Артефакт. Икки илон шаклидаги гиря

 

    Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясидан ўрин олиши кутилаётган артефакт 1894 йилда  Фарғона вилояти Сўх тумани Тул қишлоғи яқинидаги Муғтепа мавзесида аниқланган бўлиб, илмий адабиётларда Сўх топилмаси номи билан аталади. Топилма хризотилдан ишланган, баландлиги 27 см, эни 24 см, йўғонлиги 4.5 см, оғирлиги 4.806 кг ни ташкил этади. 

 

    Ҳозиргача баҳс мунозараларга сабаб бўлаётган ушбу топилманинг ёши эр. ав. III-II мингйилликка тўғри келади. Ўтган вақт мобайнида топилманинг келиб чиқиши ва функционал вазифаси тўғрисида турли фикрлар билдирилгани ҳолда, ҳозиргача олимлар ўртасида бу борада якдил қараш мавжуд эмас. Маданиятлар ўртасидаги ўзаро алоқалар ва миграциялар натижасида бу каби буюмлар теварак ҳудудларга ҳам ёйилади.

 

    Мазкур жараёнларнинг узоқ вақт давом этиши туфайли, буюмларнинг дастлабки  вазифаси ва ғояси буткул ўзгаришларга учрайди. Бу каби тош буюмлар аввалига оддий думалоқ шаклдан иборат бўлган. Кейинчалик эса, санъат даражасига кўтарилиб, юқоридаги каби кўринишда ишлов берилган.

 

    Маълумот учун, "гиря" — бу махсус шаклга ва ўзига хос кўриниш хусусиятига эга бўлган, маълум бир оғирликдаги махсус тайёрланган буюм ҳисобланади. “Гиря” атамасининг талқини рус луғатларида XVII аср бошида пайдо бўлган ва баъзи мутахассисларнинг фикрига кўра форс тилида “геран” – “вазн” сўзидан келиб чиққан. Бундай тош буюмлар Фарғона водийси ҳудудида қадимги даврда – энеолит ва илк бронза даврида яшаб фаолият юритган дастлабки деҳқон жамоалари томонидан оғирлик ўлчови сифатида фойдаланилган.