Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари Глобал кўргазмани юқори савияда ўтказишга кўмаклашишади

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ислом цивилизацияси маркази раҳбарияти, вазирлик ходимлари ва мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари иштирокида онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқотда Марказнинг жорий йилда кутилаётган расмий очилиш маросимига тайёргарлик ҳолати муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро миқёсдаги илмий-маърифий маскан сифатида Ўзбекистоннинг маънавий ва интеллектуал меросини жаҳонга кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда таъкидланганидек, Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон маданий мероси – бутун инсоният мулки” мавзусида глобал кўргазма ўтказилиши режалаштирилган. Кўргазмада хориждаги 43 та нуфузли музей ва кутубхоналар иштирок этади. Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги ва элчихоналар кўмагида хорижий фондлардан қарийб 1000 та экспонат – ноёб қўлёзмалар, тарихий ҳужжатлар ва асарлар рўйхати шакллантирилди.

Марказ томонидан хорижда сақланаётган 200 га яқин қўлёзманинг факсимиле нусхасини чоп этиш, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби алломаларга оид асарлар ҳамда тарихий Қуръон нусхаларини кўргазмада намойиш қилиш белгиланган. Шунингдек, 61 та муҳим экспонатнинг муляжи тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг хавфсиз ташилиши, сақланиши ва намойиши бўйича зарур кафолатлар, суғурта ва витрина маълумотлари тайёрлаб қўйилган.
Мазкур глобал кўргазма Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва илмий-маърифий салоҳиятини янада мустаҳкамлашда муҳим воқелик бўлиши таъкидланди.

Тадбирда иштирок этган ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Баҳромжон Аълоев Ўзбекистондаги Ислом цивилизациясининг очилиш маросими ва Глобал кўргазмани юқори савияда ўтказишда вазирлик ходимлари ҳамда хориждаги элчихоналаримиз вакиллари имкон даражасида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Мулоқот якунида Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихоналардан мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, маданий дипломатияни кучайтиришга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа