“Маърифат карвони” доирасида мамлакат олимларининг илмий-амалий семинари бўлиб ўтди

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Тамаддун, маданият ва маърифат” мавзусида республика бўйлаб ўтказилаётган “Маърифат карвони” илмий-маърифий тарғибот тадбирлари доирасида Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон олимлари иштирокида республика илмий-амалий семинари ўтказилди. Унда Ўзбекистон олимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва бошқа қатор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

 

Мазкур илмий-амалий семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларини бойитиш ва бу борадаги ишларни янада жадаллаштиришда республика олимларининг фикр- мулоҳазаларини тинглаш учун ташкил этилди. Семинарда “Цивилизациялар-шахслар-кашфиётлар” Концепцияси асосида 5 бўлим, жумладан, “Исломгача бўлган давр”, “Қуръони карим зали”, “Биринчи Ренессанс”, “Иккинчи Ренессанс даври”, “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” каби ва 9 йўналиш доирасида 800 дан ортиқ илмий инновацион лойиҳалар бўйича фикр алмашилди, баҳс-мунозаралар олиб борилди.

 

Тадбир аввалида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ўтган йил мамлакатимизда илк бор ўтказилган олимлар форумига тўхталди:

 

– Ўтган йилги Олимлар форумида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома йўллаган эдик. Ушбу мурожаатномада биз, олимлар, буюк ғоялар асосида минтақадаги ўхшаши йўқ мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш ва уни мазмунли контент билан бойитиш борасида фидокорона меҳнат қилишга ваъда берган эдик. Бугун бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида нуфузли тадбирлар жумладан, халқаро илмий конгресс ташкил этилди, унда 40 га яқин давлатдан 400 дан ортиқ етук олимлар иштирок этди. Улар ўз билим ва тажрибалари билан фаол иштирок этдилар. Ушбу жараёнлар давомида Марказ ҳузурида Илмий кенгаш тузилди. Ҳозиргача Кенгаш доирасида ташкил этилган учрашувлар натижасида Марказ контентини бойитиш мақсадида ишлар қизғин давом этмоқда.

 

Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Отабек Ҳасанов “Маърифат карвони” лойиҳаси бутун республика бўйлаб фаолият юритаётган олимларни бирлаштиришни мақсад қилганини таъкидлади:

 

– “Маърифат карвони” лойиҳаси бутун республика бўйлаб фаолият юритаётган олимларни бирлаштиришни мақсад қилган. Ушбу ташаббус доирасида ўтказилган тадбирларда мингдан ортиқ олим ва икки мингга яқин тадқиқотчилар фаол иштирок этди. Мисол тариқасида, Андижонда ташкил этилган учрашувда биз Бобурийлар бўлимининг тақдимотини ўтказдик. Ушбу тадбир давомида 50 га яқин инновацион ва илмий таклифлар келиб тушди. Эътиборли жиҳати, “Маърифат карвони” доирасида биринчи марта ташаббускорларнинг реал таклифлар билан чиқиши кузатилди. Эндиликда биз, кутубхоналар фаолиятини яхшилаш, илмий тадқиқотларга кўмаклашишга қаратилган лойиҳалар учун грантлар ажратиш йўлга қўйилиши режалаштирилган.

 

Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими Шайх Абдулазиз Мансур Марказ экспозициясининг энг муҳим қисми – Қуръони карим зали бўйича ўз фикрларини билдирди:

 

– Ислом цивилизацияси марказининг асосий бўлимларидан бири ҳисобланган Қуръони карим залига 114 та Қуръон қўлёзмаси жойлаштирилади. Бу рақам бежиз танланмаган – у Қуръони каримдаги суралар сонига тўғри келади. Мазкур қўлёзмалар — буюк аждодларимиз томонидан ўз қўллари билан кўчириб ёзилган нодир манбалар бўлиб, уларнинг аксарияти босма имкониятлар мавжуд бўлмаган даврларга тааллуқли. Ўша пайтларда Қуръонни кўчириш, тарқатиш, ва уни сақлаш ишлари ана шундай қўлёзмалар воситасида амалга оширилган. Ўзбекистон бугунги кунда ислом оламида ўзининг алоҳида ўрнига эга. Бу, аввало, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Қаффол Шоший каби аллома ва муҳаддисларимизнинг илмий мероси билан боғлиқ. Қуръон залининг асосий ғояси — юртимизда ислом дини кириб келган даврдан тортиб, бугунги кунгача бўлган жараёнларни кенг оммага намойиш этишдир.

 

Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Жаннат Исмоилова Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳақида гапирди:

 

Яқин орада нафақат ўзбек халқи, бутун ислом олами айниқса, ёш авлод учун муҳим аҳамиятга эга бўлган Ислом цивилизацияси маркази очилиши кутилмоқда. Бу маскан нафақат тарихий  меросимизни сақлаш, балки уни чуқур ўрганиш, халқимизга ва жаҳон ҳамжамиятига намойиш этиш учун муҳим пойдевор бўлади. Марказ очилиши мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан режалаштирилган. Бугунги кунда Марказда жадал ишлар олиб борилмоқда. Экспонатлар, яъни тарихий буюмлар ва артефактлар, фақат мавжуд фондлардан эмас, балки хориждаги аукционлар ва хусусий коллекциялардан ҳам йиғилмоқда. Бу эса вақт, изланиш ва музокараларни талаб қилади. Айниқса, чет элларга олиб чиқиб кетилган бебаҳо тарихий бойликларимизнинг бир қисмини қайтариш йўлида катта меҳнат қилинмоқда.

Бу жараён – оддий экспозиция тайёрлаш эмас. Ҳар бир буюмнинг илмий изоҳи, тарихий давр ва маданият билан боғлиқлиги чуқур ўрганилмоқда. Чунки бу Марказ орқали биз ўз тарихимизни ҳақиқатга асосланган, чуқур ва асосли тарзда тақдим этмоқчимиз. Шу боис ҳозирда юзлаб олимлар, реставраторлар, дизайнерлар ва мутахассислар биргаликда ишламоқда. Шу билан бирга, олиб борилаётган семинарлар ҳам умумий ишнинг муҳим бир қисми ҳисобланади. Бу семинарлар орқали Марказ таркибида ишлаётган бўлимлар ўзаро тажриба алм ашмоқда, экспозиция мазмунини бойитиш юзасидан илмий ва методик маслаҳатлар берилмоқда.

 

Ўзбекистон Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева мегалойиҳада ташкил этилаётган кутубхона янгиликлари билан таништирди:

 

– Ҳозирги пайтда кутубхона йўналишидаги лойиҳалар устида фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, кўзи ожиз кутубхонлар учун аллақачон 80 та Брайл ёзувидаги китоблар нашр қилинмоқда. Бунда кўзи ожиз фойдаланувчиларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжи қондириш мақсад қилинган. Бу орқали уларнинг жамиятдаги фаоллиги ва билим олиш имкониятлари янада кенгаяди. Айни пайтда, Президентимиз ташаббуси билан барпо этилаётган Марказда ташкил қилинаётган кутубхона эса юртимиздаги энг йирик ва кўламли маънавий-маърифий лойиҳалардан бири саналади. Бу кутубхона нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ҳудудидаги энг бой илмий ва диний манбаларга эга бўлган замонавий ахборот марказига айланиши кўзда тутилган. Унинг фондида ислом илм-фани, тарихи, фалсафаси, санъатига оид ноёб қўлёзмалар, нодир асарлар, рақамлаштирилган манбалар жамланади. Шунингдек, бу кутубхона замонавий технологиялар билан жиҳозланади, фойдаланувчиларга онлайн хизматлар, рақамли кутубхона имкониятлари, илмий изланишлар учун қулай шароитлар яратилади. Айниқса, ёш тадқиқотчилар ва талабалар учун бу илм ўчоғи муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 29 январь куни Марказга ташрифи давомида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан бирга илмий-ижодий, илмий-инновацион лойиҳалар билан танишиб, истиқболдаги вазифалар бўйича бир қатор топшириқлар берган. Хусусан, Давлат раҳбари Марказ ички контенти ҳам бинонинг ташқи маҳобатидан кам бўлмаслигини алоҳида қайд этган ҳолда Концепция доирасида муҳим ташаббусларни илгари сурган.


Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳларнинг 300 дан ортиқ, Илмий кенгашнинг 18 та муҳокама йиғилишлари ўтказилди. 2000 дан ортиқ маҳаллий ва хорижлик олимлар, рассомлар, дизайнерлар, ҳунармандлар ва бошқа қатор мутахассисларни бир мақсад йўлида бирлаштирган мазкур кенг қамровли илмий-инновацион лойиҳаларнинг техник топшириқлари муҳокамадан ўтказилди.

 

Ўзбекистон олимлари республика илмий-амалий семинарини ўтказишдан мақсад Марказ фаолиятини такомиллаштириш борасида белгиланган мақсад ва вазифалар ижросини янада жадаллаштириш, Марказ музейи экспозициялари бўйича республика олимлари фикр-мулоҳазалари, таклифларини инобатга олиш ҳамда экспозицияда жорий этишни таъминлашдан иборатдир.

 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган, тарихимизда илгари бўлмаган улкан ва ноёб мегалойиҳа бой маънавий меросни тарғиб этишга қаратилган бўлиб,  Марказ мамлакатимиз тарихи ва маданиятига, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини асраб авайлаш ва бойитиш, шу асосда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, жамиятнинг моддий ва маънавий тараққиётига ҳисса қўшиш муҳим аҳамият касб этади.