“Вақт девори”да Темурийлар тафаккур дунёсига саёҳат
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясининг Иккинчи Ренессанс бўлимида нафақат буюк ҳукмдорлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатлар, балки ўша даврдаги илмий янгиликлар, маданият ва маърифат ривожига бағишланган тафаккур дунёсига саёҳат қиласиз.
Бошқа бўлимларда бўлгани каби мазкур бўлимда ҳам асосий эътибор — Амир Темур ва темурийлар давридаги илмий кашфиётлар, мутафаккирлар ҳамда уларнинг маънавий меросига қаратилади. “Вақт девори”нинг сўнгги қисмида айнан темурийлар даври кутубхоналари алоҳида ёритилади.

Бўлим 5 қисмга ажратилган. Яъни Амир Темур, Шоҳрух Мирзо, Улуғбек Мирзо, Ҳусайн Бойқаро ҳамда Бобур Мирзо кутубхоналаридаги илм ва маърифат билан боғлиқ бой мерос кўргазмага қўйилган. Ҳар бир қисмда ўша шахснинг кутубхонаси, ёзма манбалари, тарихий экспонатлари, бино макетлари ва адабий муҳити ёритилади.
Экспозиция Амир Темур залидан бошланади. “Темур тузуклари” — бу залдаги марказий экспонатлардан бири. Улардан турли даврларда кўчирилган нусхалар ва иқтибослар намойиш этилади. Темурнинг ташқи сиёсати, Европада унга бўлган муносабат ҳақидаги тарихий асарлар, ўша давр санъати, маданияти ва илм-фани ҳам ўрин олади. Катта LED экранда эса Амир Темурнинг уламолар билан шахмат ўйнаётган тасвири намоён бўлади.
Шоҳрух Мирзо даври — унинг шажараси, фарзандлари, бунёд этган бинолари ва ижодий мероси орқали ёритилади. Залда Гавҳаршодбегим мадрасаси пештоқидаги нақшлар жонланади.

Улуғбек Мирзо бўлими — астрономияга бағишланган. Зал кўк рангда тасвирланган бўлиб, Улуғбек обсерваторияси макети, фойдаланган астрономик асбоблари, буржлар тасвири ва осмон жисмлари билан безатилган шифт қисми томошабинни гўё осмон бағрига олиб киради. Улуғбек асарларидан олинган факсимилелар ҳам намоён қилинади.
Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий даври — бу бўлимда уларнинг Ҳиротдаги адабий муҳити, бадиий мероси, китоблар, қўлёзмалар орқали очиб берилган. Ҳусайн Бойқарога оид ноёб экспонатлар ҳам намойиш этилади.
Бобур Мирзо бўлимида эса унинг ҳаёти, авлодлари, Бобурийлар сулоласи даврига оид асарлар ва қимматли экспонатлар ўрин олган.
Бўлимнинг сўнгида эса темурий малика ва хонимлар учун махсус қисм ажратилган. У ерда Сароймулкхоним, Гавҳаршодбегим, Зебуннисо ва Гулбаданбегим каби донишманд аёллар ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар тақдим этилади. Улар темурийлар сулоласида илм, маданият ва давлатчиликда ўз ўрнига эга бўлган қаҳрамонлар сифатида намоён этилади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа