Маҳобатли рангтасвир асарларини тайёрлаш ишлари давом этмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилаётган мегалойиҳа — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши бугунги кунда якуний босқичга етди.
Марказнинг қурилишини якунига етказиш билан бирга уни ўтмиш, бугун ва келажакни ўзида мужассам этган контентлар билан бойитиш, ҳар жиҳатдан маънан бой экспозицияларни тақдим этишга бағишланган муҳокамалар ҳам қизғин давом этмоқда. Асосий мақсад эса Марказ экспозицияси учун танлаб олинган ва олинаётган лойиҳаларнинг мазмунан бой ва оммабоп бўлиши, унга ташриф буюрган барчада, хусусан, ёшлар учун ҳам миллий ғурур, фахр туйғусини уйғотишга эришишдир.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтган навбатдаги, яъни Марказнинг кириш фойеси учун тайёрланаётган маҳобатли рангтасвир асарлари муҳокамаларида ҳам ана шу мақсад устуворлик касб этди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ҳам иштирок этиб, кириш фойеси учун тайёрланаётган маҳобатли рангтасвир асарларига оид таклифлар тақдим қилинди.
Тақдим этилган маҳобатли рангтасвир асарларида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври ютуқлари, буюк кашфиётлари, меъморий ёдгорликлари акс эттирилган. Шунингдек, фойе равоқларида суратларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 29 январдаги Марказга ташрифи давомида берилган тавсиялар асосидаги киритилган ўзгартиришлар ҳам муҳокама қилинди.
“Ушбу равоқлардаги суратлар нафақат бетакрор тасвирий санъат намуналари, балки халқимизнинг кўп асрлик тарихи, аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган мислсиз ҳиссаларини акс эттирувчи муҳим тарихий ва бадиий асарлар бўлиши лозим,” – деди Хайриддин Султонов.
Шунингдек, тарихий шахсларнинг нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон илмий ва маданий тараққиётига қўшган ҳиссасига ҳам алоҳида урғу бериш зарурлиги таъкидланди. Шу боис, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов марказнинг кириш фойеси учун тайёрланаётган маҳобатли рангтасвир асарларда Биринчи Ренессанс давридан ХХ асргача бўлган йирик алломаларнинг сиймосини акс эттириш режалаштирилганини маълум қилди.
Айни пайтда Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Баҳоуддин Нақшбанд, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк шахсларнинг портретлари тайёрланмоқда.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
