Миллий архивдан ҳеч қаерда эълон қилинмаган ҳужжатлар топилди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилаётган янги экспозицияда телевидение тарихига оид ҳеч қаерда эълон қилинмаган маълумотлар биринчи марта жамоатчиликка тақдим этилиши кутиляпти.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ўзбекистон XX асрда” бўлими экспозицияси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда тайёр композициялар ҳолати кўриб чиқилди, экспозициядаги жойлашув масалалари муҳокама қилинди. Ушбу жараён доирасида тарихий манбалар асосида ишланаётган композицияларда катта аҳамиятга эга топилмалар аниқланмоқда.
Филология фанлари доктори, доцент Перхан Алламбергенова раҳбарлигидаги ижодий гуруҳ тайёрлаётган композиция “Ўзбекистон телевидение ватани” деб номланади. Лойиҳа муаллифининг таъкидлашича, мазкур композиция телевидениенинг тарихи билан боғлиқ муҳим маълумотларни ўз ичига олади.
“Биз тарихдан биламизки, Ўзбекистонда, айнан, Тошкент шаҳрида биринчи телевидение яратилган, ихтиро қилинган ва синовдан ўтган. Бу Тошкент шаҳрида, Шайхонтоҳур туманида бўлиб ўтган. П. А. Грабовский ва И. Ф. Белинский ихтироси натижасида бугун бутун дунё телевидениедан фойдаланиб, мазкур ихтиро ОАВ сифатида ўз ўрнини топди. Биз мана шу композициямизда Грабовский ихтиросини кўрсатиб беришимиз керак” – дейди Перхан Алламбергенова.
Композицияни тайёрлаш жараёнида муаллиф бир нечта архив ва музейларга ташриф буюрганини маълум қилди.
“Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси музейи, Ўзбекистон Республикаси Алоқа музейида қандай экспонатлар борлигини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивини бориб ўргандим. У ерда 5-6 та маълумот топган бўлсам, энг қиммат маълумотлар Ўзбекистон Миллий архивидан чиқди. Улар орасида Грабовскийлар ихтиросига тегишли бўлган бир неча архив ҳужжатлари бор. Ҳозир биз — ўша топилган ҳужжатларни рақами билан тақдим этдик. Галдаги вазифамиз — уларни сканерлаш ва керак бўлса, фотоальбом, ижтимоий видеоролик ва портретлар яратиш учун кейинги босқичга ўтказиш” – дейди П.Алламбергенова.
Шунингдек, ушбу бўлимда тайёрланаётган яна бир йирик композиция – жадидчиликнинг сиёсий қанотига бағишланган. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев мазкур экспозицияга тайёрланаётган иккита композиция устида иш олиб бораётганини маълум қилди: булар “Ёш бухороликлар ҳаракати” ва “Ёш хиваликлар ҳаракати”.
Унинг таъкидлашича, бу ҳаракатлар жадидчиликнинг фақат маърифий эмас, балки сиёсий йўналишини ҳам кўрсатиб беради:
“Умуман олганда, бу жадидчиликнинг сиёсий қаноти бўлиб, ўз даврида, 4 йил ҳукм сурган бўлса-да, бу — Бухоро халқ шўро жумҳурияти, Хоразм халқ шўро жумҳурияти ва кейинчалик Ўзбекистон вужудга келишига жудаям кўп ҳужжатлар, тарихий воқеликлар борки, албатта, собиқ совет даврида уларнинг хизматини йўқ қилиш учун бу тарих ёпилган эди. Бугун биз жадидчилик нафақат маърифий, балки бу соф сиёсий мақсаддаги ҳаракат бўлганини кўрсатиб бермоқчимиз. Яъни Туркистон ҳақида уларнинг ўзларининг жуда катта ишлари бор эди. Шулар барчаси композициямизда ўз аксини топади.
Жуда кўп янги материаллар кетяпти – конституция, ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг ўзаро ёзишмалари. Улар кўпчилиги нафақат ёшлар учун, балки тарихчилар учун ҳам янгилик ҳисобланади. Уларнинг барчаси бизнинг композициямизда ўз аксини топади” – дейди Баҳром Ирзаев.
Ўтмиш ўз сўзини гапирмоқда — эндиликда бу тарихий ҳақиқатлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг композицияларидан ўрин олади.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
