Навоийни асраган, Навоийни англаган эл саодатга эришур

Тақдири азал миллат манглайига ҳазрат Навоийдек улуғ зотни битгани ўзбек халқининг ўтмишдаги, ҳозирги ва келажакдаги ҳар бир вакили учун чексиз ғурур ва ифтихор тимсоли бўлиб қолаверади.
Навоийнинг абадиятга дахлдор мероси, бетакрор асарлари, нафақат ўзбек, балки бутун башариятнинг бебаҳо маънавий хазинасига айлангани рост. Бугунги кунда ул зоти шарифнинг умрбоқий асарлари дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Бу асарлардаги эзгулик, инсонпарварлик, садоқат, иймон-эътиқод тараннуми бутун инсониятни бирликка, ҳамжиҳатликка даъват этиб келмоқда.
Гоҳида Навоий асарларини мутолаа қилиш асносида ҳазратнинг бетимсол закоси, идроки, узоқни кўра билишини ҳис этиб, чексиз ҳайрат гирдобига тушасиз. Назаримизда, ул зот юксак даражада тараққий этган замонамизнинг ўзига хос жиҳатларини, ҳатто муаммоларни беш ярим аср илгари теран нигоҳ билан кўра олгандек.
Мисол тариқасида бугунги кунда глобал аҳамият касб этаётган экологик муаммоларни олайлик. Инсониятнинг табиатга нисбатан илмсиз ва меҳрсиз муносабати натижасида экологик вазият тобора кескинлашиб бормоқда.
“Сабъаи сайёр” достонида шоҳ Баҳром овга чиқиб, ўз навкарлари билан жонзотларга мисли кўрилмаган даражада қирон келтиради. Қон дарё мисол оқади. Қоннинг ҳароратидан Ернинг устки қаттиқ қатлами ивиб, унинг остидаги ботқоқлик Баҳром ва унинг навкарларини ўз комига тортади.
Навоий ҳазратлари олис ўтмишдан туриб, бугунги замондошларни муқаррар бир хавф-хатардан огоҳ этгандек гўё. Агар шу тахлит кетаверсак, Шоҳ Баҳром ва унинг сафдошлари қисмати бутун инсониятнинг бошига тушмасмикин?
Уруш, хунрезлик, адоват сингари офатлар замон ва макон чегараларини тан олмайди. Замонлар ўтиши билан бу офатларнинг шакл-шамойили ўзгарар, аммо мазмун-моҳияти ўзгармай қолаверади. Чунки, бани башарни ҳалокатга, кулфату-мусибатларга етакловчи омил ягона – НАФС. Зеро, улуғ мутафаккир бежиз лутф қилмаганлар:
Беша шерин гар забун этсанг, шижоатдин эмас,
Нафм итин қилсанг забун оламда йўқ сендин шужоъ.
Дарҳақиқат, ўрмондаги ваҳший шерни енгиш, ер тишлатишдан кўра, ичимиздаги нафс итини бўйсиндириш ҳақиқий мардлик, шижоат белгисидир. Инсон ўз нафсини тобеъ қилолмас экан, ер юзида низо, биродаркушлик, турли можаролар авж олаверади. Айни пайтда терроризм, диний экстремизм, уюшган жиноятчилик сингари иллатлар Одам авлодларининг муросасизлиги, худбинлиги, очкўзлиги ва ҳарислигининг, бир сўз билан айтганда, НАФСнинг аччиқ меваларидир, холос.
Атрофга теранроқ назар солайлик. Ҳар куни ўнлаб бегуноҳ инсонлар мақсадсиз уруш ва низолар, зиддиятлар, ҳарбий ҳаракатларнинг қурбони бўлаётир. Навоий бобомизнинг асрлар оша яшаб келаётган шоҳ сатрлари уйғоқ руҳнинг янгроқ фарёдидек жаранглайди:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиқ
Ёр ўлунг бир-биримизгаки, эрур ёрлиғ иш.
Вақт ҳамма нарсадан устун, У ҳеч кимга бўйсунмасдир. Замонлар, давру-давронлар ўтаверади. Лекин Алишер Навоийдек буюк аждодларимиз яратиб қолдирган бебаҳо маънавий хазиналар асрлар суронига бардош бериб, янада сайқал топиб, қадр-қиммати ошиб бораверади. Биз эса, Навоий бобомизнинг номи билангина фахрланиб қолмасдан, ана шу хазинадан баҳраманд бўлиб яшамоғимиз керак. Навоийни фақатгина байрамларда, таваллуд айёмларида эмас, ҳар куни, ҳар лаҳзада қалбимизда, руҳимизда, онгу-шууримизда яшатмоғимиз энг гўзал ва энг хайрли амаллардандир.
Навоийни асраган, Навоийни англаган эл саодатнинг энг олий мартабаларига эришмоғи муқаррар.
Рустам ЖАББОРОВ
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа