Ҳусайн Бойқаро ким эди?

У Навоийни саройдан ҳайдаганми?
Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар битган Хуросон ҳукмдори, Темурийлар сулоласининг вакили Султон Ҳусайн Бойқаро Амир Темурнинг эвараси бўлиб, 1438 йил июлда Ҳиротда туғилган. Бобурнинг ёзишича, у “каримут-тарафайн”, яъни ҳам она, ҳам ота томонидан Соҳибқироннинг авлоди бўлган.
Ёшлигида узоқ йиллик қувғин ва саргардонлик даврини бошдан кечирган. Ҳирот ҳукмдори Абусаид Мирзо ҳалокатидан сўнг, 1469 йил 24 март куни Ҳусайн Мирзо Ҳирот тахтини эгаллаган.
Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик қилган даврда Хуросон фуқаролари бирмунча осойишта ва фаровон ҳаёт кечирган. Мамлакатда йирик сув иншоотлари, маъмурий бинолар, мадраса, масжид, карвонсарой, работлар, кўприклар қурилган. Унинг даврида Ҳирот фан ва маданият марказига айланган, билимдон олимлар, сўз усталари, адиблар, шоирлар, мусиқашунослар, ҳунарманд-наққошлар ва мусаввирлар етишиб чиққан.
Навоийнинг таъкидлашича, Ҳусайн Бойқаро эски ўзбек тилининг тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг ривожи учун қатор чора-тадбирларни амалга оширган. Ёзма туркий тилни ривожлантириш, шу тилда ижод қилишга доир махсус фармон чиқарган. Унинг ўзи “Ҳусайний” тахаллуси билан ижод этган.
Қайси жаннат сабзаси хатти намудорича бор?
Ё Масиҳо нутқи ул лаъли шакарборича бор?
Носиҳо, жаннат умиди бирла бормон кўйидин
Ким, бу мен маҳзунға юз фирдавс гулзорича бор.
Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида бир воқеани мисол келтиради. Кунларнинг бирида Навоий ҳузурига Қундуз ёки Ҳисор тарафдан Қабулий тахаллусли ёш шоир келиб, унга минг истиҳола билан бир ғазалини кўрсатади. Ғазал шундай бошланарди:
Наъл кестим дарди афзун бўлдию кам бўлмади,
Доғ қўйдум сўзи кам бўлғай дебон, ҳам бўлмади.
Йигит бу ғазални Ҳусайн Бойқаронинг адабий мажлисига юбормоқчи эканини айтиб, шу шеърни таҳрир қилиб беришни илтимос қилади. Ҳазрат Навоийга “ҳам бўлмади” деган қофия унча манзур бўлмайди. Ёш шоир “ҳар қанча уринсам ҳам бундан яхшироқ қофия тополмадим, устоз мумкин бўлса, ўзингиз хатоларини тузатиб берсангиз” деб таъзим қилади.
Улуғ шоир ғазални таҳрир қилиб, унинг иккинчи байтини бутунлай янгидан ёзиб беради:
Сарв мойил бўлдиким, ўпгай аёғинг туфроғин,
Йўқса ҳар соат сабо таҳрикидин хам бўлмади.
Алқисса, Қабулий бу шеърни қайта кўчириб, мулозимлардан бирининг воситасида султоннинг шеърий мажлисига киритади. Шеърни Ҳусайн Бойқаро ҳам ўқийди ва ҳазрат Навоийга юзланади:
– Ғазалнинг иккинчи байти сал бошқачароқ, шу байтни бошқа биров унга ёзиб бермаганмикин?
Бу сўздан ҳазрат Навоий бироз ноқулай аҳволга тушади. Чунки, биргина сўз билан султоннинг ёш шоирга бўлган эътиборини йўққа чиқариш мумкин. Шу боис, Навоий аввалига жим туради. Султон яна шу масалада такрор савол бергач, иқрор бўлишдан бошқа чора қолмайди.
Шундан сўнг, Ҳусайн Бойқаро ўша йигитни саройга олиб келишни, у билан бироз ҳазил-мутойиба қилмоқчи эканини айтади. Йигитчанинг оёғини ерга теккизмай, мажлисга олиб келадилар. Султон унга алоҳида илтифот кўрсатиб, ғазалини мақтайди. Ҳазрат Навоий “ҳозир бечора йигитни роса мулзам қилишади, мен ҳам шарманда бўламан” деган андишада юрак ютиб турганди. Аммо мажлиснинг охирига қадар ҳалиги байт ҳақида сўз очилмайди.
Мажлис тугаб, фақат султоннинг энг яқин кишилари қолишади. Шунда мулозимлардан бири “Онҳазрат, Қабулийнинг ҳалиги байти бўйича бир мутойиба қиламиз, деган эдингиз, ёдингиздан кўтарилдими?”, – деб савол беради. “Йўқ, ёдимда чиққани йўқ, – дейди султон. – Лекин ёш йигитни кўпчилик олдида уялтириб, изза қилгим келмади”.
Шунда ҳазрат Навоий таъзим билан “Онҳазрат, сиз фақат ўша ёш шоирга эмас, каминага ҳам бениҳоя улуғ марҳамат кўрсатдингиз”, – деган экан.
Шу мисолнинг ўзиёқ Навоийнинг ёш ижодкорларга бўлган ғамхўрлигидан, шунингдек, Султон Ҳусайн Бойқаронинг гўзал хулқ ва одамийлик соҳиби эканлигидан далолат беради.
Албатта, унинг бир муддат айшу ишратга берилгани, ўз фарзандлари билан муросасизликка боргани, ҳатто набирасининг ўлимига ҳам сабабчи бўлганидан кўз юмиб бўлмайди. Беайб – Парвардигор, у ҳам ҳамма қатори хом сут эмган банда эди.
Собиқ Иттифоқ даврида яратилган фильм ва спектакллардагидек шаҳзода Мўъмин Мирзонинг фитна натижасида ўлдирилиши Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ўртасида кучли зиддиятни келтириб чиқармаган. Аксинча бу фожиа икки дўстни янада жипслаштирган. Навоий султонга мактуб ёзиб унга таскин берган.
Шаҳзода Мўъмин Мирзо фожиаси ва бу машъум қатлга Ҳусайн Бойқаронинг мастлик ҳолатида муҳр босиши Темурийлар сулоласи инқирозини янада тезлаштирганини ҳеч ким инкор этмайди. Ҳазрат Навоий бу машъум фожиада султоннинг айби йўқлигини яхши тушунарди. Мўъмин Мирзонинг ўлими қанчалар қайғули бўлмасин, Навоий бу нохушликни тақдир тақозоси сифатида қабул қилди. Бизга таниш асарларда бўлгани каби ҳазрат бу фожиада султонни айблаб, унинг пушаймонликда адо бўлаёзган қалбига наштар урмади. Аксинча бу иш Ҳақнинг иродаси эканини айтиб, султонга далда берди.
Навоийнинг султонга битган номаларидан бирида ушбу рубоий тилга олинган:
Гул кетди эса, чаман муаттар бўлсин,
Шамъ ўчди эса, қамар мунаввар бўлсун,
Шаҳзодаға гар равза муяссар бўлди,
Султонға жаҳон мулки мусаххар бўлсун!
Бундан ташқари Ҳазрат Навоийнинг сўнгги дамлари ҳам айнан Ҳусайн Бойқаронинг ёнида кечгани, ҳатто буюк шоир ўз дўстини олис сафардан қайтаётганида, хаста ҳолига қарамасдан кутиб олишга чиққани, шаҳар ташқарисида уни эҳтиром ила қарши олгани ва шу ерда тақдир тақозоси билан Ҳақ омонатини топширгани ишончли манбаларда келтирилади.
Рустам Жабборов
P/S:Maqoladan markaz rasmiy sayti havolasini koʻrsatgan holda foydalanish mumkin.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа