Саудия элчиси Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

 

 

   Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ибн Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий жаноблари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.


    Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мартабали меҳмон билан бўлиб ўтган учрашувда Давлатимиз раҳбари ўтган йилларда бу мажмуага бир неча бор ташриф буюриб, уни чиройли ва сифатли қуриш, дунё олимлари фикрини ўрганиб, мазмунини бойитиш бўйича кўрсатмалар берганини таъкидлади. Шунингдек, Марказ қурилиши ва унинг экспозициясини янги мазмун билан бойитиш ишлари бевосита Президент Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат эътиборида экани ҳамда ушбу илмий-маърифий масканни Янги Ўзбекистоннинг энг йирик ақл марказига айлантириш бўйича белгиланган вазифалар ва топшириқлар ҳақида маълумотлар берилди.

 

   

    Шунингдек, Марказ бунёд этилиши мақсади ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиши ҳам Саудия элчисида Давлатимиз раҳбари ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳанинг маҳобати ҳам, моҳияти ҳам улкан эканлиги ҳақида янада кенг тасаввур уйғотди. 

 

    Бўлиб ўтган учрашувда Саудия элчиси Юсуф ибн Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик, диний-маърифий соҳалар билан боғлиқ кўп қиррали ҳамкорлик истиқболларини алоҳида қайд этди. Бу борада юртимизда бевосита Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. Элчи бутун дунёда глобаллашув жараёнлари бораётган ва зиддиятларга тўла бир пайтда Ўзбекистоннинг маърифатли ислом ғояларини кенг тарғиб этиш, аждодлар меросини ўрганиш ҳамда тадқиқ қилиш ташаббусини Саудия Арабистони томони қўллаб-қувватлашини билдирди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан яқиндан танишган Юсуф ибн Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий жаноблари самимий қабул учун миннатдорлик билдирар экан, шундай деди:

 
— Икки томонлама алоқаларнинг тобора ривожланиб бораётганидан жуда хурсандман. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси Маркази ҳамда Имом Бухорий инновацион музейининг ташкил қилиниши, унинг келгусидаги фаолияти ҳақидаги маълумотлар билан танишар эканман, диний-маърифий соҳадаги бундай ислоҳотлардан мамнунман. Келгусида ташриф буюрувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида етук мутахассисларни жалб қилиш ва ходимлар учун семинар-тренинглар ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Умид қиламанки, ушбу учрашув келажакда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларнинг дебочаси бўлади.

 

 

    Бундан ташқари, учрашувда марказ фаолияти билан боғлиқ кўплаб ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди. Марказ музейи экспозициясини бойитиш билан боғлиқ музейлар фаолиятини ўрганиш, илмий доира вакиллари ўртасидаги мулоқот майдонини кенгайтириш шулар жумласидандир.



       Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати