Темурийлар Ренессанси ва Ўзбек хонликлари: музей экспозициясида янги илмий ёндашув

 

 

    Бугунги кунда Ўзбекистонда тарихий хотирани сақлаш ва буюк аждодлар меросини замонавий талқинда халқ ва жаҳон жамоатчилигига етказишга қаратилган улкан ишлар амалга оширилмоқда. Шундай ташаббуслардан бири Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази музейида “Иккинчи Ренессанс даври” экспозициясининг ташкил этилаётганидир. Бугун айни шу йўналишда “Иккинчи Ренессанс даври”: Темурийлар ва Ўзбек хонликлари” мавзусига бағишланган экспозицияни шакллантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

 

    Темурийлар тарихи давлат музейида мазкур экспозициянинг мазмун ва шаклига доир масалалар муҳокама қилинди. Унда тарих, исломшунослик, астрономия ва музейшунослик соҳаларида фаолият юритувчи етакчи илмий муассасалар вакиллари иштирок этишди. Йиғилишда 1-тоифадаги илмий лойиҳалар натижаларини экспозицияга интеграция қилиш, артефактларни танлаш ва уларнинг шакллари — асл нусха, муляж ёки рақамлаштирилган кўринишда намойиш этилиши каби муҳим масалалар кўриб чиқилди. 

 

 

    Экспозиция бир нечта мавзуда секторларга бўлиниши режалаштирилган бўлиб, ҳар бир бўлим ўша даврнинг ўзига хос илмий, маданий, ижтимоий ва сиёсий жиҳатларини ёритиб бериши керак. Жумладан, Мирзо Улуғбек секторида астрономик асбоблар, расадхона макети ва илм-фанга бўлган ёндашув, Алишер Навоий ва Камолиддин Беҳзод секторида адабиёт ва санъат намуналари, Шайбонийлар, Аштархонийлар, Бухоро амирлиги, Хоразм ва Қўқон хонликлари секторларида эса илмий ҳомийлик, маданий муҳит, меъморчилик ва кашфиётлар намоён этилади.

 

    Аниқ мисол сифатида, Абдуллахон томонидан қурилган сув иншоотлари, Қўқонда қоғоз ишлаб чиқарилиши, Хивада мақом санъати ва Бухорода илм-фан муҳити каби элементлар тилга олинди.

 

    Муҳокама жараёнида интерактив усуллар, мультимедиа технологиялари ва рақамли архивлардан фойдаланган ҳолда замонавий экспозицияни шакллантириш таклиф қилинди. Хусусан, қўлёзмаларни фақатгина бир неча варақ орқали эмас, тўлиқ рақамли нусхада тақдим этиш, видеороликлар орқали давр руҳини жонли етказиш каби усуллар муҳокама марказида бўлди. Муҳим жиҳатлардан бири — Темурийлар Ренессансини халқаро миқёсда намоён этишдир. Чунки ушбу экспозиция нафақат ўтмиш ифтихорини, балки Ўзбекистоннинг илм-фан, маданият ва маърифат борасидаги улкан салоҳиятини кўрсатишга хизмат қилади. 

 

 

    “Темурийлар ва Ўзбек хонликлари” экспозицияси — бу тарихий меросни XXI аср технологиялари орқали англаш, унинг руҳий ва интеллектуал қийматини кейинги авлодларга етказишга қаратилган янги саҳифа. Мазкур лойиҳа Иккинчи Ренессанс ғоясининг амалий ифодаси, буюк аждодларга муносиб эҳтиром ва миллий ўзликнинг маънавий пойдеворидир.