ва ноёб манбалардан бири ҳисобланади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди