“Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори” IX Халқаро конгрессга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуасининг очилиши муносабати билан жорий йилда ўтказилиши режалаштирилаётган “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак пойдевори” мавзусидаги IX Халқаро конгрессга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу нуфузли илмий анжуман дунё миқёсидаги тарихчи, шарқшунос, исломшунос, манбашунос ва маданий мерос бўйича мутахассисларни бирлаштиради. Конгресс доирасида ялпи мажлислар, мавзули секция йиғилишлари, илмий лойиҳалар муҳокамаси ҳамда сўнгги илмий топилмаларнинг тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган. Махсус экспертлар томонидан юзлаб маърузалар тақдим этилади, тарихий манбаларга янги ёндашувлар муҳокама қилинади.

Маълумот учун, анжуман доирасида анъанага мувофиқ, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомининг 81-90-жилдлари тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Ушбу туркумда жаҳон музей ва кутубхоналарида сақланаётган, Ўзбекистон тарихий меросига оид нодир асар ва артефактлар илмий тавсифланган.
IX Халқаро конгресс нафақат илмий доираларда, балки жамоатчилик орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки бу анжуман Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини янада ёрқинроқ намоён этиш, халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, янги илмий кашфиётлар ва тадқиқотлар учун янги майдон яратиши билан аҳамиятлидир.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа