Тарихдаги илк туркий дунё харитаси ва цивилизацияга назар

Бугун биз глобал хариталар, сунъий йўлдошлар ва рақамли навигация ёрдамида бутун дунёни сониялар ичида кўздан кечира оламиз. Аммо минг йил аввал, инсоният ҳали географик билишнинг илк босқичларида бўлган бир пайтда, туркий аллома - Маҳмуд Кошғарий илк бор халқининг тилини, ҳудудини ва маданий чегараларини илмий шаклда ифода этди. У нафақат тилшунослик тарихида, балки географик тафаккурда ҳам туб бурилиш ясаган. Янги Ўзбекистон ана шу тарихий хотирани замонавий тафаккур билан уйғунлаштирмоқда. Ислом цивилизацияси маркази бу борада нафақат музей ёки экспозиция, балки илмий-педагогик марказ, янги авлодга миллий онг ва қадриятларни сингдирувчи дарча бўлиб хизмат қилади. Бу ёндашув бизни ўз илдизларимизга қайтаради, лекин фақат ўтмишда эмас, балки келажак сари бош кўтарган ҳолда.

 

Маҳмуд Кошғарийнинг энг машҳур асари — “Девону луғотит-турк” — ўзбек, қирғиз, уйғур, қўнли, ўғуз ва бошқа кўплаб туркий қабилаларнинг тил бойлигини жамлаган нодир манбадир. Аммо бу асарнинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — унда тарихдаги илк туркий дунё харитаси ҳам мавжуд бўлиб, у Кошғарийнинг туркий халқни фақат тил эмас, балки макон ва тафаккур бирликлари орқали бирлаштиришга уринганини кўрсатади.

Бу харита шунчаки ер-сув белгилари эмас — у бир миллатнинг тарихий хотираси, ўзига бўлган ишончи ва маданий дунёқарашининг рамзидир. Айнан шунинг учун, бугунги кунда бу харита фақат илмий қизиқиш эмас, балки миллий ўзлик ва қадриятлар сари йўл кўрсатувчи манба сифатида тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

 

“Девону луғотит-турк”даги геосиёсий харита

“Девону луғотит-турк” асарида илова қилинган харита – ўз даврида туркий халқларнинг яшаш ҳудудлари, маданий марказлари ва дунёқараши ҳақида илк бор илмий асосда шаклланган тасвирий манбадир. Ушбу харита, шаклан доира кўринишида бўлиб, марказида Баласоғун шаҳри жойлаштирилган. Бу танлов бежиз эмас, чунки харита мазмуни марказга қараб тартибланган бўлиб, у туркий дунёни манавий-геосиёсий марказ сифатида тасвирлашга интилган.

Харитада жойлашув йўналиши ғарбий-географик анъаналар асосида эмас, балки шарққа қараб йўналтирилган. Бу эса Шарқдаги манавий марказларнинг устуворлигига урғу беради. Ранглар орқали табиий манзараларнинг фарқланиши, географик объектларнинг нисбий жойлашуви, ва айниқса айрим минтақаларнинг диний-мифологик белгилар билан ифодаланиши, хаританинг нафақат илмий, балки маданий-маънавий мақсадлар учун ҳам яратилганини кўрсатади.

 

Хаританинг мазмуний тузилиши

Харитада қуйидаги асосий географик ва сиёсий ҳудудлар тасвирланган:

Марказ – Баласоғун (туркий дунёнинг маркази сифатида);

Шарқда – Хитой ва бошқа Узоқ Шарқ ҳудудлари;

Ғарбда – Бағдод, Дажла ва Фурот дарёлари;

Жанубда – Ҳиндистон, Сейлон ороли (Серандиб);

Шимолда – Қипчоқ ўлкаси ва бошқа кўчманчи қабилалар.

 

Табиий объектлар – дарёлар, денгизлар, чўллар, тоғлар – алоҳида ранглар билан белгиланган: масалан, кўк ранг сув манбаларига, қизил ранг тоғ тизималарига тегишли. Бу картографик ифоданинг замонига нисбатан илғор жиҳатидир.

 

Харитадаги ғоя: тил ва ҳудуд бирлиги

Ушбу харита асарнинг асосий моҳияти билан узвий боғлиқ – яъни, туркий тилларни араб олимларига ўргатиш билан бирга, бу тилларнинг тарқалган ҳудудларини ҳам тушунарли шаклда кўрсатиш. Бунда ҳудудий бирлик орқали тил, маданият ва тарихий хотиранинг ягона макон сифатида англанишига хизмат қилинади. Харита, аслида, бир тилнинг эмас, бутун бир цивилизациянинг географик манифестидир.

 

Шунингдек, харита араб марказларини марказий эмас, балки чекка ҳудудларда тасвирлаш орқали туркий дунёнинг мустақил ва ўзига хос маданий макон сифатида ифодаланишига сабаб бўлган. Бу эса ўз даврида геосиёсий фикрлашда янгича концепцияга асос бўлган.

 

Картографик қадрият ва замонавий тадқиқотлар

Мазкур харита бугунги кунда дунё картография тарихида илк муқаддас ва мафкуравий харита сифатида эътироф этилади. У нафақат тарихий география, балки маданиятшунослик, тилшунослик, антропология ва сиёсий фикр эволюцияси учун ҳам ноёб манбадир.

Бугунги кунда бу харита асосан Истанбулдаги қўлёзма асосида ўрганилган бўлиб, Ғарб олимлари томонидан ҳам илмий жиҳатдан таҳлил қилинган. Жумладан, ундаги ҳар бир географик объектнинг замонавий номлари билан мослиги аниқланмоқда ва у орқали қадимги туркий дунёнинг географик тасаввури илмий реконструкция қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида яратилаётган экспозицияда Маҳмуд Кошғарий каби мутафаккирларнинг илмий мероси, хусусан илк туркий дунё харитаси каби бетакрор кашфиётларга алоҳида эътибор қаратилаётгани юртимизда илм ва тафаккурга бўлган чуқур эҳтиромнинг амалий ифодасидир. Зеро, бу каби тарихий манбалар нафақат ўтмишимизни ойдинлаштиради, балки бугунги даврда миллий ғурур ва ўзликни шакллантиришда бебаҳо аҳамият касб этади.

Маҳмуд Кошғарийнинг харитаси туркий дунёнинг қадимий геосиёсий ва маданий тасаввурини мужассам этган ноёб манба сифатида қадрланади. Унда фақатгина ҳудудлар эмас, балки бутун бир цивилизациянинг фикрлаш тарзи, маънавий марказлари ва тарихий онгининг фазовий талқини акс этган. Айниқса, харита марказига Баласоғунни, яъни ўз даврининг туркий маданият юрагини жойлаштиргани, халқ ва тил тушунчаларини геосиёсий марказга айлантиришга бўлган интилишни кўрсатади.

 

Шу боис, Маҳмуд Кошғарий харитаси — бу шунчаки қадимий географик ҳужжат эмас, балки цивилизациявий мустақиллик, тил ва маданият асосида қурилган ўзлик концепциясининг илк намуналаридандир. Уни бугунги авлодга етказиш, қайта талқин қилиш, илмий жамоатчиликка тақдим этиш — бу тарихни тиклаш эмас, балки тафаккурни тирилтириш демакдир.

 

Ҳусан Турсунов,

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.