Исломдан аввалги цивилизациялар тарихи экспозиция орқали қайта “тирилади”

 

 

    2000 дан ортиқ олимлар, мутахассислар, дизайнерлар, рассомларни бир мақсад йўлида бирлаштирган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей контентларидан жой олаётган исломдан аввалги давр экспозициясида тарихий манзара замонавий тарзда намоён этилиши кутиляпти. Мутахассисларнинг маълум қилишича, экспозиция фақат кўриш мумкин бўлган экспонатлар билан чекланиб қолмайди.


    Ислом цивилизацияси марказида исломдан аввалги давр цивилизацияларини ёритишга қаратилган экспозицияни шакллантириш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари, хорижлик ҳамкорлар ва эксперт мутахассислар иштирокида навбатдаги семинар бўлиб ўтди.


    Тадбир доирасида, аввало, марказда амалга оширилаётган биринчи тоифага кирувчи лойиҳаларнинг якуний ҳисоботлари қабул қилинди ва ушбу лойиҳалардаги контентларни экспозицияда жойлаштириш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, иккинчи тоифага мансуб бўлган, кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.


    Семинарда республикадаги етакчи илмий муассасалар, музейлар ва тегишли ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этди. Қолаверса, мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган лойиҳа раҳбарлари ҳам муҳокамаларга онлайн мулоқотга киришдилар.

 


    Йиғилишда туркиялик ҳамкор – “Outdoor Factory” дизайн компанияси билан биргаликда музейнинг “Исломдан аввалги давр”га оид бўлимида жойлаштириладиган контент, яъни артефактлар, муляжлар, макетлар, хариталар ва шунга ўхшаш визуал материалларни секторлар бўйича тақдим этиш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди. Тақдим этилган таклифлардаги ёндашув экспозицияда тарихий манзарани замонавий тарзда намоён этиш имконини яратиши таъкидланди.


    Маълум қилинишича, экспозиция фақат кўриш мумкин бўлган экспонатлар билан чекланиб қолмайди. Унда овозли фильмлар, бир неча тилдаги ёзма ва аудио маълумотлар, шунингдек, ҳид ҳисси орқали тарихий муҳитни тўлақонли ҳис этиш имконини берувчи элементлар ҳам жой олади.

 

    “Келгусида бу марказга ташриф буюрувчи ёшлар ва меҳмонлар тасаввурида тарихни жонлантириб беришда бундай воситалар муҳим аҳамиятга эга. Композициялар нафақат кўриш, балки эшитиш, ҳис этиш ва ҳаттоки ҳидлаш орқали ҳам таъсир ўтказадиган экспозицион ечимларга эга бўлади”,дейди Ислом цивилизацияси марказининг етакчи илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Анвар Матниёзов.

 

    Йиғилишда тақдим этилган дизайн концепцияси иштирокчилар томонидан ижобий баҳоланди. Экспозиция мазмунини янада очиб берувчи айрим деталлар юзасидан муҳокамалар йиғилишдан сўнг ҳам давом эттирилди. Фикрлар хилма-хиллиги муҳокама жараёнига янада ижобий руҳ бағишлади.


                                                          Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати