Бобурий шаҳзоданинг сурати Ўзбекистонга қайтмоқда




 
    Зарғалдоқ рангдаги чизиқли салла ва тилла жозибакор нақшлар билан безатилган жома кийган, ўнг қўлида талвар (ҳинд қиличи) ва белбоғи — паткасига тақалган катаҳ (кинжал) билан, чап қўлида рондаш (қалқан) ушлаб турган, ўнг томонга қараб турган Шаҳзода Дониёл портрети. Орқа фонда гул шохчалари тасвирланган. Расм қоғозга бўёқлар ва тилла ёрдамида чизилган. Бу асар тахминан 1600 йилларга оид бўлиб, Бобурийлар ёки Деккан мактабига мансуб. Расм XVII асрда тайёрланган Бобурийлар альбом саҳифасига жойлаштирилган бўлиб, унда ранглар ва тилла билан безатилган насталиқ хатидан фойдаланилган, альбомнинг паст қисмида эса шахсни “Абдуллоҳхон Ўзбек” деб хато нишонловчи ёзув бор. Орқа томонда ранглар тилла билан безатилган ва Муҳаммад Мухсин имзоси билан туширилган форсча рубоий ёзилган.


Шаҳзода Дониёл ҳақида


    Шаҳзода Дониёл — Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган Бобурийлар султони Акбар (1556–1605)нинг учинчи ўғли бўлиб, отаси томонидан жуда қадрланган. У шеъриятга муҳаббат қўйган ва форс ҳамда ҳинд тилларида шеърлар ёзган. Дониёл шижоатли саркарда ҳам бўлган: 1597 йилда Аллоҳободга ҳоким қилиб тайинланган, 1599 йилда эса Декканга валиаҳд қилиб юборилган ва бир неча ҳарбий юришларга раҳбарлик қилган. Аммо афсуски, у 1605 йилда 32 ёшида ичкиликбозлик оқибатида вафот этган. Унинг ўлими ортидан етти ой ўтиб отаси Акбар ҳам вафот этган.


Сурат ҳақида


    Бу портрет қаерда чизилгани борасида турли тахминлар бор. Дониёл аввал Аллоҳободда, сўнг Декканда бўлган. Шаҳзода Салим (кейинчалик Жаҳонгир) тахминан 1600–1604 йилларда Аллоҳободда расм мактабини ташкил этган ва у ерда Дониёл ҳоким бўлиб ишлаган. Бу даврда Бобурийлар рассомлари фаол ҳаракатда бўлишган. Ушбу альбом саҳифасидаги каллиграфия Муҳаммад Мухсинга тегишли экани, Шаҳзода Дониёлнинг бундай ижодкорларга ҳомийлик қилганидан далолат беради.


    Дониёлнинг бир нечта портретлари маълум. У Акбарнинг ўғли ва келажакда подшоҳ бўлган Жаҳонгирнинг укаси сифатида, Бобурийлар рассомлари учун диққатга сазовор шахс эди. Манохар номли машҳур рассом томонидан чизилган портрет (1600–1605) Нью-Йоркдаги Метрополитен музейидаги Кеворкян альбомида сақланади. Шунингдек, Балтимордаги Уолтерс санъат галереяси (W.668, фолио 28), Канада Миллий галереясида (23557), Оксфорддаги Бодлеян кутубхонасида (Douce Or. a.1, fol. 29a) ва Британия музейида (1920,0917, O.13.34) сақланаётган бошқа портретлар ҳам мавжуд. Бу расмларда ҳам Шаҳзода Дониёл ўнг томонга қараб турган ҳолда тасвирланган.


    Бобурийлар подшоҳ ва амалдорлари портретлари одатда юзма-юз эмас, балки профилдан чизилган бўлиб, саройларидаги ҳаётни ҳужжатлаштириш ва санъатни мадҳ этиш мақсадида шундай амалга оширилган. Бу каби асарлар санъат тарихида муҳим ўрин тутади ва XVII асрда Бобурийлар рассомхоналарининг доимий буюртмаларидан бири бўлган.


Каллиграфия ҳақида

 

     Муҳаммад Мухсиннинг нозик насталиқ хатида ёзилган рубоий бу альбом саҳифаси юқори даражали ҳомий учун тайёрланганини кўрсатади. У ҳомий эҳтимолан Шаҳзода Дониёлнинг ўзи бўлиши мумкин.


    Форсча рубоий (орқа саҳифада):


از من بر شه سخن که گوید
من خود چه کسم سخن که گوید
درد همه پیش شاه گفتند
من کیستم و ز من که گوید

 

Таржимаси:


    Мени подшоҳга сўз қилган одам ким экан?
    Мен кимман ўзи, у ҳақда сўз айтилиши мумкинми?
    Ҳамма дардимни подшоҳга айтишибди.
    Мен кимманки, мен ҳақимда гапирсинлар?


    Ушбу сатрлар машҳур шоир Абдураҳмон Жомий (ваф. 1492)нинг “Ҳафт Авранг” асарининг охирги бобидан олинган. Бобурийлар сулоласи ўзини темурийлар авлоди деб билган ва Жомийга ўта ҳурмат билан қарагани учун бу сатрларнинг ишлатилиши мантиқан тушунарли.


Муҳаммад Мухсин ҳақида


    Усмонли тарихчиси Мустакимзода Сулаймон Садеддин Эфандининг машҳур "Туҳфаи хаттотин" асарида Муҳаммад Мухсин ҳақида маълумот келтирилган. У Шайбонийлар саройида хизмат қилган машҳур хаттот Маҳмуд ибн Исҳоқ Шиҳобий (ваф. 1583) шогирди бўлган. У аввал Бухородаги Убайдуллохон, кейинроқ Балхда Шоҳ Ҳусайн Шиҳобий хизматида бўлган.

 

    Муҳаммад Мухсин Бобурийлар саройида, айниқса Шаҳзода Дониёл ҳузурида ҳомийлик излаган. Ушбу каллиграфия саҳифаси ҳам ана шу муносабат билан тайёрланган бўлиб, каллиграфнинг миннатдорчилигини ифода этган ва Шаҳзода Дониёлнинг шахсий альбомига киритилган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.


    Ушбу сурат Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросими муносабати билан ўтадиган глобал кўргазма учун Буюк Британиядан келтирилиши кутилмоқда.
 

Дурдона Расулова

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.