Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилишига тайёргарлик ишлари жадал суръатда давом этмоқда

 

    Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилишига тайёргарлик ишлари изчил ва жадал суръатда давом этмоқда. Ушбу улкан лойиҳа нафақат архитектураси, балки мазмун-моҳияти билан ҳам юртимизнинг бой тарихий ва маънавий меросини тўла намоён этишга хизмат қилади.

 

    Марказ контентини мазмунан бой ва замонавий талабларга мос равишда шакллантириш мақсадида 2 000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар ва экспертлар фаол иштирок этмоқда. Ҳозиргача 800 дан зиёд илмий ва инновацион лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, уларни амалга ошириш уч босқичда режалаштирилган.

 

    Яқинда бўлиб ўтган навбатдаги ишчи йиғилишда музей экспозицияси ва кутубхона фондини шакллантириш, марказ очилиш маросимини юксак савияда ташкил этиш масалалари кенг муҳокама қилинди. Йиғилишда 15 та асосий йўналиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар кўриб чиқилди. Жумладан:

 

  • очилиш маросимига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш, концепция доирасидаги чора-тадбирларни тизимли ташкил этиш ҳамда маданий дастурларни ишлаб чиқиш;

 

  • “Ўзбекистоннинг маданий мероси — бутун инсоният мулки” мавзусида Глобал кўргазмани ташкил этиш;

 

  • “Буюк аждодлар мероси — маърифатли келажак пойдевори” IX Халқаро конгрессини ўтказиш;

 

  • “Вақт девори”, “Вақт туннели” ва “Вақт капсуласи” каби инновацион лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш;

 

  • кутубхона фондини кенгайтириш, хорижий ҳамкорликни кучайтириш ва ноёб экспонатларни харид қилиш;

 

    марказ фаолиятида инклюзивликни таъминлаш, имконияти чекланган меҳмонлар учун қулай инфратузилмани шакллантириш каби масалалар батафсил муҳокама этилди.


   Йиғилиш якунида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

   Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун илмий-маънавий тараққиётнинг янги рамзига айланиши кутилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган ушбу марказда ташкил этилаётган экспозицияда халқимизнинг кўп асрлик илм-фан ва маърифат анъаналари, шу жумладан, Иккинчи Ренессанс асосларига бағишланган йўналишлар алоҳида ўрин эгаллайди.