Бухородан чиққан табобат йўлбошчиси фақат Ибн Синоми?

 

    Ҳар бир янгилик, ҳар бир кашфиёт тарихнинг чуқур илдизларига бориб тақалади. Бугунги тиббиёт илм-фанининг замонавий ютуқлари замирида минг йиллик тажриба, тафаккур ва илмий изланишлар мужассам. Айниқса, Шарқ уйғониш даврида яшаб ижод қилган табиблар, уламо ва олимларнинг илмий мероси бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Уларнинг орасида Абу Мансур Ҳасан ибн Нуҳ ал-Қумрий номи алоҳида эътиборга лойиқ.

 

    Ал-Қумрий ўзининг илмий салоҳияти, амалий тажрибаси ва кенг қамровли тиббий билимлари билан нафақат ўз даврида, балки ундан кейинги асрларда ҳам эътироф этилган сиймолардан биридир. Унинг асарлари, айниқса, “Китоб ал-ғина ва-л-муна” ва “Китоб ат-танвир фи-л-истилоҳот ат-тиббийя” номли асарлари бугунги тиббий фанлар учун ҳам бебаҳо манба бўлиб хизмат қилмоқда. У нафақат даволаш усуллари, балки тиббий терминологияни яратиш, парҳезшунослик ва касб ахлоқи борасида ҳам чуқур из қолдирган.

 

    Ал-Қумрий — амалиётчи шифокор, назарий олим, тиббий терминологиянинг асосчиларидан бири ва энг муҳими — буюк Ибн Синонинг устозларидан бири сифатида тарихга кирган. У ўз фаолиятини фақат беморларни даволаш билан чекланиб қолмай, балки тиббий билимларни тизимлаштириш, уларни авлодларга етказиш, илмий мактаб яратиш йўлида изчил меҳнат қилган.

 

    Бугун биз соғлиқни сақлаш, парҳез, ташхис ва даволаш услубларининг ривожланишини ўрганарканмиз, кўп ҳолларда Ғарб олимларига мурожаат қиламиз. Аммо унутмангки, европаликлар илм-фан сари йўлга чиққанларида, Бухорода ал-Қумрий аллақачон замонавий тиббиёт асосларини ёзиб бўлган эди.

 

Ҳаёти ва илмий фаолияти

 

    Абу Мансур ал-Қумрий Х аср бошларида Бухоро шаҳрида дунёга келган. Унинг ҳаёти ва фаолияти шу шаҳар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, у Бухоро амирларининг сарой табибларидан бири сифатида танилган. Ал-Қумрийнинг энг муҳим тарихий жиҳатларидан бири шундаки, у ёш Абу Али ибн Сино — кейинчалик жаҳон тиббиётининг султони сифатида танилган буюк алломага биринчи устоз бўлган. Ибн Сино тиббиётдаги дастлабки назарий ва амалий сабоқларни айнан ал-Қумрийдан олганини тарихий манбалар тасдиқлайди. Бу эса ал-Қумрийнинг илмий салоҳияти ва педагогик маҳоратининг қанчалик юксак бўлганини кўрсатади.

 

Илмий мероси ва асарлари

 

    Тарихий манбаларга кўра, Абу Мансур ал-Қумрий табобатга оид саккизта асар ёзган. Афсуски, уларнинг фақат иккитаси бизгача етиб келган. Шундай бўлса-да, ушбу икки асарнинг ўзиёқ ал-Қумрийнинг ўз даври ва ундан кейинги авлодлар учун нақадар муҳим илмий мерос қолдирганини яққол кўрсатади.

 

 

“Китоб ал-ғина ва-л-муна” (“Муфассал ва исталган китоб”)

 

    Бу асар инсон танасининг барча аъзоларини даволашга бағишланган бўлиб, ўз замонида кенг тарқалган ва юқори баҳоланган. Асарнинг 40 дан ортиқ қўлёзма нусхалари Осиё, Африка ва Европа кутубхоналарида сақланмоқда. Бу эса ал-Қумрий илмий қарашларининг халқаро миқёсда тан олинганини англатади. Мазкур китобда у ўзидан олдин ва ўзига замондош бўлган 30 дан ортиқ табиблар ҳақида ҳам маълумотлар келтирган. Бу эса уни нафақат амалий қўлланма, балки тарихий манба сифатида ҳам қимматлилигини кўрсатади.

 

“Тиббий истилоҳларни ёритувчи китоб”

 

    Иккинчи асари — бу изоҳли тиббий луғат бўлиб, унда 350 дан ортиқ атама ва уларнинг чуқур таҳлиллари келтирилган. Бу асарда ал-Қумрий ўша даврдаги парҳез овқатлар, ичимликлар, ҳатто махсус тиббий мосламалар ҳақида ҳам маълумот берган. Қизиғи шундаки, бу тушунчалар бошқа машҳур тиббий манбаларда, жумладан, Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”асарида ҳам учрамайди. Демак, ал-Қумрийнинг бу асари ноёб ва ўзига хос илмий манба ҳисобланади.

 

    Мазкур луғат ХВИ асрда Бобур ва унинг ўғли Ҳумоюн даврида Ҳиндистонда яшаган табиб — Исмоил ибн Муҳаммад Юсуф томонидан форс тилига таржима қилинган. 1991 йилда эса ушбу асар рус тилига таржима қилиниб, Тошкентда чоп этилган. Бугунги кунда ҳам халқ табобатида бу асардан фойдаланилмоқда.

 

Илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси

 

    Абу Мансур ал-Қумрий фақат ўзининг асарлари орқали эмас, балки ўзидан кейинги улуғ алломаларни тарбиялаш орқали ҳам илм-фанга беқиёс ҳисса қўшган. Айниқса, Ибн Синонинг шаклланишидаги роли таҳсинга лойиқ. У нафақат Ибн Синонинг устозларидан бири, балки тиббиётдаги илк билимларига пойдевор қўйган мураббий бўлган. Шунинг учун ҳам ал-Қумрий номи нафақат тарих саҳифаларида, балки ҳар бир илмпарвар қалбида эҳтиром билан тилга олинади.

 

    Абу Мансур ал-Қумрий — бу ном оддий табиб эмас, балки илм-фан йўлида умрини бахшида қилган, ўзининг асарлари, шогирдлари ва илмий ёндашуви орқали бутун ислом олами, ҳатто ундан ташқарида ҳам чуқур из қолдирган аллома номидир.

 

    Бугунги кунда Абу Мансур ал-Қумрий каби буюк алломаларимизнинг бой илмий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса тиббиёт соҳаси билан шуғулланаётган ёшларнинг илмга қизиқишини ошириш долзарб вазифалардан биридир. Шу мақсадда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ушбу олимга бағишланган махсус экспозиция ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

 

    Мазкур кўргазма орқали ташриф буюрувчилар ал-Қумрийнинг ноёб қўлёзмалари, илмий қарашлари, даволаш усуллари ва парҳезга оид тавсиялари билан яқиндан танишадилар. Шунингдек, у замонда шаклланган соғлиқни сақлаш маданиятининг тарихий илдизлари ҳам очиб берилади.

 

    Бу ташаббус аждодларимизнинг бой илмий меросини асраб-авайлаш, уни замонавий тиббиёт билан уйғунлаштириб, ёш авлодга илҳом манбаи сифатида тақдим этиш йўлида муҳим қадамлардан биридир. Зеро, ўз олимларига муносиб эҳтиром кўрсатган халқгина соғлом жамият ва барқарор келажак сари дадил йўл олади.

 

 

Ҳусан ТУРСУНОВ

 

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.