Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш эмас, балки олдини олиш устувор

Коррупцияга қарши курашиш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири саналади. Буни Президентимиз раислигида ва халқ вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Коррупцияга қарши кураш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилиши мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хусусан, охирги етти-саккиз йил давомида Президентимиз томонидан жамиятда энг кўп ва қизғин муҳокама қилинадиган коррупцияга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик баъзаси такомиллаштирилди, парламент палаталарида ушбу йўналишга масъул бўлган қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ташкил этилгани қисқа вақт ичида ўзининг ижобий натижасини берди.

Президентимиз томонидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида бир қатор устувор вазифа ва ташаббуслар илгари сурилди. Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари таркиби тўлиқ янгиланиб, уларга илгаригидек ҳокимлар эмас, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раислари раҳбарлик қилиши таклиф этилди. Ҳудудий кенгашлар халқ орасига тушиб, коррупциявий омилларни аниқлаши, уларга барҳам бериши учун қайси қонунни ўзгартириш зарур, деган саволларга жавоб топиши кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан ижтимоий йўналишдаги ишлар энди туман ва маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш, коррупциянинг олдини олиш бўйича ҳам жорий қилиниши айтиб ўтилди. Сабаби — жиноятчилик жилови маҳкам бўлган хавфсиз жойга инвестор кўпроқ маблағ киритади, одамларимизнинг ишончи янада ортади.

Яна бир муҳим ташаббус бу халқимиз ва жамоатчилик фаоллари томонидан узоқ кутилган мавзу – давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилишни тезлаштириш таклифидир. Президентимиз мутасаддиларга тез фурсатда ушбу қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйиб, 1 апрелгача киритишни топширди.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда ноқонуний бойлик орттириш учун жавобгарлик масаласини ҳам ўйлаб кўриш зарурлиги таъкидланди. Яъни, давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлаши керак бўлади. Шу боис бу борада халқаро андоза ва нормаларни ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз бошчилигида коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар натижаси таҳлил қилиниб, галдаги вазифаларнинг белгиланиши, мамлакатимизда бу борада бошланган ислоҳотлар ҳеч қачон ортга қайтмаслигидан далолатдир. Энди Янги Ўзбекистонда коррупцияни бартараф этиш эмас, унинг олдини олиш муҳим вазифа ҳисобланади.