Иккинчи Ренессанс: цивилизациялар, шахслар, кашфиётлар бир манзилда уйғунлашмоқда

   

    Ўзбекистондаги
Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган навбатдаги ишчи гуруҳ муҳокамаси илмий маслаҳатчилар, техник мутахассислар, сценарийнавислар, реставраторлар ва визуал дизайнерларнинг жиддий баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Унда Марказ музейидан ўрин оладиган “Иккинчи Ренессанс даври” экспозицияси лойиҳаларининг мазмуни, техник таъминот ва илмий ёндашувлари ҳамда ижроси яна бир бор таҳлил қилинди.

 

    Йиғилиш давомида Марказ экспозициясининг асосий мазмуний йўналишлари, техник ва технологик жиҳатлари, мультимедиавий тақдимот шакллари, шунингдек, қисқа метражли фильм ва видеороликлар концепцияси атрофлича муҳокама қилинди. Учрашувда экспозициялар мазмунини соддалик асосида эмас, балки цивилизациявий асосда – шахс, тафаккур ва кашфиётлар орқали ёритиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

 

      

             Цивилизациявий ёндашув асосий мезон сифатида белгиланди

 

    Муҳокамалар давомида Ислом цивилизацияси маркази оддий тарихий экспозициялар тўплами эмас, балки ўзбек халқининг тафаккур ўзаги, маданий ва илмий ўзлигини ифодаловчи цивилизациявий макон бўлиши лозимлиги қайд этилди. Ҳар бир экспозиция, ҳар бир бўлим ва ҳар бир тарихий сиймо орқали ўз даврининг илмий, маънавий ва ижтимоий онгини ифодаловчи мазмун яратилиши кераклиги билдирилди.

 

   
    Шу муносабат билан, экспозицияларнинг мазмуни қуйидаги концептуал тамойилларга асосланмоқда:

 

  • Шахс ва тафаккур уйғунлиги – тарихий сиймолар фаолияти орқали уларнинг ғоялари, илмий мероси ва жамиятдаги таъсири очиб берилади;

 

  • Кашфиётлар руҳи – Қуръон илми, тафсир, ҳадис, фиқҳ, математика, астрономия, санъат, меъморчилик ва тиббиётдаги ютуқлар тарихий объект эмас, инсон тафаккурининг маҳсули сифатида намоён этилади;

 

    Узвийлик ва изчиллик – цивилизациявий тараққиёт босқичлари ўзаро боғлиқ ҳолда, минтақавий, замонавий ва глобал контекстда ёритилади.

 

 

    Тарихий сиймолар – ғоя ва қадриятлар тимсолида

 

    Йиғилишда ҳар бир тарихий шахс — оддий воқеалар иштирокчиси эмас, балки ўз даврида жамият тафаккурини белгилаган сиймо сифатида очиб берилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

 

         Мисоллар:

 

    Амир Темур – нафақат саркарда, балки давлат, адолат, тартиб ва илм ҳомийси сифатида;

 

    Мирзо Улуғбек – нафақат астроном, балки тафаккур ва танқидий фикрлаш асосчиси сифатида;

 

    Алишер Навоий – нафақат шоир, балки тил ва ижтимоий адолат ғояларини илгари сурган мутафаккир сифатида;

 

    Аёл сиймолари – сарой маданиятининг бир бўлаги эмас, балки илм ва тарбияда фаол иштирок этган, жамият шаклланишига бевосита ҳисса қўшган шахслар сифатида ёритилади.

 

 

         Мультимедиа воситалари ва технологик ёндашувлар муҳокама марказида

 

    Йиғилишда экспозицияларда фойдаланилаётган технологик воситалар ва уларнинг функционал имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан:

 

  • Интерактив панеллар орқали шажаралар, хариталар, матнлар ва тасвирлар жонлантирилади;

 

  • Сенсорли витринларда ноёб қўлёзма нусхалари ва уларнинг илмий тавсифлари тақдим этилади;

 

  • 3D макетлар орқали расадхоналар, мақбаралар ва тарихий обидалар реконструкция қилинади;

 

  • Овозли тизимлар ёрдамида ташриф буюрувчиларга ҳар бир бўлим ҳақида эшиттириш имконияти яратилади;

 

  • Гигант мониторларда эса қисқа метражли ҳужжатли фильмлар, драматик саҳналар ва жонли лавҳалар намойиш этилади.

 

 

    Кино маҳсулотлари: тарихий образларни жонлантириш воситаси сифатида

 

    Шунингдек, йиғилишда Марказ доирасида ишлаб чиқилаётган қисқа метражли фильмлар ва видеороликлар концепцияси ҳам муҳокама қилинди. Мазкур маҳсулотлар тарихни нафақат фактлар орқали, балки ҳиссиёт ва ҳикоя воситасида етказишга хизмат қилади.

 

    Режалаштирилган тарихий саҳналардан баъзилари:

 

    “Умар Ақта томонидан Қуръон кўчирилиши”;

 

    “Улуғбек расадхонасидаги сўнгги кузатув”;

 

    “Беҳзоднинг дастлабки миниатураси”;

 

    “Навоий ва Жомий ўртасидаги илмий мунозара”.

 

    Мазкур саҳналар Марказга ташриф буюрувчи ёшлар ва халқаро меҳмонларда тарихий онг, цивилизациявий хотира ва маданий ифтихорни уйғотишга хизмат қилиши кутилмоқда.

 

 

         Йиғилиш якуни ва келгуси вазифалар
 

    Йиғилиш якунида ҳар бир сектор ва экспозиция бўйича контентлар якуний кўринишга келтирилиши, мавжуд илмий-тарихий манбалар асосида изчил асослаб чиқилиши, экспозициялар мазмунида илм, тафаккур, маънавият ва замонавий кўргазма эстетикаси уйғунлашган бўлиши лозимлиги қайд этилди.

 

    Бундан ташқари, кўргазма бўлимларининг тарбиявий, дидактик ва маданий аҳамиятини ошириш, уларни халқаро талабларга мос равишда такомиллаштириш, хорижий меҳмонлар учун кўп тилли ахборот тизимини жорий этиш масалалари ҳам кун тартибига қўйилди.

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — бу тарихни сақлаш эмас, балки уни замон руҳида англаш ва уни авлодлар тафаккурига етказиш учун яратилаётган ноёб илмий-маърифий маскандир. Йиғилишда билдирилган фикр-мулоҳазалар ва қабул қилинган қарорлар ушбу масканни халқаро миқёсда эътироф этилувчи, ғоя, маънавият ва тафаккур уйғунлигининг тимсолига айлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.
 

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати