“Бу музей эмас, бу илмий марказ, ҳақиқий тарихдир!”

“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияда намоён бўладиган Оқсарой мажмуасининг макети, унинг сақланиб қолган пештоғи ва безакларида ҳамон улуғ тарих нафасини ҳис этиш мумкин” – дейди Архитектура фанлари доктори, профессор Абдуманноп Зияев айни пайтда Марказ томонидан олиб борилаётган ишларга тўхталаркан.
Тошкентдаги Темурийлар тарихи давлат музейида тарихчи олимлар, меъморлар ва дизайнерлар иштирокида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозицияни бойитиш билан боғлиқ навбатдаги муҳокама йиғилиши бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида марказда амалга оширилаётган Иккинчи Ренессанс экспозициясини яратиш жараёнлари, хусусан, макетларни аниқ ўлчамларда жойлаштириш, видеоматериаллардан фойдаланиш, ташқи ва ички дизайн уйғунлигини таъминлаш каби муҳим масалалар муҳокама этилди.
Архитектура фанлари доктори, профессор Абдуманноп Зияевнинг таъкидлашича, ҳозирги босқичда экспозиция мазмунини шакллантиришдаги асосий вазифа — тарихий манзарани илмий асосда қайта тикилашдан иборат.
“Экспозицияда намоён бўладиган Оқсарой мажмуасининг макети, унинг сақланиб қолган пештоғи ва безакларида ҳамон улуғ тарих нафасини ҳис этиш мумкин, — дейди профессор А.Зияев. — Бу иншоот техник ва тарихий жиҳатдан беқиёс. Ҳозирда фақат бир қисми сақланган бўлса-да, у сайёҳлар эътиборини тортаётгани унинг юксак қийматини кўрсатади. Амир Темур шаҳарсозликда типологик қонунларга амал қилган: масалан, қалъа, дарвоза кабилар ўрнини аниқ ҳисоб-китоб асосида белгилаган. Бизнинг мақсад — ана шу юксак меъморий дид ва муҳандислик маҳоратни экспозицияда илмий-амалий асосда ифода этишдир”.
Учрашувда таъкидланишича, Ислом цивилизацияси марказида яратилаётган экспозициялар орқали нафақат моддий мерос, балки шаҳарсозлик, муҳандислик, ирригация ва меъморчилик анъаналари ҳам замонавий технологиялар ёрдамида қайта жонлантирилмоқда. Ҳар бир детал — пухта ўйланган концепция асосида шаклланмоқда.
Чет эллик дизайнерлар томонидан тақдим этилаётган техник таклифлар қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, тарихий меросни теран ҳис қилиш, экспозицияга миллий руҳ бағишлашда маҳаллий мутахассислар ҳал қилувчи ўринни эгалламоқда. Айни ҳамкорлик натижасида биноларнинг ташқи ва ички кўриниши ўртасида табиий уйғунлик яратилмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа