Ахсикентда минг йиллик артефактлар аниқланди

 

Ахсикент археологик ёдгорлигидаги XI қазув майдонида олиб борилган тадқиқотлар давомида археологлар томонидан муҳим тарихий топилмалар аниқланди.

 

Қазув жараёнида 10 метрга 15 метрлик периметрнинг қуйи қатламидан эрамизнинг I–II асрларига оид қизил ангобли керамик кўзача бутун ҳолда топилди. Мутахассислар ушбу идиш тиббий мақсадларда, хусусан, даволаш учун мўлжалланган суюқликлар — эҳтимол симоб сақлаш учун хизмат қилган, деган фикрни билдиришмоқда.

 

Симоб — табиий шароитда суюқ ҳолатда учрайдиган ва юқори реактив хусусиятларга эга бўлган модда сифатида ўтмишда тиббиёт, саноат ва ҳарбий соҳаларда кенг қўлланилган. Манбаларга кўра, ўрта асрларда Ахсикентда симобдан фойдаланиш технологияси мавжуд бўлган.

 

Қазув периметрининг юқори қатламларида (XI–XII асрлар) илмий-тадқиқот фаолиятига оид бир қанча ашёлар — симоб сақлаш идишлари, сиёҳдон, кимёвий моддалар ва геологик элементларни ажратувчи устахона (лаборатория) қолдиқлари аниқланди.

 

Ушбу топилмалар нафақат Ахсикент аҳолисининг кундалик ҳаёти, балки ўрта аср илм-фани, кимёгарлик ва геология соҳаларидаги билим ва тажрибалари ҳақида ҳам қимматли маълумот беради.

 

Қазув давомида, шунингдек, аҳолининг турмуш тарзи ва эстетик дидини акс эттирувчи буюмлар — мурғоби ҳайкалчаси, карвонларда олиб юриладиган фляга, нақшинкор ўйинчоқлар, бешик идишлари, шунингдек, мис ва бронза тангалар, турли металл буюмлар топилди.

 

Жорий мавсумнинг ўзида 4000 га яқин археологик артефакт ва 4 та йирик муҳандислик иншооти аниқлангани — Ахсикентнинг жамият, илм ва ҳунар маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.

 

Маълумот учун, Лондон университети ҳузуридаги Археология институти ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида “Пўлат йўли” ва “Бронза йўли” лойиҳалари доирасида Ахсикент тарихи ва пўлат ишлаб чиқаришга оид экспонатлар тадқиқ қилинмоқда. Ушбу лойиҳалар ўзбек олимлари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда ва марказ музейи экспозициясида тақдим этилиши режалаштирилган.