Ислом цивилизацияси маркази ва нуфузли аукцион уйлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунёдаги энг йирик ва нуфузли аукцион уйлари — Буюк Британияда жойлашган “Christie’s” ва “Sotheby’s” билан ҳамкорликни янги, стратегик ривожланиш босқичига олиб чиқмоқда. Ушбу ҳамкорлик маданий меросни асраб-авайлаш, уни халқаро миқёсда намоён этиш ва ўзбек халқининг бой тарихи ҳамда санъатини жаҳон ҳамжамиятига танитишда муҳим қадам ҳисобланади.
Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов “Sotheby’s” вакиллари — Марям Кало, Эдвард Гиббс ва Бенедикт Картер, ҳамда “Christie’s” вакиллари — Марго Оганесян ва Сара Памбли билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар давомида ҳамкорлик истиқболлари, аукцион фаолиятидаги ўзаро алоқалар ва Ўзбекистон маданий меросига тааллуқли тарихий артефактларни юртимизга қайтариш масалалари муҳокама қилинди.
2025 йил 29–30 апрель кунлари “Sotheby’s”да ўтказилган савдоларда Ўзбекистон маданий меросига оид 34 та лот танлаб олинди. Шунингдек, 1 май куни “Christie’s” аукционида 14 та тарихий артефакт бўйича таклифлар берилди ва уларни расмий харид қилиш юзасидан келишувларга эришилди. Мазкур лотлар Ислом цивилизацияси маркази экспозициясига қўшилиши режалаштирилган.
Иккала аукцион уйи ҳам Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда хайрия аукционлари ташкил этиш ташаббусини билдирди. Жорий йилнинг сентябрь ойида “Christie’s” билан ҳамкорликда ўтказиладиган халқаро хайрия аукционида тарихий буюмлар ҳомийлар томонидан харид қилиниб, марказга ҳадя қилинади. Шунингдек, “Sotheby’s” ҳам Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиши муносабати билан махсус хайрия аукциони ўтказишни режалаштирмоқда.
Томонлар марказ делегациясининг Буюк Британияга ташрифини ҳам режалаштиришди. Ташриф доирасида “Christie’s” ва “Sotheby’s” фаолияти билан яқиндан танишиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва "Ўзбекистон меросига оид артефактлар кўргазмасини" ташкил этиш кўзда тутилган.
Ислом цивилизацияси маркази ва мазкур аукцион уйлари ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш, глобал платформаларда уни намойиш этиш ва унинг аҳамиятини халқаро жамоатчиликка етказиш учун кенг имкониятлар яратади. Бу ҳамкорликлар нафақат маданий мулкларни қайтариш, балки уларни илмий ва экспозицион жиҳатдан тадқиқ этиш, улар орқали миллий тарихни дунёга танитишга хизмат қилади.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
