Беруний ва устозининг оламшумул кашфиёти

Буюк алломалар тарихини варақларканмиз, уларнинг юксалиши, шаклланиши ва жаҳонга танилишида устоз-шогирдлик анъанаси алоҳида ўрин тутганига гувоҳ бўламиз. Ислом уйғониш даврининг энг ёрқин сиймоларидан бири — Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний коинот, геодезия, математик анализ, тарих ва фалсафа соҳаларида ўзининг бетакрор асарлари билан бутун дунё фанини бойитган, ўз даврининг феноменал шахсларидан биридир. Бироқ унинг камолотга эришишида муҳим илмий ва инсоний замин яратувчи аллома сифатида Абу Наср Мансур ибн Али ибн ал-Ироқ номи алоҳида эҳтиромга лойиқдир.
Абу Наср ал-Ироқ, нафақат Берунийнинг устозидир, балки уни чинакамига таниган, юксак истеъдодини қадрлаган, унга илм-фаннинг энг мураккаб сирларини очиб берган инсондир. У Берунийни фақат шогирд эмас, балки ўзига тенгдош илм аҳли сифатида кўрган. Абу Наср ал-Ироқ Берунийнинг истеъдодига чуқур ишониб, унга бағишлаб осмон сферасининг назарий масалалари, геодетик астрономия ва классик “Зиж”лар асосида 12 та илмий рисола ёзган. Бундай илмий ва маънавий ҳамкорлик мусулмон Шарқидаги энг ёрқин устоз-шогирдлик мактабларидан бирига асос бўлган.
Абу Наср Мансур ибн Али ибн ал-Ироқ – XI аср мусулмон Шарқида математик-геометрик тафаккурни чуқурлаштирган, сферик тригонометрикани мукаммаллаштирган, астрономик жадвал ва назарияларни ривожлантирган йирик олимдир. У ўзининг илмий изланишлари билан нафақат ўз даврида, балки кейинги асрлар давомида ҳам илм-фан оламига катта таъсир кўрсатган. Унинг “Шоҳ Алмагести” номли асари, сферик учбурчаклар учун синуслар теоремасини исботлаши, экватор ва эклиптика ўртасидаги оғиш бурчагини аниқлашдаги янгича ёндашуви — буларнинг барчаси уни ўз даврининг етук илмий лидери сифатида танитади.

Илмий мерос
У ёзган асарлардан тахминан 30 таси маълум бўлиб, улар ҳозирги кунда ҳам Шарқ ва Ғарб илмий доираларида ўрганилмоқда. Бу асарлар орасида сферик геометрия, астрономик жадвал тузиш, синуслар теоремаси, экватор-эcлиптика нисбатлари каби назарий ва амалий масалаларга бағишланган рисолалар алоҳида ажралиб туради.
“Шоҳ Алмагести” – Шарқ илмида янгича бурилиш
Абу Наср ал-Ироқнинг энг машҳур асарларидан бири — “ал-Мажистий аш-Шоҳий” ёки “Шоҳ Алмагести” деб номланган астрономик рисоладир. Ушбу асар Хоразмшоҳ Али ибн Маъмунга бағишлаб ёзилган бўлиб, ўз моҳиятига кўра Птолемейнинг “Алмагест” асарини замон руҳига мослаб, илмий янгилашга қаратилган.
Бу асарда у IX асрда яшаган машҳур астроном Ҳабаш ал-Ҳосиб ва Х аср олими Абу Жаъфар ал-Ҳазиннинг астрономик жадвал ва ҳисоб-китобларига чуқур илмий таҳлил асосида тузатишлар киритган. Айниқса, у эклиптика билан осмон экватори ўртасидаги оғиш бурчагини аниқлаш бўйича илгари ҳеч ким қўлламаган янги усулни таклиф этган. Бу усул кейинчалик Ғарб ва Шарқ астрономик мактабларида кенг қўлланилган.
Тригонометрик тафаккурнинг асосчиси
Бугунги кунда математикада синф ва факультетларда ўргатиладиган сферик тригонометрик теоремаларнинг асосчиларидан бири айнан Абу Наср ал-Ироқдир. У фазода жойлашган (яъни сфера устида ётган) учбурчаклар учун синуслар теоремасини назарий жиҳатдан исботлаган биринчи олимлардан ҳисобланади. Бу эса, нафақат астрономия, балки геодезия, картография ва замонавий космик ҳисоб-китобларга асос бўлган.
Унинг бу ютуқлари ҳақида, нафақат ал-Беруний, балки ундан кейинги йирик мутафаккирлар — Насириддин ат-Тусий, Улуғбек Мирзо ҳамда Ғарбий Европа олимлари томонидан ҳам юқори баҳоланган. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сферик тригонометрия фани ал-Ироқнинг саъй-ҳаракатлари натижасида алоҳида фан сифатида шаклланган.
Абу Райҳон ал-Беруний: шогирдми ёки давомчи?
Абу Наср ал-Ироқнинг илмий сиймосини тўлиқ англаш учун унинг шогирди Абу Райҳон ал-Беруний билан бўлган мураккаб, лекин самимий муносабатларини тушуниш зарур. Беруний ал-Ироқни устоз, балки ўзига ҳамфикр, илмда шерик деб билган. У устозига ҳурмат бажо келтириб, ўз асарларининг кириш қисмида ал-Ироқнинг номини алоҳида зикр этган.
Ал-Ироқ эса Берунийга бағишлаб, 12 та рисола ёзган бўлиб, уларнинг ҳар бири шогирдининг илмий изланишларига замин яратишга қаратилган:
- Осмон сферасининг назарий масалалари,
- Қадимги “Зиж”ларнинг қайта ишланиши,
- Геометрик тенгламаларнинг талқини,
- Геодезия ва ер юзини ўлчаш методлари ҳақида рисолалар.
Бу рисолалар, бир томондан, шогирдга берилган назарий методик йўл-йўриқлар бўлса, бошқа томондан, Шарқдаги илмий авлодлар узвийлигининг тимсолидир.

Ғарб фанига таъсири ва ХХ асрдаги қайта кашфиёт
Абу Наср ал-Ироқнинг асарлари ва ғоялари ўрта асрларда Ғарбга бевосита етиб бормаган бўлса-да, уларнинг таъсири Андалус орқали Европага кириб келган. Айниқса, сферик тригонометрия ва астрономик жадвал тузиш методлари Ғарбий олимлар учун янги ёндашувлар бўлди.
ХХ асрда у қайта кашф қилинди. Машҳур олимлар:
- Паул Луcкей (Германия),
- Эдwард С. Кеннедй (АҚШ),
- Жулио Самсў (Испания),
- Курт Жансен (Голландия)
каби олимлар унинг меросини таҳлил қилиб, асарларининг илмий салмоғини юқори баҳоладилар. Жумладан, 1910 йилда Г. Зутер томонидан Абу Насрнинг “Геометрия бўйича саволларга жавоб” рисоласи немис тилига таржима қилиниб нашр этилган. Бу таржима Европа илм-фанида мусулмон олимларининг ўрнини қайта тиклаш йўлида муҳим қадамлардан бири бўлди.
Абу Наср Мансур ибн Али ибн ал-Ироқ – ўз даврининг илм-фан устуни, кейинги авлодлар учун эса йўл кўрсатувчи юлдуз бўлиб қолмоқда. Унинг математик изланишлари, осмон сферасига оид таҳлиллари ва шогирди Беруний орқали илмий мактаб яратишдаги муваффақияти уни жаҳон илм-фани тарихининг доимий саҳифаларига муҳрлади.
Бугунги кунда унинг номини қайта тиклаш, асарларини тадқиқ қилиш ва уларни ёш авлодга етказиш — фақат тарихий эҳтиром эмас, балки илмий тараққиётга хизмат қилувчи долзарб масаладир.
Ислом олами тарихида минглаб алломалар яшаб, илм-фан ривожига мислсиз ҳисса қўшган. Уларнинг исмлари фақат ўтмиш хотираси эмас, балки замонавий авлод учун йўлчи юлдуздир. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бу каби буюк сиймоларнинг ҳаёти, илмий қарашлари ва кашфиётлари жонли экспозициялар орқали намоён бўлмоқда. Марказнинг ҳар бир бурчаги – бу ўтмиш билан замон ўртасидаги кўприк, ҳар бир экспонат – бу тафаккурга таклиф.
Абу Райҳон Беруний ва унинг устози Абу Наср Мансур каби алломалар – бу замонавий фанга асос солган, ҳозирги технологияларни илҳомлантирган инсонлардир. Уларнинг астрономиядаги назариялари, математикага киритган янгиликлари, фалсафа ва табиатшуносликдаги қарашлари бугунги кунда ҳам долзарб. Ислом цивилизацияси маркази ана шу олимларнинг бебаҳо меросини, уларнинг тафаккур доирасини, илмий жасоратини ёш авлодга замонавий тилда етказмоқда.
Бу Марказ – музей эмас, вақт оралиғига саёҳат; бу жой – экспонатлар тўплами эмас, балки тафаккурнинг уйғонишидир. Бу ерда келажак ўз илдизини танийди, илм ўз тарихини англайди. Бу ерда ўтмиш фақат яшаб ўтилган босқич эмас, балки бугунги ривожланиш учун платформадир. Айнан шу ёндашув билан Марказ – нафақат маданий меросни сақлаш, балки уни замонавий авлод тафаккурига кўчиришда ноёб бир марказий маскан бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳусан ТУРСУНОВ
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа