“Иккинчи Ренессанс” даври халқаро анжуманда эътироф этилди

 

     Юртимиздаги мегалойиҳа — давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган “Иккинчи Ренессанс” экспозициясида қамраб олинган мавзулар халқаро миқёсда ҳам тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

 

        Бунинг яққол мисоли сифатида Германиянинг Берлин шаҳрида бўлиб ўтган “Инновация ва санъат усталари: туркий халқларнинг жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган ҳиссаси” мавзусидаги халқаро анжуманни келтириш мумкин.

 

    Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

 

    Унда туркий давлатларнинг расмий вакиллари, дипломатлар, олимлар, экспертлар, диаспора фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

    Анжуман иштирокчилари туркий халқларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, буюк алломаларнинг илмий мероси ва маданий дурдоналарини ўрганиш масалалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
 

   Феликс Люнинг, Берлин Архенхольд обсерваторияси илмий ходими:

 

     – Мен анжуманда буюк астроном ва даҳо аллома Мирзо Улуғбекнинг илмий мероси ҳақида маъруза қилдим. Унинг астрономик ўлчовларидаги аниқлик жаҳон илм-фани учун беқиёс аҳамиятга эга. Афсуски, Мирзо Улуғбекнинг бу буюк кашфиётлари Европада етарлича эътироф этилмаган. Ҳолбуки, бу мерос нафақат ўша давр, балки бугунги замон илм-фани учун ҳам жуда муҳим.

 

    Нилуфар Тўхбоева, Тошкентдаги Турин политехника университети ўқитувчиси:

 

     – Мазкур анжуманда мен Амир Темур ва Темурийлар давридаги меъморчилик санъати ҳамда унинг ривожланиш босқичлари ҳақида маъруза қилдим. Амир Темур давридаги меъморчилик ва маданият дурдоналарини Германия жамоатчилигига таништириш билан бир қаторда, бизгача етиб келмаган тарихий обидаларни виртуал равишда тиклаш бўйича амалга ошираётган лойиҳаларимни ҳам тақдим этдим.

 

    Жумладан, Шаҳрисабзда жойлашган Оқсаройнинг дастлабки кўриниши ва Амир Темур мақбарасининг ривожланиш босқичлари ҳақида маълумот бердим. Бу орқали буюк аждодларимизнинг буюк салоҳияти ва қолдирган илмий-маънавий меросини жаҳонга танитишга ҳисса қўшишга ҳаракат қилдим. Айни пайтда тарихий обидаларни илмий асосда ўрганиш борасида германиялик ҳамкасбларимиз билан қўшма изланишлар олиб бораяпмиз.

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилаётган “Иккинчи Ренессанс” экспозициясида “Темурийлар даври ренессанси”га ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.