Ўзбекистон ва Ўмон ўртасида янги маданий ҳамкорлик йўлга қўйилди

   

    Ўзбекистоннинг Ўмондаги элчиси Абдусалом Хатамов “Асрлар оша Ўмон тарихи” музейи директори ал-Яқзан бин Абдуллоҳ ал-Ҳарисий билан учрашди.

 

      Бу ҳақида "Дунё" ахборот агентлиги хабар берди.

 

    Учрашув давомида икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, тарихий ва маърифий меросни ўрганиш, шунингдек, бу йўналишда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

 

    Элчи Абдусалом Хатамов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази  фаолияти ва уни барпо этиш ғояси ҳақида сўзлаб берди. 

 

    Музокаралар якунида томонлар “Асрлар оша Ўмон тарихи” музейи ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олдилар.

 

    Айтиш жоиз, “Асрлар оша Ўмон тарихи” музейи Ўмондаги энг йирик маърифий мажмуалардан бири бўлиб, марҳум султон Қобус бин Сайид ташаббуси билан ташкил этилган. Музей замонавий технологиялар ёрдамида мамлакатнинг тарихий ривожланиши ва давлатчилиги ҳақида чуқур маълумот беради.