Лутфий адабий мероси тарғиб қилинади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан тайёрланаётган экспозициялар орасида Лутфий адабий меросига бағишланган махсус медиалойиҳа алоҳида ўрин тутади.
Лутфий — XV аср ўзбек адабиётининг йирик намоёндаларидан бири, классик ғазал ва маснавий жанрларида юксак намуналар яратган шоир. Унинг бадиий услуби, лирик теранлиги ва маънавий дунёқараши ўзбек адабий меросида муносиб ўрин эгаллайди.
Олим Э. Аҳмадхўжаевнинг аниқлаши бўйича, Лутфий қаламига мансуб мавжуд шеърларнинг умумий миқдори 2774 байт ёки 5548 мисрадан ортиқ. Уларнинг катта қисми (2086 байти) ғазал жанрида ёзилган. Мавлоно Лутфий ХVI–ХХ асрлар мобайнида кўчирилган туркий девонининг 33 та қўлёзма нусхаси етиб келган бўлиб, улар Тошкент, Душанбе, Истанбул, Теҳрон, Лондон, Париж, Санкт-Петербург кутубхоналари ва қўлёзма фондларида сақланади. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Қўлёзмалар институти фондларида Лутфий девонининг ўнлаб нодир нусхалари сақланади.
Медиалойиҳа доирасида Лутфий ҳаёти ва ижоди замонавий визуал ечимлар, мультимедиа ва интерактив форматлар орқали кенг аудиторияга тақдим этилади. Бу нафақат ёшлар, балки адабиёт ва маданият ихлосмандлари учун ҳам қадимий меросни қайта кашф этиш имконини беради.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа