"Абушқа" — Навоий асарларини англаш калити
“Абушқа” Алишер Навоий асарлари учун “Туркий-чиғатойи” луғати
Санкт-Петербург, Россия Миллий кутубхонаси, Dorn 594
1560, Истанбул.
Алишер Навоий асарлари учун луғатлар тузиш турли сулолалар даврида амалга оширилган. Хусусан, сафавийлар, устонийлар, бобурийлар ва бошқа сулолалар даврида Навоий асарларини тушуниш учун кўплаб луғатлар туғилган. Усмонийлар даврида 1560 йилда Истанбулда тузилган бу луғат шартли равишда “Абушқа” деб номланади. Чунки китоб айнан чиғатой туркчасидаги “Абушқа” сўзини изоҳлаш билан бошланади. Асар муқаддимаси эски ўзбек тилида ёзилган бўлса-да, унда эски ўзбек тилидаги минглаб сўзларнинг усмонли туркчасидаги муқобиллари келтирилган.
Айни пайтда ушбу қўлёзма Санкт-Петербургдаги Россия Миллий кутубхонасида, Дорн тўпламида №594 рақами остида сақланади. Эътиборлиси шундаки, мазкур асарнинг дебочаси айнан навоий услубида, эски ўзбек тилида битилган.
"Абушқа" — Навоий асарларини англаш калити
Алишер Навоий асарларини чуқур тушунишни истаганлар учун муҳим манба бўлган «Абушқа» луғати XVI асрда Туркияда тузилган изоҳли луғатлардан бири ҳисобланади. Муаллифи номаълум бўлган бу асар ўзбек адабиёти ва тилшунослигида муҳим ўрин тутади.
Луғатнинг «Абушқа» деб номланиши унинг айнан шу сўздан — яъни эски ўзбек тилидаги “кекса”, “қари”, “нуроний” маъноларини англатувчи сўздан бошланиши билан боғлиқ. Ушбу луғатда нафақат Навоийнинг ўзига хос услуби, балки у яшаган даврнинг тили ва маънавий муҳити акс этган.
Қизиқарлиси, луғатда Алишер Навоий асарлари билан бир қаторда унинг замондошлари томонидан ёзилган асарлардан ҳам мисоллар келтирилган. Бу эса “Абушқа”нинг фақатгина бир шоир ёки бир тилга эмас, балки бутун бир даврнинг адабий муҳитига хизмат қилганини кўрсатади.
“Абушқа”ни тузишда XV асрда ҳиротлик Толеъ Имоний томонидан ишлаб чиқилган ўзбекча-форсча "Бадоеъ ул-луғат" луғатидан кенг фойдаланилгани ҳам унинг илмий асосларга таянганлигини англатади. Бу луғат ўз замонида Навоий ижодини форс тилида англаш истагида бўлганлар учун кўп кўмак берган.
“Абушқа” илк бор 1862 йилда Будапештда шарқшунос Арминий Вамбери томонидан Венгрияда нашр этилган. Кейинчалик, рус шарқшуноси В. Вельяминов, Зернов уни Россияда "Ал-луғат ун-Навоий вал-истишҳодот илчиғатоия" — "Чиғатой тилидан шоҳидлик келтирувчи Навоий луғати" номи остида чоп этди. Бу таҳрир луғатни кенг халқаро илм-фан майдонига олиб чиқди.
Ҳозирги кунда “Абушқа” луғати ўзбек тилининг бойлиги, Навоийнинг тили ва бадиий услубини англашда бетакрор манба сифатида қимматлидир. У нафақат тилшунослар, балки адабиётшунослар, тарихчилар ва кенг китобхонлар қатлами учун ҳам муҳим қўлланма ҳисобланади.
Дурдона Расулова
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
