Академик Азамат Зиё: Тарихни кўриш эмас, англаш муҳим!
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейини бойитиш борасида ишчи гуруҳлар, олимлар томонидан амалга оширилаётган илмий инновацион лойиҳаларга бир қатор таклифлар берди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида навбатдаги илмий-амалий муҳокама бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори, академик Азамат Зиё иштирокида ўтказилган муҳокамада Марказда яратилаётган экспозициялар, хусусан, Иккинчи Ренессанс даври, Темурийлар сулоласи ҳамда бошқа муҳим тарихий босқичларга оид экспонатлар мазмуни таҳлил қилинди.
Мақсад – тарихий меросни чуқур илмий асосда ёритиш, Ислом цивилизациясининг Ўзбекистондаги тараққиёт босқичларини очиб бериш, унинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, экспозициялар мазмунини илмий ва маърифий жиҳатдан бойитишдир.
Муҳокама давомида экспозицияларнинг илмий-тарихий асосларини янада бойитишга қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Жумладан:
Темурий аёллар мероси: Темурийлар даврида ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этган аёллар, уларнинг илм-фан, меъморчилик, адабиёт ва хайрия фаолиятидаги ўрни ҳақида махсус бўлим ажратиш таклиф қилинди. Бу ёндашув Темурийлар замонасидаги аёллар фаоллигини ёритиш имконини беради.
Темур тахти экспонати: Амир Темурнинг ҳокимият рамзи сифатида тарихий манбаларда қайд этилган тахтининг илмий асосда реконструкция қилинган нусхасини яратиш, экспозицияда эса ушбу тимсол орқали Темурийлар давлат тузилмаси, марказий бошқарув, дипломатик сиёсат ва давлат рамзлари ҳақида кенг ахборот бериш режалаштирилди.
“Темур тузуклари”нинг етти тилда нашри: Буюк саркарда томонидан ёзилган машҳур “Темур тузуклари” асарини ўзбек, инглиз, араб, форс, рус, француз ва хитой тилларида нашр этиб, Марказ кутубхонаси ҳамда экспозиция залларида электрон ва босма кўринишда кенг оммага тақдим этиш масаласи муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўз ФА Тарих институти олимлари билан биргаликда экспозицияларни илмий жиҳатдан такомиллаштириш экспозицияларни ишлаб чиқишда тарихий манбаларга асосланиш билан бирга замонавий технологиялар, рақамли тасвирлар, анимациялар ва интерактив ёндашувлардан фойдаланиш орқали уларни ёшлар, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик учун янада тушунарли ва жозибадор шаклда тақдим этиш зарурлиги таъкидланди.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа