Ҳикматлар сири замонавий экспозицияда

Хўжа Аҳмад Яссавий мақбараси

 

    Бугунги тез суръатларда ўзгараётган, рақамли технологиялар ҳукмронлик қилаётган даврда инсон тафаккури турли маълумотлар билан тўлиб-тошмоқда. Аммо ана шу ахборот кўпайгани сари, қалблар бўшаб, руҳий изтироблар кучайиб бораётгани сир эмас. Инсоният турли ғояларнинг гирдобида маънавий таянч излаяпти. Айнан мана шундай муҳитда, бизни ички поклик, сабр, муҳаббат, камтарлик, ҳалоллик ва ҳақиқат сари етаклайдиган қадимий манбалар яна қайта кашф қилинмоқда. Улардан бири Президент ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олмоқда. 

 

    Тасаввуф адабиётининг пойдеворларидан саналган, халқимиз қалбида асрлар давомида ўчмас из қолдирган Аҳмад Яссавий ҳикматлари ҳар гал қайта-қайта янгидан кашф этиладиган қадимий манбадир.

 

    Аҳмад Яссавий нафақат ўз даврининг улуғ мутасаввифи, балки умуминсоний қадриятларни сўз билан тараннум этган қалб табибидир. Унинг ҳикматлари, кўп ҳолларда шеърий шаклда бўлиб, инсоннинг нафсий курашидан тортиб, жамиятдаги адолат, меҳр, эзгулик каби қадриятларгача бўлган кенг мавзуларни қамраб олади. Ҳикматлар инсонни дунё ташвишларидан эмас, балки дунёнинг туб моҳиятидан огоҳ бўлишга чорлайди. Уларда турмушнинг нозик нуқталари, руҳий изланишлар, ички уйғониш ва ҳақиқатга етишиш йўллари ўз ифодасини топган.

 

    Бугун ёшларимиз илм-фан, технология, глобал тафаккур сари интилаётгани таҳсинга лойиқ. Бироқ бу йўлни тўғри босиб ўтиш, уни комиллик сари йўналтириш учун маънавий куч ҳам зарур. Айнан Яссавий ҳикматлари ўша кучли маънавий таянч бўла олади. Чунки бу ҳикматлар замон ўтган сайин қадрсизланмайди, аксинча, инсоният қаршисида юзага келадиган янги муаммоларга ҳам жавоб бўла олади.

 

    Аҳмад Яссавийнинг ҳикматларига замонавий кўз билан қарасак, унда биз нафақат диний-ахлоқий сабоқларни, балки шахсий ўсиш, ижтимоий масъулият, ички уйғониш, ва онгли ҳаёт кечириш ғояларини ҳам топамиз. Шундай экан, Яссавий ҳикматларини ўрганиш — бу тарихга назар ташлаш эмас, балки келажак сари қадамлашнинг бир шаклидир.

 

Ҳикматларнинг маънавий моҳияти

 

    Аҳмад Яссавий ўз ҳикматлари орқали инсон қалбини маънавий уйғотишга, уни илоҳий ҳақиқат сари етаклашга ҳаракат қилган. Бу ҳикматлар замирида нафақат тасаввуфий ғоялар, балки ҳаётий тажриба, руҳий тарбия, ахлоқий сабоқ ҳам мужассам. Ҳар бир ҳикмат — бу дард, бу изтироб, бу уйғониш. Қуйида унинг айрим ҳикматлари асосида ушбу улуғ мутасаввифнинг маънавий меросини замонавий нигоҳда таҳлил қиламиз.

 

Мунофиқликдан йироқ бўлиш: ахлоқий ҳушёрлик

 

Эй биродар, мунофиққа бўлма улфат,

Ким улфатдур, боши узра юз минг кулфат.

 

    Бу ҳикмат инсонга дўст танлашда ҳушёр бўлиш, қалби ва амали бир бўлмаган, иккиюзлама инсонлардан йироқ юриш зарурлигини уқтиради. Мунофиқлик — жамиятни ичдан емирувчи иллатдир. Бугунги кунда ҳам Яссавий огоҳлантираётганидек, иккиюзламачилик, риё, ёлғончилик жамиятдаги ишонч пойдеворини заифлаштиради. Дўстлик фақат ташқи алоқага эмас, балки руҳий уйғунликка асосланмоғи керак.

 

Нақадар буюк фазилат: нафсдан кечиш ва қаноат

 

"Нафсдан кечиб, қаноатни пеша қилган,

Ҳар ким топса, рози бўлиб бўйин сунган.

Яхшиларга хизмат қилиб, дуо олган,

Андоқ ошиқ, маҳшар куни пономи йўқ."

 

    Бу ҳикмат тўрт қаторда бутун бир ҳаёт фалсафасини ўзида жамлаган. Биринчидан, Яссавий нафсдан кечишни – яъни ҳирс, манманлик, ўч, ҳасад каби иллатлардан воз кечишни энг олий руҳий ғалаба деб билади. Қаноат эса бугунги шиддатли истеъмол жамиятида йўқолиб бораётган қадриятлардан бири. Бугунги инсон кўпроқ эгалик қилишни орзу қилади, аммо камроқ рози бўлади. Шундай пайтда бу ҳикмат бизни ички тинчлик, сабр ва рози бўлиш маданиятига чорлайди.

 

    Шунингдек, “яхшиларга хизмат қилиб, дуо олиш” — бу тасаввуфда муршидга хизмат қилиш рамзи бўлиши билан бирга, ҳаётда нурли инсонларга эргашиш, уларнинг дуосига сазовор бўлишнинг ҳам рамзидир.

 

Ишқ йўли – чексиз бир макон

 

То тириксан, ишқ дафтари адо бўлмас.

 

    Бу сатр тасаввуфда энг муҳим тушунча — ишқ ҳақидаги чуқур қарашни очиб беради. Ишқ бу ерда нафақат инсоний севги, балки илоҳий муҳаббат, Ҳақни севиш, Унинг яратган зотларига меҳр билан қараш деганидир. Яссавий фикрича, инсон яшар экан, қалби доимо ишқ билан тўлиб-тошмоғи, бу муҳаббат уни доимий изланиш ва покланишга ундамоғи лозим.

 

    Бугунги кунда руҳий ҳаловатни, ҳаётга маъно излаётган ҳар бир инсон бу сатр орқали қалбига йўл топади. Ишқ – бу ҳаракат, бу руҳий уйғониш, бу ҳаётнинг энг юқори даражаси.

 

Билим ва тафаккур – ибодатнинг бир кўриниши

 

Ўқиш, фикрлаш ҳам ибодатдир!

 

    Бу ҳикмат Аҳмад Яссавийнинг билим ва тафаккурга бўлган чуқур эътиборини англатади. Унга кўра, ҳақиқий ибодат — бу нафақат руку ва саждалар, балки ўрганиш, фикрлаш, ҳақиқатни излашдир. Бу ғоя бугунги замон учун ниҳоятда долзарб: билим олиш, тафаккур юритиш, фикрни тарбия қилиш – бу ҳам руҳий покланишнинг бир йўли эканлигини эслатади.

 

    Яссавий ҳикматларидаги чуқур ижтимоий ва маънавий тафаккур бугунги авлод учун ҳаётий дастуриламал бўла олади. Зеро, бу ҳикматларда маънавий иммунитет, инсоний баркамоллик, ҳақиқат ва муҳаббат билан яшаш фалсафаси мужассам. Ҳикматлар бир қарашда содда кўринсада, ундаги маънолар қатламлари ҳар бир ўқувчини ўз ҳолатига қараб ўзгача ўйлантиради, уйғотади, тарбиялайди.

 

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида Аҳмад Яссавий ҳикматлари алоҳида аҳамият касб этади. Бу ҳикматлар асрлар давомида халқимизнинг ахлоқий мезонларини шакллантириб келган, бугун эса янги авлод маънавиятини юксалтиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

 

    Экспозицияда тақдим этилаётган Яссавий ҳикматлари нафақат тарихий адабий мерос, балки инсонни поклик, сабр, ҳалоллик ва камтарликка чорловчи маънавий дастур сифатида талқин қилинмоқда. Бу ҳикматлар бугунги ёшлар учун ҳам ибрат мактаби, руҳий йўлбошчи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

 

 

Ҳусан Турсунов,

 

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.