Қувайтлик коллекционер Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро кўргазмада иштирок этади

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вакиллари Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчихонаси масъуллари билан ҳамкорликда Қувайтлик таниқли коллекционер доктор Маҳмуд ан-Нурининг хонадонига ташриф буюрдилар.

 

Учрашув давомида Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази, унинг асосий мақсад ва вазифалари, шунингдек, Марказ очилиши доирасида ўтказилиши режалаштирилган халқаро глобал кўргазма ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Марказ фаолиятига оид махсус видеоролик ҳам намойиш этилди. Учрашув давомида доктор Маҳмуд ан-Нури Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуасининг расмий очилиш маросимига таклиф этилди.

 

Коллекционер юртимизда ислом маданияти ва маънавий меросни асраб-авайлаш, уларни келгуси авлодларга етказиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. У Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини билдириб, халқаро кўргазмада ўзининг ноёб экспонатлари — Бобурийлар даврига оид тилла суви юритилган Қуръон, Мамлуклар даврига оид Қуръон ҳамда Салжуқийлар, Қорахонийлар ва Ғазнавийлар даврига мансуб, 1989 йилда "Sotheby's" аукционидан харид қилинган олтин тангалар билан иштирок этишга розилик билдирди.