Замонга сиғмаган заковат: Али Қушчи феномени

 

 

    Тарихда шундай шахсиятлар бўладики, уларнинг илмий мероси муайян бир замон ёки макон доирасида қолмайди — балки у инсоният тафаккурининг умумий тараққиётига хизмат қилади. Али ибн Муҳаммад Қушчи ана шундай мутафаккирлар сирасига киради. Унинг астрономия ва математика соҳаларидаги кашфиётлари, назарий таҳлиллари ва амалий методикалари ўз даврида фанни янги босқичга олиб чиқди, бугун эса тарих, манбашунослик ва халқаро илм-фан муносабатлари нуқтаи назаридан ўрганишга лойиқ илмий мерос сифатида баҳоланмоқда.

 

    Самарқандда етишиб чиққан, Улуғбек мактабида шаклланган ва Истанбулда ўз илмий салоҳиятини тўлиқ намоён қилган Али Қушчи ўз асарлари, таржималари ва ўқув жараёнлари орқали Шарқ ва Ғарб фанини боғлаган салоҳиятли кўприкка айланди. Унинг илмий хизмати бугунги глобал илм-фан тизимида ҳам ўз таъсирини сақлаб қолмоқда.

 

    Илмий мерос: назарий билимдан амалиётгача

 

    Али Қушчининг илм-фандаги энг катта ютуқларидан бири — назарий билимларни кенг доирада амалий ишларга йўналтира билганидир. У астрономия, арифметика, геометрия, алгебра ва тригонометрия соҳаларида 30 га яқин асар ёзган. Бу асарлар фақат бир мактаб ёки давлат учун эмас, балки бутун Ислом олами ҳамда кейинчалик Европадаги фан намоёндалари учун манбага айланди.

 

    “Рисола ал-Муҳаммадия фи-л-ҳисоб”

 

    Унинг энг машҳур математик асарларидан бири ҳисобланган ушбу рисолада арифметик ҳисоблашлар, геометрик тушунчалар, манфий ва мусбат сонлар, олтмишлик ва ўнлик тизимлар, алгебра ва тригонометрияга оид асосий масалалар баён этилган. Қизиқ жиҳати шундаки, Али Қушчи “мусбат” ва “манфий” сонлар атамаларини замонавий тушунчада биринчи бўлиб жорий қилган. Бу атамалар ҳозиргача айнан унинг маъносини сақлаган ҳолда қўлланилади.

 

    “Рисолаи қусур” (Касрлар ҳақида рисола)

 

    Бу асарда у иррационал сонлар, хусусан, ўнлик касрлар орқали квадрат илдиз чиқариш усулларини баён этди. Ушбу рисола ўз даври учун фан ва амалий ҳисоб-китоб соҳасида илғор йўналиш бўлди.

 

    Улуғбек “Зиж”ига шарҳ ва таржима

 

    Али Қушчи устози Улуғбек томонидан тузилган “Зиж” — астрономик жадваллар ва кузатувлар тўпламига шарҳ ёзди. Бу ишда у Жамшид ал-Коший ва Қозизода Румий ишларини давом эттирди ва Истанбулда бу илмий меросни туркий тилга таржима қилиб кенг тарқатди. Бу асар Европага етиб бориб, кўплаб астрономлар учун илҳом манбаига айланди.

 

    Халқаро илм-фанга таъсири: Шарқдан Европага илмий кўприк

 

    Агар илм-фан тарихини узлуксиз ривожланаётган жараён сифатида тасаввур қилсак, Али Қушчи бу жараёнда устувор рол ўйнаган калит шахслардан биридир. У ўз фаолияти билан илмнинг чегарасини кенгайтирди — географик, маданий ва сиёсий чегараларни эмас, балки фикр ва услуб чегараларини.

 

    У яратган асарлар, хусусан Улуғбекнинг “Зиж”ига ёзган шарҳлари орқали нафақат Усмонли салтанати давридаги мадрасаларда, балки Европа илмий мактабларида ҳам астрономияга бўлган қизиқиш ва методик ёндашув шаклланди. Айниқса, ХVI асрда Коперник ва ундан кейинги Ғарбий Европа астрономлари кашфиётларида Шарқ манбаларининг, хусусан Самарқанд илмий мактабининг, ўрни алоҳида кўзга ташланади. Бу жараёнда Али Қушчининг таржималари ва илмий изоҳларини инобатга олмасдан тўлиқ манзара ҳосил қилиб бўлмайди.

 

    Шунингдек, Али Қушчи Усмонли империясида илм-фан сиёсатини шакллантиришда ҳам фаол иштирок этди. Аё София мадраса тизими орқали у турли юртлардан келган талабаларни ўқитди, ўзининг замонавий билимлари ва муҳандислик ечимлари орқали Истанбул илмий муҳитини жонлантирди. Бугунги кунда ҳам у Усмонли математик-авлодларининг илк асосчиларидан бири сифатида эътироф этилади.

 

    Али Қушчи нафақат ўз асарлари билан, балки шогирдлари орқали ҳам илм-фанни давом эттирди. У тарбиялаган мутахассислар кейинчалик кўплаб минтақавий илмий мактабларнинг пойдеворини яратган. Унинг таъсири замонавий илмий фикр ва методологиянинг ривожига ҳам туртки берган.

 

    Али Қушчи — бу тарих саҳифаларидаги оддий ном эмас, балки бутун бошли илмий мактаб, тафаккур тизими ва маънавий қатламни англатади. У ўз илмий изланишлари, таржималари ва таълим-тарбиявий фаолияти орқали бир неча аср давомида фан тараққиётига хизмат қилган. Айнан у туфайли Улуғбек мероси Европага етиб борди, математик терминлар фанга мустаҳкам кириб келди ва ақл билан эътиқод уйғунлашган фан анъанаси шаклланди.

 

    Шундай экан, Али Қушчининг мероси — бу нафақат тарихий фахр, балки ҳозирги ва келажак авлодлар учун интеллектуал ва ахлоқий йўлчи юлдуздир. Унинг изидан бориш — бу рақамлар ортидаги маънони кўра билиш, илм орқали жамиятни, инсонни ва ҳаётни юксалтириш демакдир.

 

    Шу тарзда Али Қушчи номи нафақат ўтмишдаги буюк илмий мактаблар билан боғлиқ, балки бугунги кунда ҳам интеллектуал мерос сифатида катта аҳамият касб этмоқда. Унинг фаолияти, асарлари ва илмга бағишланган ҳаёти нафақат тарихчилар ёки манбашунослар учун, балки ҳар қандай илмга ташна инсон учун ибрат манбаидир.

 

    Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Ислом илм-фан анъаналарини қайта жонлантириш, уни глобал илмий муҳитга интеграция қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президент ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – нафақат тарихий ёдгорликларни, балки исломий илм-фаннинг буюк алломалари меросини замонавий форматда ўрганиш ва намойиш этиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.


Ҳусан ТУРСУНОВ
 
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.