Тиббий энциклопедиялар эраси Нотилийдан бошланадими?
Бугун интернет орқали биргина сўров билан юзлаб дорилар, уларнинг таъсири ва ножўя ҳолатлари ҳақида маълумот топиш мумкин. Сунъий интеллект орқали беморнинг ҳолатига қараб керакли тавсиялар олиняпти, замонавий тиббиёт эса миллиардлаб инсонлар ҳаётини узайтиришга хизмат қилмоқда. Тиббиётда энциклопедик ёндашув аслида қачондан бошланган? Абу Али ибн Синодан аввал тиббиётнинг асослари бўлмаганми? Инсоният тафаккури тиббиётнинг бугунги даражасига қандай етиб келди?
Шу саволларга жавоб излаб, ортга — Х асрга, илм-фан заминини яратган буюк тафаккур соҳиблари томон юзланамиз. Уларнинг орасида бир буюк аллома бор — кўпчилик учун унинг исми унутилган, аммо илм олами аҳли учун бебаҳо ҳисобланади: Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайн ибн Иброҳим ат-Табарий ан-Нотилий. Бу буюк шахс Абу Али Ибн Синонинг илмга кириб келишида ҳал қилувчи ўрин тутади. Айнан ан-Нотилий унинг ўқитувчиси, фалсафа ва мантиқ асосларини ўргатган устозларидан бири бўлган. Шу билан бирга, тиббиёт тарихида энциклопедик тафаккурни шакллантирган пешқадамлардан бири ҳисобланади.
Ан-Нотилий милодий I асрда яшаган машҳур юнон табиби Дисқиридус Педанийнинг юнон тилидаги “Materia Medica” китобини араб тилига таржима қилиб, уни араб олимларига етказди. Натижада, илгари фақат оғзаки ўтилган ва тартибсиз бўлган тиббий билимлар энди ёзма, аниқ ва тушунарли ҳолга келди. Бу ишлар айнан Нотилий каби олимлар туфайли бошланган.
Бугун биз ушбу аллома ҳақида ёзилган саҳифаларни варақларканмиз, фақат тарих эмас, балки ўзлигимизни, илмга бўлган қадимий қарашларимизни қайтадан англаймиз.
Тарихий манбаларга кўра, ан-Нотилий табиатшунослик ва тиббиёт соҳаларида ҳам мустақил асарлар ёзган. Бу асарлар исломий тиббиётнинг илмий асосларга таянган ҳолда шаклланишига ёрдам берган. Унинг ҳаёти ва фаолиятининг кўпгина жиҳатлари ҳалигача етарлича ўрганилмаган бўлса-да, мавжуд тарихий маълумотлар ва асарлар таҳлили у ҳақида чуқур илмий хулосалар чиқариш имконини беради.
Ан-Нотилий фаолият кўрсатган давр, яъни Х аср, ислом цивилизациясида илм-фаннинг жадал ривожланган, Байт ал-Ҳикма, Самарқанд, Бухоро ва Нишопур каби марказларда илмнинг гуллаб-яшнаган даври ҳисобланади. Ушбу маданий муҳитда вужудга келган олимлар орасида ан-Нотилийнинг ўрни алоҳида бўлиб, у қадимги юнон илмларини исломий эътиқод доирасида қайта жонлантириш ва уларни шарқ уламоларига етказишда воситачи вазифасини ўтаган.
Машҳур тарихчи ва биобиблиограф Ибн ан-Надим ўзининг асарида юнон илмларини араб дунёсига олиб кирган олимлар орасида ан-Нотилийнинг номини ҳам тилга олади. Шунингдек, Ибн Синонинг ўз автобиографик маълумотларида ан-Нотилийдан фойдалангани ҳақида келтирган маълумотлари бу олимнинг нақадар буюк устоз сифатида тан олинганини тасдиқлайди.
Ан-Нотилийнинг ҳаёти ва фаолияти ислом илм-фан тараққиётида таржима мактабларининг ўрнини, юнон манбаларининг қайта тикланишини ва илм аҳли ўртасидаги устоз-шогирд муносабатининг қанчалик муҳим бўлганини яққол кўрсатиб беради. Унинг илмий мероси нафақат ўз даврида, балки кейинги асрлар илм соҳаси учун ҳам улкан илҳом манбаи ҳисобланади.
Ан-Нотилий ҳаёти ва замонавий ижтимоий-маданий муҳит
Абу Абдуллоҳ ал-Ҳусайн ибн Иброҳим ат-Табарий ан-Нотилий Х асрда яшаган йирик олимлардан биридир. Унинг туғилган жойи ва аниқ ҳаёти ҳақида тўлиқ маълумотлар сақланмаган бўлса-да, у ўз фаолиятини кўпроқ Хуросон, айниқса, Бухоро ва унга яқин илмий марказларда олиб боргани ҳақида маълумотлар бор. Бу давр – мусулмон Шарқида илм-фан, фалсафа ва тиббиёт соҳаларининг жадал тараққий этган даври бўлиб, ан-Нотилий ҳам айни шу илмий муҳитнинг етук вакилларидан бири сифатида намоён бўлган.
Х аср — мусулмон цивилизациясининг "Олтин даври" дея таърифланадиган даврдир. Бу даврда илм-фан, тиббиёт, фалсафа, математика, кимё ва бошқа фанлар мислсиз даражада ривож топди. Халифа ал-Маъмун (813–833) томонидан Бағдодда ташкил этилган "Байт ал-Ҳикма" (Донишмандлар уйи) маркази бу юксалишнинг муҳим марказига айланган эди. Бу илмий муҳитда қадимги юнон, ҳинд ва форс манбалари араб тилига таржима қилиниб, уларнинг илмий-маънавий бойликлари қайта таҳлил қилинди. Мазкур ҳаракатда фақат Бағдод эмас, балки Бухоро, Самарқанд, Рай, Исфаҳон, Нишопур каби шаҳарларда ҳам йирик илмий мактаблар шаклланди.
Манбаларга кўра, (Nasr, S.H. Sciyence and Civilization in Islam, Harvard University Press) айнан шу даврда яшаган олимлар орасида ан-Нотилий ўзининг кенг қамровли билим доираси, қадимги юнон табобатини араб дунёсига етказган таржимонлиги ва айниқса, буюк табиб Ибн Синога берган таълими билан ажралиб туради. Ан-Нотилий илм-фан, тиббиёт ва фалсафа соҳаларида чуқур из қолдирган бўлиб, у нафақат ўз даврининг, балки кейинги авлодлар учун ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилган.
Шундай қилиб, ан-Нотилийнинг ҳаёти ва фаолияти ислом уйғониш даврининг илмий-фалсафий тараққиётида ўзига хос ўрин тутади. У фаолият юритган давр ва муҳитни таҳлил қилиш орқали биз нафақат унинг шахсий ютуқларини, балки Шарқ цивилизациясининг умумий илмий ривожланишини ҳам чуқурроқ англашимиз мумкин.
Илмий фаолияти ва асосий йўналишлари
Ан-Нотилий ўзининг илмий фаолиятида бир нечта йўналишда самарали ишлаган. Энг аввало, у қадимги юнон илмларини араб тилига таржима қилиш ва уларни шарҳлаш билан шуғулланган. Шу билан бирга, у тиббиёт, доришунослик, табиий фанлар, фалсафа ва мантиқ каби соҳаларда чуқур билимга эга бўлган.
Унинг энг муҳим жиҳатларидан бири – ўша даврда мавжуд бўлган илмий кашфиётлар ва назарияларни, айниқса юнон фалсафасини мусулмон оламининг диний ва фалсафий қарашлари билан уйғунлаштиришга интилганидир. Бу жиҳатдан у ўз замонасининг илғор мутафаккири сифатида қадрланади.
“Китоб ал-Ҳашоиш” таржимаси ва унинг илм-фанга таъсири
Ан-Нотилий илм-фанга қўшган энг муҳим ҳиссаларидан бири бу –Дисқиридус Педанийнинг "De Materia Medica" асарини араб тилига таржима қилганидир. Бу асар араб тилида "Китоб ал-Ҳашоиш" (Дори воситалари) номи билан машҳур бўлган.
Дисқиридуснинг ушбу асари ўз ичига 750 га яқин доривор восита, уларнинг аксарияти – ўсимликлар ҳақида маълумот беради. Уларнинг 570 таси айнан ўсимликлар бўлиб, уларнинг хусусиятлари, етиштирилиши, шифобахшлиги ва қўлланилиш усуллари ҳақида аниқ тавсифлар берилган. Ан-Нотилий бу асарни таржима қилишда нафақат матнни сўзма-сўз таржима қилган, балки унга тушунарли изоҳлар, араб илмий мактабига мос шарҳлар ҳам қўшган.
Бу таржима орқали Ислом оламидаги табиблар ва доришунослар ушбу бебаҳо билимлардан кенг фойдалана бошладилар. Илгари "Байт ал-Ҳикма"да ишлаган таржимонлардан бири – Исти фан ибн Басил таржимасида кўплаб дорилар юнон тилидаги номда берилган бўлса, бу ан-Нотилий томонидан тўлиқ араблаштирилди. Бу эса илмнинг оммалашувига хизмат қилди.
Нотилийнинг таълимий услуби ва машҳур шогирди
Ан-Нотилий ўз даврининг машҳур устозларидан бўлган. У ёшларга, айниқса, истеъдодли ва илмга чанқоқ шогирдларга билим беришни ўзининг муқаддас бурчи деб билган. Унинг шогирдларидан энг машҳури бу – Абу Али ибн Синодир.
Ибн Сино ўзининг таржимаи ҳолида айтиб ўтганидек, отаси Абдуллоҳ ўз даврининг билимдон ва илмга ҳурматли кишиси бўлиб, ан-Нотилийни ўз уйига таклиф қилиб, унга ўғлини топширган. Ан-Нотилий Ибн Синога мантıқ, фалсафа ва бошқа назарий илмларнинг асосларини ўргатган. Бу Ибн Синонинг кейинги йилларидаги юксак илмий даражасига пойдевор бўлган.
Ан-Нотилийнинг таълим бериш услуби замонавий педагогик услубларга жуда яқин эди. У аввало назарий билимлар орқали фикрлашни ўргатган, кейин эса амалий машғулотлар орқали чуқурлаштирган. Шогирдининг салоҳиятини тўғри баҳолаб, унга эркин фикрлаш имкониятини берган.
Илмий мероси ва бугунги тадқиқотлар
Ан-Нотилий томонидан ёзилган асарларнинг баъзилари бизгача етиб келган бўлса-да, кўпчилиги ҳали чуқур ўрганилмаган. Айниқса, у томонидан ёзилган табиий фанларга оид асарлар бугунги кунда нодир қўлёзмалар шаклида баъзи Шарқ кутубхоналарида сақланмоқда.
Замонавий шарқшунос олимлар, тиббиёт тарихи бўйича мутахассислар ан-Нотилийнинг таржималари ва илмий изланишларини қадрлаб, уларни қадимги юнон илмларининг ислом оламига кириб келишида муҳим қадам деб ҳисоблайдилар.
Бугунги кунда ан-Нотилий меросини чуқур ўрганиш – Ислом уйғониш даври илмий мактабларини тиклаш, Ўрта аср Шарқида шаклланган билимлар тизимини англаш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Айниқса, у орқали Ибн Сино мактабининг илк босқичлари, ўша даврдаги устоз-шогирд анъаналари, илмий услублари ҳақида муҳим хулосалар чиқариш мумкин.
Ал-Фарғоний, Ибн Сино илмий мактабларининг пойдевори
Цивилизация тараққиётининг муҳим пойдеворларидан бири – бу илм-фан меросидир. Ислом цивилизацияси айнан ана шундай билим асослари билан жаҳонга танилган. Ан-Нотилий эса ушбу цивилизация пойдевори асосчиларидан бири сифатида эътироф этилади. Унинг юнон илм-фанини таржима қилиш, таҳлил этиш ва тизимлаштиришдаги беқиёс хизмати туфайли кейинчалик Ал-Фарғоний, Ибн Сино каби алломалар ўз илмий мактабларини шакллантира олдилар.
Цивилизация ютуқларининг замирида ана шундай тарихий шахслар фаолияти мужассам. Бугунги кунда ҳам уларнинг мероси долзарблигини йўқотмаган. Шу боис, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси экспозицияларида Ан-Нотилий ҳақида энг ноёб ва қизиқарли маълумотларга эга бўлишингиз мумкин.
Бугунги кунда унинг меросини чуқур ўрганиш, илмий муомалага олиб кириш, қўлёзмаларини нашр эттириш – нафақат тарихий хотира, балки замонавий илмий тараққиёт учун ҳам муҳим қадамлардан биридир.
Ҳусан ТУРСУНОВ
P/S:Мақоладан марказ расмий сайти ҳаволасини кўрсатган ҳолда фойдаланиш мумкин.
Кўп ўқилган

Ўзбекистонга оид 80 дан ортиқ тарихий артефакт юртимизга қайтарилиши режалаштирилмоқда

Ислом цивилизацияси маркази Илмий кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди

Каъбадан-да улуғ уй ҳақида...
