ICESCO раҳбари: “Ўзбекистон тажрибасини бошқа ислом мамлакатларида ҳам қўллаш мақсадга мувофиқ”

 

Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти  (ICESCO) раҳбари Салим ибн Муҳаммад Ал-Малик ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот давомида ICESCO билан ҳамкорликда Ислом цивилизацияси марказининг очилиш маросимига тайёргарлик кўриш, шунингдек, Имом Бухорий ҳаёти ва меросига бағишланган халқаро конференция ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги мегалойиҳа ҳамда Имом Бухорий инновацион музейининг очилиш маросимини юқори даражада ўтказиш, ислом оламидаги энг йирик ташкилотлар, таълим ва тадқиқот марказлари раҳбарлари, йирик олимлар ва мутахассислар иштирокини таъминлаш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Маълумки, жорий йил Салим ибн Муҳаммад Ал-Малик Тошкентга ташрифи чоғида Ислом цивилизацияси маркази қурилиши ва марказ лойиҳалари билан танишган эди: 

 

— Ўзбекистонга сафарим пайтида юртингизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан исломий меросни асраш ва тарғиб этишга катта эътибор қаратилаётганига ишонч ҳосил қилдим. Бу тажрибани бошқа ислом мамлакатларида ҳам қўллаш мақсадга мувофиқдир. Биз Ўзбекистонда ташкил этиладиган йирик анжуманда юртингиздан етишиб чиққан буюк аллома Имом Бухорий меросини ўрганиш борасида сўнгги йилларда қўлга киритилган ютуқларга эътибор қаратмоқчимиз, — деди ICESCO раҳбари.

 

Салим ибн Муҳаммад Ал-Малик май ойида Ўзбекистонга ташрифида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан янгидан қурилаётган Имом Бухорий мажмуаси ҳамда мажмуа ҳудудида барпо этилаётган инновацион музей билан танишар экан, фаолияти ҳадис илми ва Имом Бухорийнинг меросини тадқиқ қилиш ва тарғиб қилишга қаратилган Шайх Носир аз-Заҳронийни Ўзбекистонга таклиф қилиш каби қатор ташаббусларни илгари сурган эди.