Ислом динининг ҳужжати

Ислом фалсафаси, илоҳиёт ва тасаввуф тарихи Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ат-Тусий Ғаззолий (1058–1111) номини алоҳида эҳтиром билан тилга олади. Унинг фикр ва фаолияти, хусусан, «Иҳёу улум ид-дин» («Диний илмларни тирилтириш») асари ислом маънавияти ва руҳиятида чуқур из қолдирган. Мазкур асарнинг XIII аср охирларига оид нусхаси, ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги қўлёзмалар институтида (инв. №6108) сақланаётгани, унинг илмий ва маданий аҳамиятини янада оширади.
Ғаззолий ҳаёти ва маънавий йўли
Абу Ҳомид Ғаззолий Хуросоннинг Тус шаҳрида дунёга келган. У Нишопурда ашъарий илоҳиёт мактабида таҳсил олган, Бағдоддаги Низомия мадрасасида мударрис сифатида хизмат қилган ва Салжуқийлар вазири Низомулмулкнинг илмий-маърифий сиёсатида фаол иштирок этган. Исмоилийлар томонидан Низомулмулк ўлдирилганидан сўнг Ғаззолий нафақат шаҳарни, балки расмий илм доирасини ҳам тарк этади. У ҳаж сафари баҳонасида Бағдодни ташлаб, Дамашқ, Макка ва охир-оқибат она шаҳри Тусга қайтиб, мустақил руҳий ва илмий изланишларга ўтади.

“Иҳёу улум ид-дин” – тасаввуф ва шариат уйғунлиги
“Иҳёу улум ид-дин” асари Ғаззолийнинг ислом илмлари тизимига ёндошишдаги теран фикрини намоён қилади. Унда ислом шариати, ахлоқ, қалб тарбияси, ибодат ва руҳий покланиш масалалари бир бутун манзарада талқин этилган. Ғаззолий, фақат зоҳирий илмлар билан кифояланмасдан, ислом таълимотини тасаввуф ила уйғунлаштирган. Унингча, қалбни поклаш ва руҳий камолга етиш, шариат қоидалари билан қиёсланиши лозим бўлган йўлдир. Шу боис у “тасаввуф шариатсиз ботил, шариат тасаввуфсиз қуруқ” деган ғояни илгари суради.
Асарда берилган дуолар ва зикрлар руҳий тарбиянинг амалий йўналишларидан бири сифатида баён этилган. Улар ҳар бир мўмин қалбида илоҳий муҳаббат, ирода тарбияси ва поклик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади.
Ғаззолий ўз замонасида фалсафа ва илоҳиёт ўртасидаги қарама-қаршиликни илмий равишда таҳлил қилган. У Абу Наср Форобий ва Ибн Синонинг Аристотелга асосланган таълимотларини танқид қилган, хусусан, коинотнинг абадийлиги, руҳнинг ўлмаслиги каби ғояларга қарши “Таҳофут ул-фалосифа” асарини ёзган. Бироқ у фалсафани бутунлай инкор этмаган — ақл ва мантиқни шариат асосларини мустаҳкамлашдаги восита сифатида кўрган. Шу боис унинг илмий мероси фақат ислом оламида эмас, балки ўрта аср Европаси фикрий ҳаётига ҳам таъсир кўрсатган.
Ғаззолий меросининг таъсири ва давомчилари
Ғаззолийнинг “Кимёи саодат” асари XIX асрда Шарқий Туркистонда Муҳаммад Исо томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Янги даврда Алоуддин Мансур ва Рашид Зоҳид каби адабий шахслар бу асардан парчаларни халқ оммасига етказганлар. Бугунги кунда ҳам унинг асарлари ислом маърифати ва руҳий ҳаётни ўрганувчи олимлар учун асосий манбалардан бири ҳисобланади.
Абу Ҳомид Ғаззолий – исломий фикрнинг етук намояндаларидан бири сифатида илм, тасаввуф ва фалсафани бир зулфда боғлаган шахсдир. Унинг “Иҳёу улум ид-дин” асари нафақат диний адабиёт, балки инсонийлик, ахлоқ ва руҳий юксалиш мавзусидаги бетакрор меросдир. Ғаззолийнинг фикрлари бугун ҳам инсон қалбини маърифат ва эзгуликка чорлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг "Ўзбекистоннинг 100 қадимий қўлёзмаси" медиалойиҳасидан ушбу қўлёзма ҳам жой олган.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа