Лондондаги қўлёзма - медиалойиҳанинг нодир намунаси

Жаҳон тасаввуф адабиётининг йирик намояндаларидан бири — Фаридуддин Аттор ўзининг бебаҳо маънавий мероси орқали бутун ислом оламида, шу жумладан, Туркистон заминида ҳам юксак эъзозга сазовор бўлган. Унинг ижодида айниқса “Мантиқ ут-тайр” асари алоҳида ўрин тутади. Ушбу асар тасаввуфий маърифат, инсоннинг руҳий камолоти ва Аллоҳни англаш йўлидаги мусофирлиги ҳақидаги энг муҳим маснавийлардан бири ҳисобланади.
Бу асарнинг XV асрда Ҳиротда кўчирилган қадимий қўлёзма нусхасининг бир қисми — ҳозирда Лондон шаҳридаги Британия кутубхонасида (№ Add. 7735) сақланмоқда. Ушбу нусха нафақат тарихий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бетакрор бир бойликдир. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг "Ўзбекистоннинг 100 қадимий қўлёзмаси" медиалойиҳасидан ушбу қўлёзма ҳам жой олган.
Ҳиротда Темурийлар даврида кўчирилган бу нусха ўз давридаги хаттотлик санъати, безаккорлик анъаналари, қоғоз сифати ва ёзув услуби нуқтаи назаридан ўта юқори савияда. Британия кутубхонасида сақланаётгани — асарнинг халқаро эътибор ва эътирофга сазовор эканини кўрсатади. Бу ҳолат бир вақтнинг ўзида миллий маънавиятимизга оид нодир асарларимиз турли сабаблар билан хориж кутубхоналарида сақланаётганига доир ўй ва мулоҳазаларга ҳам йўл очади.
Айни пайтда, Лондондаги ушбу нусха нафақат тадқиқотчилар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам манба сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда. Асарнинг қўлёзма ҳолатда сақланиши унинг илк шакли, услуби ва оригинал маъносини тадқиқ этишга, Атторнинг фикр оламини асл холича англашга имконият яратади.
Аттор ва маънавий мероснинг қиймати
У сўфийлик муҳити ва тасаввуф аҳли орасида яшаганидан бу таълимот унга кучли таъсир кўрсатади. Унинг ўзи ҳам йирик шайх ва авлиё бўлган. Шайхлар шайхи Маждиддин Бағдодий қўлидан дарвешлик хирқасини кийган. Эронлик машҳур адабиётшунос Сайид Нафисий ҳам уни кубравия тариқатининг давомчиси бўлган, деб ҳисоблайди. Шунга қарамай, Аттор тариқат сулукида Шайх Рукниддиннинг муриди саналади. Аслида у увайсий бўлиб, машҳур сўфий Мансур Ҳалложнинг руҳидан тарбия топган. Алишер Навоий Жалолиддин Румий тилидан бу ҳақда:
«Шайх Мансур Ҳаллож нури юз эллик йилдин сўнгра Шайх Фаридиддин Аттор руҳига тажалли қилди ва унинг мураббийси бўлибдир», — деб ёзади. Айни пайтда, Аттор Жалолиддин Румийнинг келажагини башорат қилиб, унга ўзининг «Асрорнома» китобини ҳадя этган.
Румийнинг: «Аттор руҳ эди-ю, Саноий унинг икки кўзи. Биз Саноий ва Аттор изидан келдик», — деган иқрори бежиз эмас. Алишер Навоийнинг ҳам Атторга ихлос-эътиқоди баланд бўлиб, беш ёшида «Мантиқ ут-тайр»ни ёд олгани, бир умр унинг ижодидан таъсирланиб, ҳаётининг сўнггида унга «таржума расми била» жавоб айтгани — «Лисон ут-тайр»ни яратгани маълум. Бу достонда Навоий Атторни — Қақнус, ўзини — Қақнус боласига ўхшатган эди.
Аттор жуда сермаҳсул шоир бўлиб, ундан 50 минг байт шеърий асар қолган. Шоирнинг шеърий девони, «Мухторнома» рубоийлар тўплами, «Мантиқ ут-тайр», «Хусравнома», «Асрорнома», «Илоҳийнома», «Мусибатнома», «Булбулнома», «Уштурнома», «Жавҳар уз-зот» достонлари ва «Тазкират ул-авлиё» тазкираси айниқса машҳур.
Аттор асарлари, асосан, тасаввуф ҳақиқатлари баёнига бағишланган. Шунинг учун ҳам унинг тасаввуф адабиётидаги мақоми юксак. Мустақилликдан кейин Нажмиддин Комилов шоирнинг «Илоҳийнома» маснавийсининг насрий таржимасини эълон қилди. Китобга Атторнинг ҳаёти ва ижодини ёритувчи, дунёқараши ва асарларининг моҳиятини очиб берувчи кириш ва сўнг сўзлар ҳам илова қилинган. Мирзо Кенжабек эса «Тазкират ул-авлиё» асарини туркчадан таржима қилиб, нашр эттирди.
Фаридиддин Аттор — форсий сўз санъатидаги забардаст рубоийнавислардан бири ҳисобланади: унинг «Мухторнома»си 5000 та рубоийни ўз ичига олади. Албатта, уларнинг барчаси бизгача етиб келмаган. Асарнинг Эронда нашр этилган сўнгга нашрида, иловалар билан қўшиб ҳисоблаганда, 2279 та рубоий берилган.
Сўфиёна руҳ ва мазмунга йўғрилган бу рубоийлар, бир сўз билан айтганда, Оллоҳни улуғлаш, илоҳий ишқни авж пардада куйлаш, инсонлик моҳиятини англаш, камолот йўлида парда бўлган жисм, нафс ва дунёни мазаммат қилиш, маъшуқа таъриф-тавсифи, висол умиди-ю, айрилиқ азоблари тасвирига бағишланган.
Дурдона Русулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа