Айбсиз айбдор аёллар

 


    Ўтган асрнинг 30-йилларида авж олган “Катта қирғин” минглаб бегуноҳ инсонлар ҳаётини йўқ қилди. 1937-1939 йиллардаги кенг кўламли сиёсий қатағон давомида сохта айбловлар билан давлат ва жамият арбоблари, хўжалик раҳбарлари, миллий зиёлилар, ёзувчилар, шоирлар, олимлар, давлат арбоблари ва чет элда таълим олган талабалар, ҳатто оддий халқ вакиллари ҳам нишонга олинди.


    “Халқ душмани” ва “ватан хоини” каби тамғалар нафақат эркакларга, балки уларнинг аёлларига ҳам ҳеч қандай далил-исботсиз қўйилди. Аксар ҳолларда эркаклар қамалганидан сўнг, уларнинг турмуш ўртоқлари ҳам айбланиб, жазога тортилган. 1937-йил 15-августда СССР Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) томонидан чиқарилган “Ватан хоинларининг аёллари ва фарзандларини қатағон қилиш тартиби тўғрисида”ги буйруқ эса бу зўравонлик ва адолацизликка “ҳуқуқий” тус берди. Унга кўра, “халқ душманлари” деб топилган шахсларнинг оилалари – аёллари, фарзандлари ва яқин қариндошлари қамоққа олиниши, сургун қилиниши ёки болалар уйларига жўнатилиши лозим эди.


    Шу асосда 1938-1939 йилларда тахминан 18 минг аёл “ватан хоинининг рафиқаси” сифатида лагерларга юборилган. Айниқса, Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятида жойлашган А.Л.Ж.И.Р (Акмолинский лагерь жён изменников родины) махсус ташкил этилган лагерда 1938-1946 йиллар давомида 6,5 мингдан ортиқ аёл жазони ўтаган. Бу аёллар асосан собиқ раҳбарлар, зиёлилар, давлат арбобларининг рафиқалари бўлган. Уларнинг кўпчилиги ҳеч қандай жиноят содир этмаган оддий уй бекалари эди. Улар дўқ-пўписа, қийноқлар ва зўравонликлар остида турмуш ўртоқларига қарши кўрсатма беришга мажбурланган.

    Маълумотларга кўра, 1937-йил 15-августдан 1939-йил январигача бўлган муддатда иттифоқ бўйича 25 мингдан ортиқ бола ота-онасидан ажратилган. Уларнинг 22 мингдан зиёди болалар уйлари ва боғчаларга жойлаштирилган, 15 ёшдан катталар эса “ижтимоий хавфли” деб топилиб, ахлоқ тузатиш колонияларига ёки НКВД лагерларига юборилган. Қарағанда лагеридаги маҳбус аёллар жазо ўтаётган вақтда 1500 дан ортиқ фарзанд дунёга келган. Бу болаларнинг аксарияти зўравонлик натижасида туғилган.


    Онадан ажратилган, илдизсиз қолдирилган бу болалар совет мафкурасига сингдирилиб, ота-онасини ҳам, миллий ўзлигини ҳам унутишга мажбурланди. Уларни мутлақо бошқа мафкура руҳида тарбиялаб, “манқурт авлод” шакллантирилган.


    Ўзбекистонда ҳам минглаб аёллар – зиёлилар, жамоат арбоблари ва бошқа гуруҳ вакилларининг рафиқалари айбсиз айбдорга чиқарилиб, қатағонларга учради. Улар хорлик, руҳий ва жисмоний азоблар ичида ҳаёт кечиришга мажбур бўлди. Болалар эса ота-онасиз ҳолда етимхоналар, колониялар ва болалар лагерларида ҳаёт кечирди.


    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Қатағон: Тарих Ҳақиқатлари” номли медиа лойиҳа айнан 1937-1939 йиллардаги қатағонларни қисқа метражли ҳужжатли филмда акс эттирмоқда. 


    Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори ўринбосари Мурод Зикруллаев таъкидлашича,  “Катта қирғин” даврида минглаб забардаст зиёлиларимиз, давлат арбоблари, фан, маданият, адабиёт, санъат вакиллари, оддий халқ вакиллари, уларнинг аёллари ва яқинлари ноҳақ қатағон қурбони бўлган. 


    “Қатағон бизнинг тарихимиздаги энг фожиали саҳифалардан биридир. Бундай воқеаларга кўз юмиб бўлмайди, чунки бу халқимизнинг равнақи ва озодлиги йўлида курашган аждодларимиз руҳига ҳурматсизлик бўлади. Айнан ўша даврда совет мустабид тузуми ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун Қатағон сиёсатни амалга оширган. Барча иттифоқ республикаларида кенг кўламда қатағонлар бошланган. Бу катта қирғин – умуман сиёсий қатағон, тарихчилар томонидан халқларга қарши амалга оширилган геноцид деб баҳоланмоқда. Биз мазкур лойиҳа орқали қатағон сиёсати ҳеч қандай миллат танламаганини исботлаймиз.”  ― деди Мурод Зикруллаев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозитсиясидан ўрин олиши кутилаётган “Қатағон: тарих ҳақиқатлари” медиа лойиҳаси ҳақида гапирар экан. 
 



Shahnoza Rahmonova
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.