“ОСОР УЛ-БОҚИЯ”- БЕРУНИЙДАН ҚОЛГАН ЁДГОРЛИК

    Буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний (973–1047) қаламига мансуб бўлган ушбу асарда қадимги Хоразм, Форс, Араб, Турк, Яҳудий, Ҳинд, Сурёний ва бошқа халқларнинг тарихи, тили, маданияти ҳамда тақвимлари ҳақида сўз юритилади. Шунингдек, асарда қадимги динлар, турли даврларда ҳукмронлик қилган сулолалар ва подшоҳлар ҳақида ҳам қимматли маълумотлар келтирилган. Мазкур асар милодий 1000 йилда яратилган бўлиб, унинг бир қанча нусхалари бизгача етиб келган. Уларнинг энг қадимгиси 1220 йилда, Хоразмшоҳлар даврида кўчирилган нусхадир.

 

    Абу Райҳон Беруний жаҳон фани тарихида қимматбаҳо манба ҳисобланган “Ал-осор ал-боқия ан ал-қурун ал-ҳолия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) дастлабки асарини ёзиб, уни “Шамс ал-маолий” лақаби билан машҳур бўлган ҳукмдор Қобус ибн Вашмгирга бағишлаган. Қобус ибн Вашмгир ҳукмдорлар орасида илм-маърифатли ва адолатпарвар инсон ҳисобланган. Ўз саройида бошпана бериб, илмий ишлар олиб боришга имкон яратган Журжон ҳокими Шамс Маолий Қобус ибн Вашмгир бағишланган.

 

 

    Абу Райҳон Беруний бу асарини ёзилиши ҳақида шундай ёзган: “Адиблардан бири мендан (турли) ҳалқлар ҳақидаги тарихлар, уларнинг бошланишлари ва шохобчалари, яъни ойлар ва йиллари устида у тарих эгаларининг ихтилофлари ва бу ихтилофлар сабаблари, машҳур байрамлар, турли вақтлар ва ҳар хил юмушлар учун белгиланган кунлар, миллатларнинг баъзиси амал қилиб, баъзиси амал қилмайдиган бошқа (маросимлар) ҳақида сўради ва мени имкон борича уларни жуда равшан баён этиб, ўқувчи фаҳмлайдиган, (турли) китобларни ахтариш ва у китоб эгаларини суриштиришга эҳтиёж қолдирмайдиган (бир асар ёзишга) даъват этди”.

 

    Берунийнинг ёзишича, у “халққа адолатли, тангрининг дини ва халқига ёрдамчи, мусулмонлар ҳарамларини қўриқловчи, улар мулкларини талонтарожлардан асровчи йўлбошчи қилиб, бандаларини ўзидан миннатдор этди”. Беруний “Ал-осор ал-боқия” асарида барча мазҳабларга нисбатан бағрикенглик билан қараш тарафдори бўлган. Асар подшоҳлар ва машҳур шахслар тарихини ёритувчи ва ўша даврнинг маданиятини акс эттирувчи тарихий - этнографик асардир. Асарнинг қиммати шундаки, у исломгача бўлган бутун бир давр ҳақидаги ёрқин тасаввурларни бера олган.

 

    Мазкур асар Европада “Хронология” номи билан машҳурдир. Бу асарни Журжонда олим 27 ёшида, яъни 1000 йили араб тилида ёзиб тугаллаган. Буюк алломанинг бу асарида Хоразм, Мовароуннаҳр ва Ўрта Осиёнинг бошқа минтақаларда яшаган халқлар ҳақида ҳам муҳим тарихий-этнографик маълумотлар баён этилган.

 

    Ушбу асарда юнонлар, румликлар, эронийлар, суғдийлар, хоразмликлар, ҳарронийлар, қибтийлар, христианлар, яҳудийлар, исломгача даврдаги араблар, йил ҳисоблари байрам ва машҳур кунлари, жумладан, Хитой чегараларигача бўлган минтақаларда яшовчи туркий халқлар, ўғуз турклари ва уларнинг эътиқодлари, урфодатлари ҳамда байрамлари баён этилган. Унда кўп халқларнинг маънавий ҳаёти ва тарихига оид маълумотлар мавжуд.

 

    Берунийнинг Суғд ва Хоразмга оид маълумотлари биз учун аҳамиятлидир, чунки уларда тарих, дин, урф-одат, одоб-аҳлоқ ва анъаналарнинг турли халқлардаги кўринишларини ўрганб, ҳар бир халқнинг инсоният тараққиётида ўз ўрнини илмий жиҳатдан исботлаб берган.

 

    Алломанинг ёзишича, суғдийларда, Мовсат ойининг биринчи куни Наврўз ҳисобланади. Муаллиф Хоразмликлар байрами ҳақида алоҳида тўхталиб, навсаржий ойида йил боши (Наврўздир) деб таькидлаган.

 

    Беруний ушбу асарида Зардуштийлар байрам тақвимлари, бошқа турли сайиллар ҳамда урф-одатлар ҳақида муфассал маълумотлар берилганки, бу алоҳида илмий тадқиқотни талаб қилади, албатта.

 

    Ўз даврида ушбу нодир асарга С.П.Толстов юксак баҳо берган эди: “Берунийнинг дунё халқларининг сана ҳисоблари тўғрисида ҳикоя қилувчи “Ал Осор ал-Боқия” деган дастлабки асарларидан бири бизнинг замонамизга қадар етиб келган. Хоразмлик олимнинг фавқулодда кўп нарсани билишидан далолат берувчи бу асари турли халқларнинг маданияти, фалсафаси, астрономия ва дин тўғрисда маълумот берувчи чинакам хазинадир”.

 

 

    Демакки, жаҳон цивилизацияси равнақига ўзининг йирик илмий кашфиётлари билан салмоқли ҳисса қўшган, Ўрта Осиё биринчи Уйғониш (Ренессанс) даврининг йирик намояндаси, қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асаридаги бой этнографик маълумотлар ўзбекларнинг тарихи, келиб чиқиши (этногенези), этник тарихи ва этномаданиятини янада теранроқ ўрганиб, янада салмоқли ва тўлақонли илмий-тадқиқотлар яратишда энг қимматли ва ноёб манбалардан бири саналади.

 

Дурдона Расулова

 

P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.