АҚШда сақланаётган Шарқ адабий меросига оид ноёб манба
Ўз даврида тарихчилар учун илмий асос бўлиб хизмат қилган, Эрон ва Турон ҳудудлари, араб халифалиги, сомонийлар, салжуқийлар ва ғазнавийлар сингари давлатлар тарихи чуқур таҳлил этилган шарқ адабий меросининг бир нодир қўлёзма нусхаси айни пайтда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳридаги Давлат Санъат музейида сақланмоқда. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази айни пайтда ушбу ноёб манбани юртга қайтариш ҳаракатида...
Бу ноёб манба машҳур тарихчи Ҳофизи Абру (1360–1431) томонидан ёзилган “Мажмаъ ут-таворих” асарининг қўлёзма нусхасидир. Мазкур асарнинг бир нодир қўлёзма нусхаси ҳозирги кунда АҚШнинг Лос Анжелес шаҳрида жойлашган Давлат Санъат музейида, Nasli M. Heeramaneck коллекциясида сақланмоқда. Бу нусха 1425 йилда, Ҳиротда яратилган бўлиб, ўша даврдаги илмий ва санъат даражасини акс эттиради.
Ислом тарихи ва Марказий Осиё ҳудудидаги даврий воқеаларни ўрганишда муҳим манба ҳисобланган бу асар тахминан 1414 йили тугалланган. “Мажмаъ ут-таворих” асари темурийлар даврининг илмий ва маънавий ҳаётининг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилади.
Ҳофизи Абру асари тўрт қисмдан иборат бўлиб, унинг мазмуни ислом олами ва минтақавий давлатлар тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Асарда Эрон ва Турон ҳудудлари, араб халифалиги, сомонийлар, салжуқийлар ва ғазнавийлар сингари давлатлар тарихи чуқур таҳлил этилган. Хусусан, Амир Темур ва темурийлар сулоласи давридаги муҳим воқеаларга алоҳида эътибор қаратилгани асарнинг аҳамиятини янада оширади.
“Мажмаъ ут-таворих” нафақат ўз давридаги, балки кейинги тарихчилар учун ҳам илмий асос бўлиб хизмат қилган. Хусусан, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъус-саъдайн” ва Мирхонднинг “Равзатус-сафо” каби машҳур тарихий манбалар айнан Ҳофизи Абру асаридан илҳомланган ҳолда яратилган.
Ушбу асарнинг бир саҳифаси Лондонда ўтказилган аукцион савдолари орқали Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази экспозициясига келтирилиши кутилмоқда.
Ҳофизи Абрў – Темурийлар даврининг машҳур тарихчиси ва географи
Ҳофизи Абру, тўлиқ исми Шаҳобуддин Абдуллоҳ ибн Лутфиллоҳ ибн Абдуррашид ал-Ҳавофий, 1361/62 йили Ҳиротда туғилиб, 1430 йили Занжонда вафот этган машҳур тарихчи ва географ ҳисобланади. У Амир Темур ва унинг ўғли Шоҳрух саройларида тарихнавис сифатида фаолият юритган.
Ҳофизи Абрунинг асарлари орасида «Зайли Зафарномаи Шомий», «Зайли Жомиъ ут-таворих», «Тарихи Ҳофизи Абру», «Мажмуа ат-таворихи султония» ва «Зубдат ут-таворихи Бойсунқурий» каби тарихий ва тарихий-географик асарлар бор.
«Зайли Зафарномаи Шомий» асари Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома»сига илова сифатида ёзилган бўлиб, 1405 йилгача бўлган тарихий воқеаларни ўз ичига олади. «Зайли Жомиъ ут-таворих» эса Рашидуддин Фазлуллоҳнинг машҳур «Жомиъ ут-таворих» асарининг давоми бўлиб, Эроннинг 1304–1370 йиллар оралиғидаги тарихини баён этади.
Ҳофизи Абрунинг шоҳ асари
«Тарихи Ҳофизи Абру» номли тарихий-географик асари дунёнинг доира шаклидаги харитаси билан ажралиб туради. У ерда градус тўри чизилган бўлиб, географлар ушбу асарни Ҳофизи Абрунинг шоҳ асари деб ҳисоблайдилар. Бу асарда ер юзидаги сувлар, тоғ-тошлар, мамлакатлар ва улардаги шаҳар-қишлоқлар, шунингдек Форс, Кермон, Хуросоннинг батафсил географияси ва тарихи, Мовароуннаҳрнинг географик хусусиятлари баён этилган. Самарқанд, Бухоро, Кеш, Нахшаб, Термиз каби шаҳарлар ҳамда Жайҳун, Сайҳун, Мурғоб ва бошқа дарёлар, мамлакатлар ва вилоятларнинг кенглик ва узунликлари кўрсатилган, шунингдек, масофалар ва майдонларни изоҳловчи фарсанг, ойлик йўл ва кунлик йўл каби бирликлар берилган.
1423-1427 йилларда ёзилган «Мажмуа» (яъни «Тўплам») асари Шоҳрух салтанати тарихини 1417 йилги воқеалар билан якунлайди. Унинг тўртинчи жилди бўлган «Зубдат ут-таворихи Бойсунқурий»да тарихий воқеалар 1417 йилгача етказилган. Ҳофизи Абрунинг асарларида ижтимоий-иқтисодий маълумотлар, бизгача етиб келмаган бошқа асарлардан парчалар ҳамда муаллифнинг ўз даврига оид хабарлари кенг жой олган.
Шунингдек, Ҳофизи Абрунинг қўлёзма асарлари Санкт-Петербург, Оксфорд ва Тошкентнинг йирик кутубхоналарида сақланади.
Дурдона РАСУЛОВА
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
