“Жадидчилик — фақат маориф эмас, соф сиёсий ҳаракат ҳам эди” – тарихчилар

   


   Собиқ совет мафкураси узоқ вақт давомида яшириб келган тарих — “Ёш бухороликлар” ва “Ёш хиваликлар” ҳаракатлари ҳақидаги ҳақиқатлар, ниҳоят, халқ олдига чиқмоқда. Бу ҳақда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи бош илмий ходими Баҳром Ирзаев маълум қилди.

 

“Бу ҳаракатлар жадидчиликнинг сиёсий қанотини ташкил қилган. Улар 4 йилдан ортиқ яшамаган бўлиши мумкин, лекин Бухоро Халқ Шўро Жумҳурияти ҳамда Хоразм Халқ Шўро Жумҳурияти — кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг вужудга келишида беқиёс аҳамиятга эга бўлган. Улар яратган конституция, ҳуқуқий ҳужжатлар ва хатлар нафақат ёшлар учун, балки тарихчиларнинг ўзи учун ҳам янгиликдир” — дейди Б. Ирзаев.

 

 

    Музей томонидан тайёрланаётган “Ёш бухороликлар ҳаракати” ва “Ёш хиваликлар ҳаракати” мавзусидаги композициялар доирасида айни шу тарихий ҳужжатлар, архив манбалари ва ёзишмалар намойиш этилади. Совет даврида унуттирилган ҳақиқат бугун янги ёндашув билан тадқиқ этилмоқда.

 

    “Биз шуни кўрсатишни истаймизки, жадидчилик нафақат маориф, балки мустақил Туркистон ғояси йўлидаги сиёсий ҳаракат ҳам бўлган” — дейди Баҳром Ирзаев.