“114 Қуръон” лойиҳасида юзлаб нодир манбалар ўрганилмоқда

 

 

    Франция, Туркия ва Австриядан нуфузли мутахассислар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда “114 Қуръон” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида Ўзбекистонга тегишли янада кўпроқ Қуръон қўлёзмалари танлаб олинди. Онлайн мулоқотлар, ҳужжат алмашинуви ва илмий муҳокамалар орқали лойиҳа янги босқичга кирди.


    Жорий ҳафтада мазкур лойиҳа истиқболлари юзасидан Австриянинг Müller & Schindler компанияси вице-президенти Александр Вилгельм ҳамда қуръоншунос олимлар Француа Дерош (Франция) ва Эмек Ушенмез (Туркия) билан онлайн тарзда учрашув ўтказилди.





    “Асосий мақсадимиз — Қуръоннинг турли тарихий нусхаларини илмий тадқиқ қилиш, уларнинг юқори сифатдаги факсимиле нусхаларини олиш ва буни жаҳон жамоатчилигига етказишдир,” дейди Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Азимжон Ғафуров.


    Француа Дерош айрим музейлардан факсимиле нусхаларини олишдаги баъзи масалалар ечими устида ишланаётганини билдирди.





    Эмек Ушенмес эса лойиҳага катта ҳавас билан ёндашмоқда:


    “Биз янада кўпроқ Ўзбекистонга тегишли Қуръонлар танлаб олдик. Белгиланган фурсатгача улгуришга ҳаракат қиламиз,” деди туркиялик олим.
 

    “114 Қуръон” — ислом мероси бўйича халқаро ҳамкорликнинг ёрқин намунаси. Ушбу лойиҳа дунёдаги энг нодир ёзма манбаларни илмий асосда тадқиқ қилиш ва келажак авлодга етказиш мақсадида амалга оширилмоқда.