Рудакий илмий мероси тарғиб қилинади
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг "Биринчи Ренессанс: даврлар, шахслар, илмий-ижодий фаолият ва кашфиётлар" йўналиши доирасида мутафаккир — Абу Абдуллоҳ Рудакийга бағишланган медиалойиҳа яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Бухоро ҳукмдори Наср ибн Аҳмад Сомоний (914–943) даврида Рудакийнинг шоирлик шуҳрати Бухоро ва умуман Шарққа кенг тарқалди. Рудакий асарларига эътибор берилса, унинг астрономия ва қадимги юнон фалсафасини ҳам яхши тушунганлигини кўриш мумкин.
Адабий ва тарихий манбаларга кўра, форс-тожик адабиётининг асосчиси Абу Абдулло Жаъфар бин Муҳаммад Рудакий мероси 700 мингдан 1 миллион 300 минг мисрагача баҳоланади. Баъзилар эса ундан юзлаб жилд мерос қолганлигини айтишади. Афсуски, бу буюк шоирнинг илмий меросидан жуда кам қисми бизгача етиб келган.
1956 йил Рудакийнинг 1100 йиллиги муносабати билан унинг пароканда шеърлари бир жойга тўпланиб, 1840 мисрани ташкил этганди. Кейин 1957 йили шоир шеърлари забардаст мутаржим ва форсий адабиётшунос Мунирхон Муинзода томонидан ўзбек тилига таржима қилинган ҳолда нашр этилди.
Шундан кейин форс-тожик сўз санъатининг йирик тадқиқотчиси ва таржимони Шоислом Шомуҳамедов таржимасида Рудакий асарлари яна икки маротаба нашр этилди.
Рудакий рубоий жанрининг ёзма адабиётдаги кашшофи саналади. Чунки жанрнинг барча талабларига жавоб берадиган илк рубоийлар айнан унинг қаламига мансубдир. У ўз рубоийларида ишқ мавзусини кенг ва чуқур ёритиб берган.
Қадимги манбаларда Рудакийнинг “Офтоб даврони”, “Ароис ан-нафоис” (“Нафис куртаклар”) ва “Синбоднома” достонлари бўлганлиги ҳақида маълумотлар учрайди.
Рудакийнинг қасидаларидан "Майнинг онаси", “Бухоро васфи” ва “Қариликдан шикоят” кабилар бизгача етиб келган. Рудакийнинг ижодида Х асрнинг ижтимоий ҳаёти ўз аксини топган. Унинг ҳамма асарларида халқнинг орзу-умидлари, манфаатлари ифода қилинган.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа