TRT AVAZ: “Ўзбекистон хориждаги тарихий меросини қайтариш йўлидаги саъй-ҳаракатларини давом эттирмоқда”


    Туркий тилли мамлакатларга мўлжалланган Туркиянинг нуфузли TRT AVAZ телеканали сайтида  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган ишлар, хусусан дунё музейлари ва хусусий коллекцияларда сақланаётган тарихий меросларини юртга қайтариш йўлидаги саъй-ҳаракатларига оид хабар эълон қилинди. TRT AVAZ га кўра, Лондон ва бошқа Европа шаҳарларидаги таниқли санъат коллекцияларида Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва Ўзбек хонликлари даврига оид юксак тарихий ва маданий қийматга эга ашёлар сақланмоқда.

 

    TRT AVAZ томонидан эълон қилинган хабарда Ўзбекистон Фанлар академияси ва Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, академик Акбар Ҳакимовнинг интервьюсига алоҳида ўрин берилган. Унда Лондондаги "Довуд Шоҳ коллекцияси"да сақланаётган, ғазнавийлар  сулоласига мансуб, Абу Мансур ибн Сабуктегинга тегишли кумуш патнис хусусида  маълум қилинади.

 

    Маълумот учун,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини бойитиш мақсадида 2025 йил 25 апрелдан 2 майга қадар Марказ раҳбари бошчилигидаги делегация аъзолари Буюк Британиянинг Лондон шаҳрига қилган хизмат сафари давомида дунёдаги машҳур "Sotheby's" ва "Christie's" аукцион уйларидаги савдоларда иштирок этгани ҳақида хабар берилган эди.


 
    Хизмат сафари давомида делегация аъзолари иштирок этган "Sotheby's" ва "Christie's" савдо уйлари аукционларида кимошди савдосида Ўзбекистон маданий меросига, хусусан, Исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда хонликлар даврига тегишли нодир осори-атиқалар ҳам борлиги маълум қилиниб, марказ экспозицияси учун 46 та лот саралаб олинган эди. 

 

    Бу каби саъй-ҳаракатлар миллий меросимизни асраб-авайлаш, қайта тиклаш ва келажак авлодларга етказишда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.