Ислом цивилизациясидаги буюк юксалишга замонавий назар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси билан “Цивилизациялар-шахслар-кашфиётлар” Концепцияси асосида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази музейи контентини бойитиш борасидаги изланишлар жадаллик билан давом этмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан олиб борилаётган илмий ва инновацион лойиҳаларнинг амалда татбиқ этиш жараёнлари бугунги кунда нафақат юртимиз, балки бутун мусулмон дунёси диққат марказида. Марказ музейида яратилаётган “Биринчи Ренессанс даври” экспозицияси моддий ва маънавий меросимизни илмий асосда кенг ёритишга, уни замонавий шаклда намоён этишга қаратилган улкан саъй-ҳаракатларни ўзида мужассам этмоқда.
Ислом цивилизацияси марказида айнан шу йўналишдаги лойиҳаларга бағишланган навбатдаги илмий семинар бўлиб ўтди. Унда “Биринчи Ренессанс даври” бўлими экспозициясини мазмунан бойитиш, амалга
оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш ва уларни илмий-амалий жиҳатдан мувофиқлаштириш мақсадида таниқли олимлар, тадқиқотчилар, мутахассислар ва дизайнерлар иштирок этди.
Семинар доирасида марказда намоён этиладиган ҳар бир композициянинг мазмун-моҳияти, визуал ечими ва таъсирчанлиги, энг муҳими уни амалга оширишни янада жадаллаштириш юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Ҳар бир лойиҳа раҳбари ўз иши юзасидан ҳисобот берди. Хусусан, ҳунармандчилик, меъморчилик, масжид ва мадрасалар, мусиқа асбоблари, тангалар каби Биринчи Ренессанс даврининг турли йўналишларини қамраб олган композициялар бўйича аниқ таклиф ва ғоялар муҳокама қилинди.
Семинарда таъкидланган муҳим жиҳатлардан бири — экспозицияларни фақат маълумот манбаи сифатида эмас, балки томошабинни ўзига жалб этувчи, таъсирли ва таълимий маконга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда мультимедиавий, интерактив ва замонавий визуал ечимларни кенг жалб этиш масаласи илмий муҳокамалар марказида бўлди.
Муҳокамалар доирасида бўлимда такрорийликка йўл қўймаслик, ранг-баранглик, миллийлик ва тарихий руҳни визуал ва мазмунан тўлиқ ифода этиш мақсадида аниқ режалар белгилаб олинди.
Семинарда Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ҳам сўзга чиқиб, Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилаётган ушбу марказнинг глобал аҳамияти, унинг нафaқaт Ўзбекистонда, балки бутун ислом оламида тутажак ўрни ҳақида фикр билдирди.
– Марказ фаолиятига жиддий ёндашиш, ҳар бир цивилизация, тарихий шахс ва кашфиётни илмий ечимлар асосида намоён этиш талаб этилади – дейди Марказ раҳбари Ф. Абдухолиқов.
Шу муносабат билан аниқ йўналишлар ва топшириқлар белгилаб олинди.
Экспозицияда алоҳида ўрин эгаллайдиган мавзулардан бири — Мовароуннаҳрдаги илк мадрасалар тарихи ва уларнинг маънавий аҳамиятидир. Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими Абдусаттор Жуманазарнинг изоҳлашича, Биринчи Ренессанс юксалишининг асл замини, унинг руҳий ва илмий қуввати — айнан мадрасалар бўлган.
– Ўша буюк даврда етишиб чиққан Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Фаробий, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби мутафаккирлар ва олимлар бунга ёрқин мисолдир. Уларнинг барча илмий ютуқлари замирида мадрасалар ҳақиқий илм ва маърифат маскани сифатида хизмат қилган. Марказ музейи экспозициясида ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – Абдусаттор Жуманазар.
Фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Каримов эса экспозицияда буюк мутафаккирлар — Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний ва Ибн Синонинг меросини замонавий усулда намоён этиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.
– Фаробийнинг “уд асбоби” муляжи тайёрланди, видеоролик учун сценарий ёздик. Шунингдек, бир қатор қўлёзмаларнинг факсимилелари тайёрланди. Оригинал намуналарни ҳам экспозицияга жойлаштириш кўзда тутилган. Асосий мақсад — меҳмонларда буюк алломаларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида аниқ тасаввур уйғотиш, – олим Бахтиёр Каримов.

Эслатиб ўтамиз, Давлат раҳбарининг Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини кенг миқёсда кўрсатиб бериш, ёшларимизнинг ана шу буюк тарихий меросга садоқат руҳида тарбиялаш, келгусида бу ноёб замонавий масканда турли илмий муҳокамалар, баҳс-мунозаралар ўтказиш, долзарб ғоя ва кашфиётларни илгари суриш, янги илмий контентлар ишлаб чиқиш учун барча шароитлар яратилиши, унинг маъно-мазмунини янада бойитиш ва такомиллаштириш бўйича берган зарур кўрсатмаларидан келиб чиқиб, марказ экспозициясини мазмунли контентлар, тарихий артефактлар ва муляжлар билан бойитиш мақсадида 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар бирлашган. Жами 800 дан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилиб, 3 босқичда амалга оширилади. Айни пайтда дастлабки босқич бошланган, унда 400 дан ортиқ лойиҳалар устида Илмий кенгаш аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда ишлар жадал олиб бориляпти.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ислом цивилизацияси марказидаги Биринчи Ренессанс даври экспозицияси — тарихий меросни замонавий илм, технология ва эстетика билан уйғунлаштиришга қаратилган бетакрор ёндашув бўлиб, у келажак авлод учун билим, илҳом ва ифтихор манбаига айланиши шубҳасиз.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа