Мир Али Табризий — ҳарф санъати даҳоси

 

    Мир Али Табризий томонидан яратилган ёзув санъати — нафақат ўз даврининг эстетик инқилоби, балки бугунги кунга қадар етиб келган юксак маънавий меросдир. Орадан асрлар ўтган бўлса-да, унинг номи, услуби ва айниқса, гўзаллик билан бирга фикр чуқурлигини ҳам мужассам этган настаълиқ хат тури ҳануз ҳаёт кечирмоқда. Бу ёзувлар бугунги кунда ҳам нафақат ўқилади, балки томоша қилинади, ўрганилади ва юксак қадрланади.

 

    Британия музейи, Эрон Миллий кутубхонаси, Россия Миллий кутубхонаси каби дунёдаги энг нуфузли музей ва кутубхоналар Мир Али Табризий қаламига мансуб қўлёзмаларни ўзининг энг нодир хазиналари сифатида эҳтиёткорлик билан сақламоқда. Бу асарлар асрлар оша йўқолиб кетмаган, балки эҳтиром билан сақланиб, маданий мерос сифатида мунтазам ўрганиб бориладиган беқиёс бойликка айланган.

 

    Зеро, Мир Али Табризий битган ҳар бир сатр — санъатнинг жонли ва таъсирли ифодасидир. Унинг ҳарфлари сўздан аввал руҳга, кўздан аввал қалбга сингади. Шу боис, Мир Али Табризийнинг номи музейларнинг экспозицияларида эмас, балки инсон тафаккури ва маданий хотирасида тирик қолмоқда.


    Мир Али Табризий яратган настаълиқ хат тури — санъат, фикр ва завқ уйғунлигининг юксак намунасидир. У “насх” хатининг қонуний тартибини, “таълиқ”нинг эркин ва равон оқимини олиб, ўзига хос услубда — бетакрор ва юксак эстетик талабларга жавоб берадиган янги ёзув шаклини яратди. Бу ўзгариш шунчаки каллиграфик техника эмас, балки маданий дунёқарашдаги илғор бурилиш эди. Настаълиқ орқали сатрлар нафислашди, сўзлар орқали фикрлар янада чиройли ва таъсирли ифодаланадиган бўлди.

 

    Кашфиёти ва илм-фанга қўшган ҳиссаси

 

    Мир Али Табризийнинг энг буюк хизмати — бу ҳуснихат санъатида мутлақо янги, мукаммал ва эстетик жиҳатдан чиройли хат тури — настаълиқни яратиши билан боғлиқ. У “насх” ва “таълиқ” деб аталган икки тур хатнинг энг яхши жиҳатларини таҳлил қилиб, уларни уйғунлаштирди. Бу синтез натижасида вужудга келган ёзув — ўз даври учун ҳақиқий инқилоб бўлди.

 

    Настаълиқ хат тури нафақат чиройли ва нозик шаклга эга, балки унда ритм, тиниқлик ва табиий боғланиш сақланган. Ҳар бир ҳарф бошқаси билан уйғун тарзда боғланади, сатрлар ўртасида мувозанат сақланади. Бу эса уни ҳам ўқиш, ҳам ёзишни осонлаштирган ва айни пайтда уни юксак ҳусн билан безалган ёзувга айлантирган.

 

    Мир Али ушбу услубни яратиш билан чекланиб қолмади. У ҳарфларнинг шакли, мувозанати ва боғланиши ҳақида махсус шеърий рисола ҳам ёзди. Бу қўлланма кейинчалик Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги хаттотлар учун асосий манба сифатида хизмат қилди.

 

    Вақт ўтиши билан настаълиқ бутун Шарқда — Эрон, Мовароуннаҳр, Озарбайжон, Ҳиндистон ва Усмонли Туркиясида кенг тарқалди. У фақат қўлёзмаларда эмас, балки девонлар, шеърий тўпламлар, илмий асарлар, фармонлар ва шахсий мактубларда асосий ёзув турига айланди. У сўзни нафосат билан ифода этишнинг янги поғонасини белгилади.

 

    Кўчирган қўлёзмалари

 

    Мир Али Табризий нафақат янги ёзув услубининг муаллифи, балки шу услубда беқиёс асарлар кўчирган моҳир хаттот ҳам эди. Унинг қўлидан чиққан қўлёзмалар нафақат нафис хат билан, балки ўз даврининг маънавий ютуқларини сақлагани билан ҳам қимматлидир.

 

    У кўчирган асарлар орасида Саъдийнинг “Куллиёт” ва “Бўстон”, Кирмонийнинг “Ҳумой ва Ҳумоюн”, “Камолнома”, “Равзат ал-анвор”, Низомий ва Амир Хусрав Деҳлавийнинг “Хамса”лари бор. Бу асарлар форс-тоҷик адабиётининг дурдоналари бўлиб, Мир Али уларни ўзининг бетакрор настаълиқ хат услубида кўчириб, адабий ва маънавий жиҳатдан абадийлаштирган.

 

    Айрим қўлёзмалар Британия музейида, бошқалари Эрон Миллий кутубхонаси ва Санкт-Петербургдаги Россия Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Масалан, 1396 йилда кўчирилган “Ҳумой ва Ҳумоюн” достони ёки “Хамса”лар бугун ҳам муҳаққиқлар учун муҳим манба саналади. Улар Мир Али қаламининг живирлаган овозини асрлар оша эшиттиради.

 

    Бу хатлар эстетик қимматдан ташқари, илмий, маданий ва маърифий аҳамиятга эга. У битган ҳар бир сатр — ўша даврнинг руҳи, қалби ва диди билан суғорилган. Шундай экан, Мир Али Табризийнинг қўлёзмалари бутун Шарқ тамаддунининг муҳим маданий ҳужжати ҳисобланади.

 

       Настаълиқ хатининг тарқалиши ва таъсири

 

    Мир Али яратган настаълиқ хат тури XV асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Шарқдаги ёзув анъаналарини мутлақо янгилади. Қисқа фурсат ичида бу хат ўзининг эстетик гўзаллиги, мувозанати ва ҳарфлар ўртасидаги боғланишлари билан қалбларни забт этди. Бу услуб каллиграфия билан чекланиб қолмади — у адабиёт, ҳужжатшунослик, илм ва маърифат соҳаларида ҳам кенг қўлланила бошлади.

 

    Шеърият настаълиқ учун энг муқаддас майдонга айланди. Зеро, бу хат тури шеърий туйғулар, образлар ва маъноларни нафосат билан ифода этишда тенгсиз эди. Саъдий, Ҳофиз, Камолиддин Беҳзод каби буюклар асарлари айнан настаълиқ хатида ҳаёт кечирди.

 

    Кейинчалик, настаълиқ фақат нодир асарларда эмас, балки кундалик ёзишмаларда, давлат фармонларида, шахсий мактубларда ҳам ишлатила бошланди. Бу унинг ҳаётга яқинлашганини, халқ қалбига кириб борганини кўрсатади.

 

    Настаълиқ орқали нафақат сўз, балки руҳ, туйғу ва завқ ҳам ифода топди. У қаламни санъатга, қоғозни эса саҳнага айлантирди.


    Мир Али Табризий яратган настаълиқ хат тури — шунчаки ёзув эмас. Бу — Шарқ дунёқарашининг, завқининг, фикрлаш услубининг, тарихий хотирасининг битик шаклидир. У ҳарфлар орқали халқларни боғлади, маданиятларни уйғунлаштирди ва маънавий ҳаёт бағишлади.

 

    Мир Али нафақат хаттотлик санъатини янги поғонага кўтарган устоз, балки бутун бир маданий муҳитни шакллантирган интеллектуал шахс эди. Унинг настаълиқни яратиши — бир инсон амалга оширган услубий ўзгариш эмас, балки Шарқ цивилизациясида фикр ва сўзни ифода этишнинг янги дунёқарашини юзага келтирган воқеликдир.

 

    Бугун ҳам унинг услуби каллиграфия, дизайн, музей ишлари ва маданий меросни тиклаш соҳаларида фаол қўлланилмоқда. Бу эса Мир Али Табризий қаламидаги ҳаётчанлик ва унинг кашфиётидаги ҳаётий аҳамиятни тасдиқлайди.


    Шундай экан, Мир Али Табризийни нафақат ўтмиш хаттотларидан бири, балки ҳарф ва фикрни уйғунлаштирган маънавият меъмори сифатида ёд этишимиз зарур.


Ҳусан Турсунов

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.