Мир Араб мадрасаси ҳақида 10 та факт

1. Қурилиши 1530–1536-йилларда амалга оширилган
Мир Араб мадрасаси XVI аср бошларида, яъни 1530–1536 йиллар оралиғида қурилган. Ушбу иншоотни барпо этиш ташаббуси Бухоро хони Убайдуллахон II томонидан илгари сурилган. У ҳукмронлик йилларида (1533–1540) ўзининг пири – машҳур Нақшбандий шайхи Саййид Абдуллоҳ ал-Яманий (Мир Араб)га бўлган ҳурмати юксак бўлгани сабабли, айнан унинг номига мадраса қурдирган.
2. Мадрасага ном берган шахс – Мир Араб (Саййид Абдуллоҳ ал-Яманий)
Мадрасанинг номи бежиз танланмаган. Мир Араб асли Ямандан бўлиб, 22 ёшида Самарқандга келган ва Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди бўлган. У Нақшбандия тариқатини Бухорода фаол тарғиб қилган. Шунингдек, Саброн, Вобкент, Шофиркон каби жойларда ободончилик ишлари олиб борган. Диндорлиги, тақвоси ва халқ учун қилган хизматлари уни эл орасида ҳурматли зотга айлантирган.
3. Қурилиш якунини куёви Шайх Закариё ниҳоясига етказган
1536 йил бошларида Мир Араб вафот этади. Қурилиши давом этаётган мадрасани якунлаш вазифаси унинг куёви Шайх Закариёга топширилади. У ўзига ишониб топширилган ушбу масъулиятли вазифани шараф билан адо этиб, иншоотни тўлиқ якунлайди.
4. Совет даврида ёпилиб, 1945 йилда яна фаолият бошлаган
1920 йиллар охирларидан бошлаб шўро давлати диний ўқув юртларини ёпишга киришган. Мир Араб мадрасаси ҳам бу сиёсатдан четда қолмаган. Бироқ, 1945 йилда – Иккинчи жаҳон уруши тугашига яқин бир вақтда СССР ҳукумати мусулмонлар учун битта расмий диний ўқув юрти очишга рухсат беради. Шу тариқа, Мир Араб мадрасаси яна ўз фаолиятини тиклайди ва узоқ йиллар мобайнида Ўрта Осиёдаги ягона расмий исломий таълим маскани бўлиб қолади.
5. Ўзбекистон мусулмонлари учун йирик диний илм маркази
Мадрасада Ўрта Осиё, Қозоғистон, Кавказ, Россия ва бошқа ҳудудлардан мусулмон талабалар таҳсил олган. Бу ерда Қуръон илми, тафсир, фиқҳ, ҳадис, ақоида, тарих ва бошқа диний фанлар чуқур ўргатилган. Бугунги кунда ҳам мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида фаолият юритмоқда.

6. Ўқув тизими замонавий ва анъанавий фанлар уйғунлигига асосланган
Мадрасанинг ўқув муддати 4 йил бўлиб, кундузги бўлимга 15 ёшдан 35 ёшгача бўлган ўрта ёки тўлиқсиз ўрта маълумотли шахслар қабул қилинади. Дарслар асосан ўзбек ва араб тилларида олиб борилади. Шунингдек, араб, инглиз, рус ва форс тиллари ҳам ўргатилади. Диний фанлар билан бир қаторда замонавий умумтаълим фанлари ҳам ўргатилади.
7. Меъморий тузилмаси – ғоят мураккаб ва бадиий
Мадрасанинг умумий ўлчами 68,5 × 51,8 метр, ҳовлиси эса 35,4 × 31,3 метрни ташкил этади. Пештоқи баланд бўлиб, асосий дарвозаси ортида 5 гумбазли миёнсарой, икки томонда гумбазли дарсхона ва масжид мавжуд. Мадрасанинг ҳар бир томони бўйлаб 114 та икки ошёнли ҳужралар жойлашган. Ички ҳовли айвонли ва очиқ бўлиб, мувозанатли тузилишга эга.
8. Гўрхона – тарихий зиёратгоҳ
Мадрасанинг ғарбий бурчагида жойлашган гўрхонада Бухоро хони Убайдуллахон II нинг хаттам услубида ишланган ёғоч сағанаси мавжуд. Бу ерда, шунингдек, Мир Араб ва унинг қариндошлари дафн этилган. Гўрхонанинг ички қисми ганч ўймакорлиги, муқарнаслар ва рангбаранг кошин безаклари билан безатилган бўлиб, ўз даврининг санъат намуналаридан ҳисобланади.
9. Сув тизими ва пойдевор мустаҳкамлиги
Афсоналарга кўра, мадраса қурилишидан олдин ер чуқур қазилиб, тагига тоғ тошлари ётқизилган. Сув тўпланмаслиги учун ер остида махсус дренаж – тазарлар тизими барпо этилган. Бу тизим қор ва ёмғир сувларини мадраса ҳудудидан шаҳар ташқарисига чиқариб юборишга хизмат қилган. Бу меъморий ёндашув мадраса пойдеворини барқарор сақлаб туришга катта ҳисса қўшган.
10. Реставрациялар – тарихни асраш йўлида муҳим босқич
1970 йиллар охири ва 1990 йиллар давомида мадраса бир неча бор реставрация қилинган. Айниқса, Бухоронинг 2500 йиллиги (1997 йил) муносабати билан мадрасанинг пештоғи, гумбазлари, кошинкор безаклари, ёзувлари аслиятга яқин ҳолда қайта тикланган. Бу реставрациялар мадрасанинг тарихий кўринишини сақлаб қолишда муҳим рол ўйнаган.
Мир Араб мадрасаси – бу фақатгина ўқув юрти эмас, балки Ўзбекистон ва бутун мусулмон Шарқининг диний-маънавий меросига оид юксак тарихий ёдгорликдир. Унинг қадриятлари, меъморчилиги ва илмий анъаналари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу маскан нафақат ўтмиш, балки келажак авлодлар учун ҳам бебаҳо маънавий мактабдир.
Ҳусан Турсунов
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа