"Шайх қўрққанидан Қуръонга чанг солди..."

 

Амир Темур замонасида машҳур мутасаввиф олим Абу Саид Абулхайрнинг бир рубоийси  жуда шуҳрат қозонган, ҳатто бу рубоийнинг ғайриоддий хусусиятлари ҳақида гап-сўзлар тилдан-тилга кўчиб юрарди. Ҳатто одамлар касал бўлиб қолишса, шу рубоийни ўқиб ўзларига дам солишар, уни тумор илиб тақиб юришаркан.  Бу рубоийнинг шарҳи хусусида кейинчалик Хожа Аҳрори Валий ўзининг “Ҳавроия” номли қасидасини ҳам битган эди. Мана ўша рубоий:

 

     Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,

     Як холи сияҳ бар он рухон мутраф зад,

     Ризвон ба ажаб бимонду каф бар каф зад

     Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад.

 

 (Маъноси: ҳурлар нигоримни томоша қилиш учун саф тортишди. Бир қора хол уларнинг юзларига парда тортди. Жаннат ҳам ҳайратда қолиб, кафтини кафтига урди. Қария   қўрққанидан Қуръонга чанг солди.)

 

   Бу рубоийдан ўз вақтида Амир Темур ҳам хабардор бўлган. 

 Ўша пайтларда Озарбойжон бошқаруви Амир Темурнинг иккинчи ўғли Мироншоҳ Мирзога топширилган. Бироқ, Мироншоҳнинг ичкиликка муккасидан кетиши давлат ишларига таъсир кўрсата бошлади. Унинг ғалати қилиқлари ҳақидаги гап-сўзлар Самарқандга ҳам етиб келди. Соҳибқиронга Мироншоҳнинг ичкиликка берилишига уч кишининг сабабчи экани етказилди. Амир Темур учовининг ҳам бошини олиб келтиришни амр қилди. Мулозимлар улардан икки нафарини тутиб қатл қилишди. Аммо учинчиси – Хожа Абдулқодир Мароғий ўзини девоналикка солиб дарбадарликни ихтиёр қилди. 

 

 Соҳибқирон Ироққа юриш қилганида, Хожанинг шу атрофда юрганини хабар қилишди. Ниҳоятни уни қўлга олиб, подшоҳ ҳузурига олиб келишди. Хожа Абдулқодир ўз вақтида гўзал овози, мусиқадан пухта хабардорлиги, шунингдек, Қуръон қироати билан ҳам шуҳрат қозонган бўлиб унинг гўзал овози бор эди. 

 

Подшоҳнинг ҳузурига олиб келишлари билан у қўрққанидан нима қиларини билмай, Қуръон оятларини тиловат қилишга тушди. Бу ҳолатни кўрган соҳибқирон кулиб юборди ва ўша машҳур рубоийнинг охирги мисрасини айтди?

     Абдол зи бийм чанг бар мусҳаф зад,

   (Яъни, қария қўрққанидан Қуръонга чанг солди.)

Гарчи фалсафий маънога эга бўлган бу рубоийда ушбу мисра бошқача маънога эга бўлса-да, Амир Темур уни закийлик билан ўз ўрнида ишлатган, буни Навоий “йилда бир, асрда бир юз берадиган ҳодиса” сифатида баҳолаган эди.

 

Рустам Жабборов
 

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.